Жаннат боғлари

Росулуллоҳ ﷺнинг Зимод розияллоҳу анҳуни даъват қилишлари

Росулуллоҳ нинг Зимод розияллоҳу анҳуни даъват қилишлари

«Исоба»да келишича Насоий, Бағавий ва Мусаддид муснадида, шунингдек Абу Наим «Далоили Нубувват»да Воқидийдан ривоят қилиб айтади: Менга Муҳаммад ибн Сулайт отасидан, отаси Абдурраҳмон Адавийдан шундай ривоят қилди, Зимод розияллоҳу анҳу бундай деди: Мен Маккага умра қилиб боргандим, Абу Жаҳл, Утба ибн Робиа ва Умайя ибн Халафлар билан бирга ўтириб қолдим. Шунда Абу Жаҳл бундай деди: Ана у киши жамоамизни бўлиб ташлади, ўзимизни аҳмоққа, ўтганларимизни адашганга чиқарди, илоҳларимизни қоралади. Умайя эса: шубҳасиз, бу киши мажнундир, деди. Зимод айтади: Умайянинг бу гапи менда таъсирот қолдирди. Мен жин теккандан даволайдиган кишиман, дедим-да, ўрнимдан туриб, Росулуллоҳ ﷺни қидира кетдим, аммо ўша куни ул зотга рўпара келолмадим. Эртасига бориб ул зотни мақоми Иброҳим ортида намоз ўқиб ўтирган ҳолларида топдим. Ўтира турдим, ул зот намозларини тугатгач, олдиларига келиб ўтириб, эй Абдулмутталиб ўғли, дедим. Ул зот менга қараб – нима истайсиз, дедилар. Мен: «Мен жинлардан даволайман, истасангиз, сизни даволайман, сиздан жинлар ҳаргиз устун бўлишолмайди, мен сиздаги жинлардан ҳам ёмонини даволаганман, тузалиб кетган. Қавмингиз сиз тўғрингизда жамоамизни бўлиб ташлади, ўзимизни аҳмоққа, ўтганларимизни адашганга чиқарди, илоҳларимизни қоралади, деб гапиришаётганини эшитдим. Мен бу ишни фақат жини бор киши қилади, деб ўйладим», дедим.

Шунда Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:

«اَلْحَمْدُ لِلَّهِ أَحْمَدُهُ وَأَسْتَعِينُهُ وَأُؤْمِنُ بِهِ وَأَتَوَكَّلُ عَلَيْهِ، مَنْ يَهِدِهِ اللَّهُ فَلاَ مُضِلَّ لَهُ وَمَنْ يُضْلِلْهُ فَلاَ هَادِيَ لَهُ، وَأَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ»

«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Унга ҳамд айтаман, Ундан ёрдам сўрайман, Унга имон келтириб, Унга таваккал қиламан. Кимни Аллоҳ ҳидоятласа, уни ҳеч ким адаштиролмайди, кимни адаштирса, ҳеч ким уни ҳидоятлолмайди. Гувоҳлик бераманки, ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Росулидир» Зимод розияллоҳу анҳу айтади: Мен Росулуллоҳ ﷺдан шундай сўзни эшитдимки, ундан яхшисини асло эшитмагандим. Бу сўзни яна қайтаришларини сўрагандим, қайтардилар. Мен: нимага даъват қиласиз, дедим. Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:

«إِلَى أَنْ تُؤْمِنَ بِاللَّهِ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، وَتَخْلَعَ الأَوْثَانَ مِنْ رَقَبَتِكَ، تَشْهَدَ أَنِّي رَسُولُ اللَّهِ»

«Ёлғиз шериксиз Аллоҳга имон келтиришингизга ва бутларни зиммангиздан улоқтиришингизга, менинг Аллоҳнинг Росули эканимга гувоҳлик беришингизга (даъват қиламан)». Шундай қилсам, менга нима берилади? дедим. Сизга жаннат берилади, дедилар. Мен – албатта, мен ёлғиз шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман, зиммамдан бутларни улоқтириб, улардан покланаман, гувоҳлик бераманки, албатта, Сиз Аллоҳнинг бандаси ва Росулисиз, дедим. Шундай қилиб, Росулуллоҳ ﷺ билан бирга турдим ва Қуръондан кўпгина суралар ўргандим. Кейин қавмимга қайтдим. Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Адавий бундай дейди: Росулуллоҳ ﷺ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни бир сарияга амир қилиб юборгандилар, улар бир жойда йигирмата туяни қўлга киритишиб, уларни ҳайдаб кетдилар. Али ибн Абу Толиб улар (туя эгалари) Зимод розияллоҳу анҳунинг қавми эканликларини эшитиб: уларни эгаларига қайтаринглар, деди ва туялар эгаларига қайтарилди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button