Хабар ва изоҳ

Америка-Эрон уруши ортида нима турибди?

Америка-Эрон уруши ортида нима турибди?

Ўзаро манфаатларнинг тугаши ва янги ҳукмронлик лойиҳаси

Сиёсий ва ижтимоий доираларда асосий бир савол қайта-қайта такрорланмоқда: нима учун Америка бугун Эронга зарба бермоқда? Ваҳоланки, бундан олдин ўнлаб йиллар давомида Эрон минтақадаги сиёсатнинг ажралмас қисми бўлиб келган бўлса?

Бу саволга жавоб бериш учун кенг тарқалган баёнотларни қайта кўриб чиқиш зарур. Эрон Америкага тўлиқ қарам давлат эмас, аксинча, у прагматик макон ичида унинг сиёсий орбитасида айланиб туради ва бу орқали минтақадаги ўз таъсирини кенгайтириш орзусини амалга оширишга ёрдам берувчи дастак олишга интилади.

XXI аср бошидан бери сиёсий ўзгаришлар, баъзан ҳисобга олинмаган бўлса ҳам Теҳрон учун кетма-кет имкониятлар яратди. Чунки Эроннинг манфаатлари Вашингтоннинг Афғонистон, Ироқ, Ливан, Сурия ва Яман каби майдонларда Эрон хизматларига бўлган эҳтиёжи билан уйғунлашган. Шундай қилиб, улар ўртасидаги муносабатлар тарихи ифлос келишувларга ва ўзаро манфаатларга тўла.

Бироқ ҳозир Америка минтақа бўйича ўз лойиҳаси пишиб етилди деб ҳисоблаб, янги босқичга кирган кўринади. Бу босқичда у Эроннинг таъсирини тўхтатишга қарор қилди, чунки унинг роли тугади. Бугун Америка тўғридан-тўғри ва тўлиқ ҳукмронлик ўрнатишга, шунингдек, ўнлаб йиллар давомида тўсиқларга учраб келган эски режасига мувофиқ Яқин Шарқ харитасини қайта чизишга интилмоқда.

Эрон Америкага хизмат қилиб, ундан кейин қурбон қилинган ва ахлатга улоқтирилган биринчи давлат эмас. Замонавий сиёсий тарих бундай мисолларга тўла.

Шундай мураккаб манзара қаршисида биз қувонамизми? Ёки ғазабланамизми? Ёки бўлаётган воқеаларнинг асл моҳиятини тушуниб, тўғри ҳаракат қилишни ўрганамизми?

Бу тўқнашувга нисбатан ёндашув ҳеч бир ҳолатда Эрон режимига хайрихоҳликдан келиб чиқмайди. Чунки бу режимнинг ўзи ўзгаргани йўқ ва ўзининг шармандали минтақавий тарихидан воз кечганини исботлайдиган ҳеч қандай далил ҳам кўрсатмади.

Бу режим Афғонистон ва Ироқда Американинг манфаатларига хизмат қилди. Сурияда Асад режимини қўллаб-қувватлашда иштирок этди. Яманнинг бўлинишида асосий рол ўйнади.

Асосий масалада, тўғрироғи, Ғаза масаласида бу режим бошқа режимлар каби ундан юз ўгирди. Ҳатто Ливандаги партиясини ҳам ўз тақдирига ташлаб қўйди. Қачонки пичоқ бўғзига етгандагина тўғридан-тўғри тўқнашувга киришга қарор қилди. Агар у урушдан музокаралар орқали қутула олганда эди, илгаригидек Америка билан пинҳона ҳамкорлигини давом эттирган бўларди.

Эронинг бундай шармандали тарихига қарамай, Америка олиб бораётган урушга нисбатан кенгроқ бурчакдан назар ташлаш керак. Чунки бу — исломий бир ҳудудга қарши қилинган тажовуздир. Бундан ҳам хатарлиси шундаки, бу ҳаракат шунчаки рақобатчиларни қулатишга чекланмаган, балки мисли кўрилмаган вайронкор мақсадларни ўз ичига олган америкача келажак лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Бу лойиҳани АҚШ маъмурияти (айниқса Трамп лойиҳаси) илгари сурмоқда. Унинг мақсади шунчаки ҳарбий ёки сиёсий устунлик эмас. Унинг асосий йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Фикрий ва психологик бўйсундириш. «Иброҳим дини» деб аталган нарсани янги сақофий йўналиш сифатида мажбуран сингдириш ва Исломга асосланган барча сиёсий уйғониш лойиҳаларини бутунлай тақиқлаш.
  • Географик ва демографик бўлиб ташлаш. Минтақани қайтадан сиёсий, мазҳабий ва этник бўлакларга бўлиб ташлаш. Унинг халқини, айниқса сунний кўпчиликни, ташқи тарафлар бошқарадиган муҳитда яшайдиган шунчаки бир мазҳабга айлантириш. Бу ташқи тарафларнинг бошида яҳудий вужуди туради.
  • Иқтисодий қуллик. Шом ва Яқин Шарқ минтақасини Америка капитали учун катта инвестиция ҳудудига айлантириш. Бу ерда минтақа халқи янги гегемония манфаатларига хизмат қиладиган шунчаки хизматчилар ва ишчиларга айланади.

Шунинг учун бу ҳолатни шунчаки «душман душманни енгяпти» деб изоҳлаш тор кўз қарашдир. Ҳақиқий ҳолат Вашингтоннинг тўлиқ ва тўғридан-тўғри ҳукмронлик ўрнатишга интилишида кўринади. Бунда яҳудий вужуди атрофдаги режимларнинг бўйин эгишидан фойдаланиб, ҳеч қандай жавобгарликни бўйинга олмасдан хоҳлаганини қилиш имкониятига эга бўлади.

Агар одамлар бу ҳодисани тўлиқ тушунишса, у ҳолда улар бир томондан қувониб масхара қилиш ва иккинчи томондан ачиниб йиғлаш ўртасидаги иккиёқламаликдан чиқиб, онгли даражага ўтадилар. Айнан мана шу онг ихлосли элиталарни ўз масъулиятини зиммасига олишга, ташаббусни қўлга олиб, бу режани амалга оширмасликка ундаши керак. Шунчаки дуо қилиш билан чекланиб: «Эй Аллоҳ, золимларни бир-бири билан уриштириб, бизни улардан қутқар» — деб қўйишнинг ўзи етарли эмас.

Аҳмад ал-Қасос

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button