Рамазон ойида Ҳиндистонда муслима аёл ваҳшийларча ўлдирилди

Рамазон ойида Ҳиндистонда муслима аёл ваҳшийларча ўлдирилди
Ҳиндистонда бир муслима аёл шафқатсиз ҳужум оқибатида олган жароҳатлари туфайли вафот этди. Маълумотларга кўра, ашаддий бутпарастлар уни калтаклаб, сийдик ва спиртли ичимлик аралаштирилган суюқликни ичишга мажбурлаган.
Рошан Хотун исмли муслима аёл 28 февраль куни Биҳар штатида ер низосини ҳал қилиш учун қишлоқ оқсоқоли ҳузурига борганида бир гуруҳ бутпарастларнинг ҳужумига учраган. У олган оғир жароҳатлари оқибатида эртаси куни шифохонада жон берган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бутпарастлар Рошан Хотунни устунга боғлаб қўйиб, таҳқирлаб калтаклашган. У рўзадор бўлгани сабабли чанқаб сув сўраганида, унга сув ўрнига ароқни пешобга аралаштириб, ичишга мажбурлашган.
Изоҳ:
Бу каби ваҳшийликлар биринчи марта содир бўлаётгани йўқ; сўнгги йилларда мусулмонларга қарши зўравонлик ҳолатлари кескин кучайиб бормоқда. Ҳиндистондаги мусулмонлар учун қўрқув ҳисси кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Мусулмонларнинг уй-жойлари бузиб ташланмоқда, полиция рейдлари ортидан камситиш, калтаклаш ва ҳатто қотиллик ҳолатлари тез-тез такрорланмоқда.
«Хиндутва» деб аталувчи ҳинду миллатчилигига амал қилувчи ҳиндуларнинг устуворлигини таъминлаш учун давлат аппаратидан кенг фойдаланилмоқда. Бу эса ўз навбатида нафрат ва камситиш ҳаракатларининг авж олишига сабаб бўлмоқда.
“India Hate Lab” (IHL) тадқиқот гуруҳининг маълумотларига кўра, 2023–2025 йиллар давомида Ҳиндистонда очиқдан-очиқ зўравонликка чақириқлар ва мусулмонларга қарши уюштирилган кампаниялар сонининг кескин ўсиши кузатилган. 2024 йилда мамлакатдаги озчиликларга нисбатан нафрат ҳолатлари 74 фоизга кўпайган бўлиб, бу кўрсаткич айниқса ўтган йилги сайловлар даврида энг юқори нуқтага чиқди. Бу вазият БЖП партиясининг мафкуравий мақсадлари билан бевосита боғлиқдир. Ўтган йили қайд этилган нафрат кўринишларининг 80 фоизи айнан ҳукмрон партия ва унинг иттифоқчилари бошқараётган штатларда содир бўлган.
Ўн йилдан бери ҳокимиятни бошқариб келаётган «Бхаратия Жаната» партиясининг (BJP) мусулмонларга қарши қаратилган баёнотлари ва шиорлари жамият ичида кенг тарқалиб, зўравонликларга сабаб бўлмоқда. Бундай вазият ҳинду миллатчилиги ғоясини илгари сурувчи ҳукмрон партия учун манфаатлидир. Чунки мусулмонларга қарши кампаниялар уларнинг сайловларда ғалаба қозониши ва ҳокимиятни сақлаб қолишига хизмат қилади.
Шубҳасизки, Исломий ўлкалар раҳбарларининг кофирларга малай эканликлари сабабли бу каби ҳолатлар тинимсиз давом этмоқда. Аниқроғи, ор-номусимиз бўлган муслима опа-сингилларимизни ҳимоя қиладиган қалқоннинг йўқлиги сабабли бундай ҳолатлар деярли ҳар кун, ҳар соатда содир этилмоқда. Ваҳоланки, Расулуллоҳ ﷺ биргина муслима аёлнинг таҳқирлангани ва кийимига тажовуз қилингани учун яҳудийларнинг Бану Қайнуқо қабиласини Мадинаи Мунавварадан сургун қилган эдилар. Тарихда мусулмон раҳбарлар аёл номуси учун Халифалик байроғи остида жанг қилиб, юртларни фатҳ этишган. Мусулмонлар қўмондони Муҳаммад ибн Қосим золим ҳинд подшоҳи Рожа Даҳир томонидан асирга олинган бир неча муслима аёлни қутқариш учун қўшин тортиб, уларни озод қилган эди. Амурия шаҳрида византияликлар бир муслима аёлни асир олиб, унга ёмон муносабатда бўлганларида, Халифа Муътасим Биллаҳ уни қутқариш учун улкан қўшинни ҳаракатга келтирган эди.
Шу сабабли айтиш мумкинки, Ислом низоми қайта тиклангандагина аёл зоти учун ҳақиқий маънода адолат, ҳимоя ва қўллаб-қувватлов қарор топади. Зеро, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатигина аёлларнинг манфаатларини Ислом буюрганидек ҳимоя қилади, уларга ғамхўрлик кўрсатади, осойишталикни таъминлайди ва том маънода адолат ўрнатади.
Ҳорун Абдулҳақ




