Имом кофирларнинг эмас, мусулмонларнинг қалқонидир!

Имом кофирларнинг эмас, мусулмонларнинг қалқонидир!
Хабар: Қори Мишари Рошид ал-Афасий «X» платформасида шундай ёзув қолдирди:
«Имом — бу қалқондир… хавфсизлик — гувоҳдир. Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилганлар:
«إِنَّمَا الْإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ»
«Дарҳақиқат, Имом — бир қалқондирки, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бугунги кунда биз ушбу ҳадиснинг ҳақиқатини ҳаётда кўриб турибмиз: қалқон — бу паноҳ ва ҳимоя демакдир, у билан жамият омонликда бўлади ва юрт ҳимоя қилинади. Давлат амири айтганидек: “Мамлакатнинг ҳарбий ва фуқаролик тузилмалари ҳар қандай вазиятда сизларнинг хавфсизлигингиз ва осойишталигингизни таъминлаш учун юқори даражадаги ҳамжиҳатлик ва шайликда иш олиб бормоқда”. Тинчлик неъмати учун Аллоҳга шукрлар бўлсин. Итоат тартибни ўрнатади, мустаҳкам тартиб эса неъматни асрайди». (Мишари ал-Афасий)
Изоҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар:
«إِنَّمَا الْإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ، فَإِنْ أَمَرَ بِتَقْوَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ وَعَدَلَ كَانَ لَهُ بِذَلِكَ أَجْرٌ، وَإِنْ يَأْمُرْ بِغَيْرِهِ كَانَ عَلَيْهِ مِنْهُ»
«Дарҳақиқат, Имом — бир қалқондирки, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади. Агар у Аллоҳ Таолога тақво қилишга буюриб, адолат қилса, бу иши учун унга ажр-мукофот бўлади. Агар бундан бошқасига буюрса, унинг гуноҳи ўз зиммасига тушади». (Муслим ривояти).
Имом ан-Нававий «Саҳиҳи Муслим»га берган шарҳида шундай дейилади: «У зот ﷺнинг “имом қалқон” деган сўзлари “паноҳ” деган маънони англатади. Зеро, имом душманнинг мусулмонларга зарар етказишига тўсқинлик қилади, одамларнинг бир-бирларига зулм қилишини олдини олади, Исломнинг бутунлигини асрайди. Одамлар унинг соясида омонлик топадилар ва унинг ҳайбатидан ҳайиқадилар. “Унинг ортида туриб жанг қилинади” дегани — кофирларга, боғийларга, хаворижларга ва барча фисқу-фасод ҳамда зулм аҳлига қарши жанг қилинади демакдир».
Эй Афасий! Сенинг амирингда мана шу паноҳ мавжудми?! У душманнинг мусулмонларга зарар беришини тўхтатдими?! У Ғазодаги яҳудий вужудининг жиноятларига қарши турдими?! Американинг Эрондаги кибр-ҳавосига қарши нима қилди?! Судан, Бирма ва Шарқий Туркистондаги мусулмонларга нисбатан қилинаётган зулмларга қарши бирор чора кўрдими?! У Исломнинг бирлигини ҳимоя қилдими?! Ал-Ақсо масжиди булғаниб, унинг эшиклари Уммат фарзандлари учун ёпилиб, муқаддас қадамжоларимиз топталаётганда у қаерда эди?!
У кофирларга, осийларга, бузғунчиларга ва зулм аҳлига қарши жанг қилдими? Биз сенинг амирингдан фақат Ислом ерларини Америка ҳарбийлари учун муҳим марказга айлантирганини кўряпмиз, холос. Қувайт бир қанча асосий Америка ҳарбий базалари ва муассасаларини ўз ерига жойлаштирган. У ерда 13 мингдан ортиқ аскар бор, уларнинг аксарияти пойтахт жанубида жойлашган. Улар қаторига: «Арифжан» асосий лагери, «Али ас-Салам» ҳаво базаси, «Буҳринг» лагери, Шуайбадаги «Спирхед» лагери ва «Муҳаммад ал-Аҳмад» денгиз базаси киради. Буларнинг барчаси логистик қўллаб-қувватлаш, қуруқлик ва ҳаво кучлари учун хизмат қилади.
Шундай амир қалқон бўла оладими?! У мусулмонлар учун эмас, балки юрт бойликларини талон-торож қилаётган мустамлакачи кофирлар учун қалқондир. У мусулмонларга қарши жанг қилади, мустамлакачиларга эса тинчлик тақдим этади. Улар мўминларга нисбатан на аҳдга, на мажбуриятга риоя қиладилар; ер юзида бузғунчилик тарқатиб, қирғинбарот қуролларини ишга соладилар! Эй Афасий, сенинг амирингнинг аҳволи мана шу!
Зеро, ҳақиқий қалқон бўлган Имом Аллоҳнинг изни билан яқинда келади; биз у билан ҳимояланамиз ва ортида туриб жанг қиламиз. У Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар каби Рошид Имом бўлади. У динни Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид давлатда барпо этади. Халифалик давлати мусулмонларни ҳимоя қиладиган, уларни қўллаб-қувватлайдиган, уларнинг номусини асрайдиган ва қонини фақат Ислом ҳақиқати билангина ҳимоя қиладиган давлат бўлади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақиқатда тўғри гапни айтган эдилар:
«Ҳокимиятнинг улуғворлиги одамларни қўрқитишда эмас, балки уларнинг хавфсизлигини сақлашдадир ва зулмни тўхтатиб, мазлумнинг ҳаққини ўзига қайтаришдадир. Ана шунда кучлилар тўхтайди, ожизлар эса ўзини хавфсиз ҳис қилади. Одамлар давлатдан қўрқмай, аксинча унга таянадиган бўладилар. Улар ўзларини ҳимоя қиладиган адолатли ва кучли амирни асраб авайлайдилар. Бундан бошқаси эса, ҳукмдор ва халқнинг биргаликда ҳалокатга юз тутиши бўлади».
Шу боис, Ҳизб ут-Таҳрир кечаю кундуз тинимсиз ҳаракат қилиб, куч ва қувват аҳлидан нусрат талаб қилмоқда, Умматнинг кучини бирлаштириш ва Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун интилмоқда. Токи улар Аллоҳнинг ансорлари бўлсинлар ва Аллоҳнинг изни билан бу дунёнинг азизлигига ва охират неъматларига эришсинлар.
وَلَيَنصُرَنَّ اللَّهُ مَن يَنصُرُهُ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ
«Албатта, Аллоҳ Ўзига (яъни, динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз, Аллоҳ Кучли, Қудратлидир». (Ҳаж сураси, 40-оят)
Ибтиҳал Умму Ато




