Жалалободда яна бир даъватчи сохта айблов билан ҳибсга олинди

Жалалободда яна бир даъватчи сохта айблов билан ҳибсга олинди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси 2026 йил 7 март куни Жалолобод вилоятида диний фаолият юритганлик баҳонасида, Насруллоҳ биродаримизни ҳибсга олди. Унга нисбатан, одатга айланиб қолган «экстремизм» моддаси бўйича айблов қўйилмоқда.
Изоҳ:
Маълумки, Қирғизистон ҳукумати даъватчиларга ва холис мусулмонларга нисбатан туҳмат тарзида «экстремизм» тамғасини ёпиштириб, уларни қамоққа олишни анъанага айлантириб бормоқда. Улар коррупциячи ҳам эмас, “қора” (жиноий олам вакиллари) ҳам эмас… Бироқ, коррупциячилар ва “қоралар” қустирилгандан (давлатга маблағ тўлагандан) кейин қўйиб юборилмоқда. Бу даъватчиларнинг эса «қусадиган» маблағи бўлмагани боис, улар адолатсиз равишда узоқ муддатга панжара ортига ташланмоқда. Афсуски, Қирғизистонда судхўрлик, монополия, қиморбозлик каби ҳаром ишларнинг гуллаб-яшнаши учун қулай шароитлар яратилаётган бир пайтда, Исломни ўргатиш, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриш каби вожиб амаллар жиноят ҳисобланадиган бўлиб қолди.
Насруллоҳни қўшнилари ва яқиндан билган танишлари унинг жамиятга зарар келтирадиган бирор қадам ташлашига асло ишонмасликларини таъкидлашмоқда. Бироқ, уларнинг бу ижобий фикрлари ва гувоҳликлари на тергов жараёнида, на суд мажлисларида инобатга олинмаяпти.
Азиз мусулмонлар! Сизларга мурожаат қилиб шуни айтамизки, мана шундай сохта айбловлар билан судланаётган мусулмон биродарларимизнинг суд жараёнларида бевосита иштирок этиб кўринг. Ёки судланаётганларнинг яқинлари билан гаплашиб кўринг. Шундагина бу даъватчилар аслида ким эканини англаб, хавфсизлик кучларининг адолатсизлигига ўз кўзингиз билан гувоҳ бўласиз.
Шундай экан, хавфсизлик кучларидаги буйруқ бажарувчиларини ҳамда уларга буйруқ берувчи раҳбарларини огоҳлантириб айтамизки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом сифатлаган «рувайбиза»лардан бўлиб қолишдан сақланинг!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«سَيَأْتِي عَلَى النَّاسِ سَنَوَاتٌ خَدَّاعَاتُ، يُصَدَّقُ فِيهَا الْكَاذِبُ، وَيُكَذَّبُ فِيهَا الصَّادِقُ، وَيُؤْتَمَنُ فِيهَا الْخَائِنُ، وَيُخَوَّنُ فِيهَا الْأَمِينُ، وَيَنْطِقُ فِيهَا الرُّوَيْبِضَةُ. قِيلَ: وَمَا الرُّوَيْبِضَةُ؟ قَالَ: الرَّجُلُ التَّافِهُ فِي أَمْرِ الْعَامَّةِ
«Одамлар бошига шундай алдамчи йиллар келадики, у йилларда ёлғончи ростгўйга, ростгўй эса ёлғончига чиқарилади, хоинга омонат топширилади, омонатгўй хоинга чиқарилади. У йилларда «рувайбиза»лар нутқ сўзлайди. Шунда саҳобалар: «Рувайбиза ким?» деб сўрашди. Пайғамбаримиз: «Омма иши хусусида нутқ сўзловчи пасткаш кимсадир», деб жавоб бердилар.
Шунингдек, дўзах аҳли бўлган золимлардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дедилар:
«صِنْفَانِ مِنْ أَهْلِ النَّارِ لَمْ أَرَهُمَا: قَوْمٌ مَعَهُمْ سِيَاطٌ كَأَذْنَابِ الْبَقَرِ يَضْرِبُونَ بِهَا النَّاسَ.. »
«Дўзах аҳлидан икки тоифа борки мен уларни кўрмаганман: бир қавмки уларнинг қўлларида сигирнинг думларидек қамчилар бўлади, улар билан одамларни уриб калтаклашади…».
Нурдин Асаналиев




