Жаннат боғлари

УТБА ИБН ҒАЗВОН

УТБА ИБН ҒАЗВОН

Мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳу тунда қўриқчилик  учун айланиб юришгача қувватланиб олиш истагида хуфтон намозидан сўнг жойига ётди. Бироқ халифанинг кўзларидан уйқу қочди, чунки чопарнинг хабар қилишича, мусулмонлар қўшинлари олдида мағлуб бўлаётган форс қўшинлари энди бутунлай тор-мор этилай деб қолганда унга у ер-бу ердан мадад келиб, қайта  кучаяётган, қайта жангга кираётган эди. Чопарнинг айтишича, Абла шаҳри (Қадимда Басрага қўшни бўлган, кейинчалик унга қўшиб олиниб, унинг бир қисмига айланган шаҳар) мағлуб форс қўшинларига лашкар ва маблағ билан мадад келаётган муҳим манба ҳисобланади. Шунинг учун Аблани фатҳ қилиб, форсларга бераётган мададини узиб қўйишга қарор қилди.

Бироқ лашкарлар етишмаслиги муаммосига дуч келди. Бунинг боиси, мусулмонларнинг ёшлари ҳам, ўрта яшарлари  ҳам, кексалари ҳам Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун бутун ер юзига тарқалган эдилар ва Мадинада унинг қўлида озчилик лашкар қолганди, холос.

Бироқ Умар розияллоҳу анҳу ўзининг машҳур услубига таянди. Бу услуб лашкар камомадини қўмондон қуввати билан тўлдириш услуби эди. Олдига қўмондонларининг ўқдонларини ёйди-да, уларни найзаларга ўхшатиб бир-бир танлай бошлади ва: топдим,  ҳа, топдим, деди. Сўнг жойига бориб ётди ва айтди: У шундай мужоҳидки, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа жангларда танилган, Ямома жанги ва унинг ерлари қаҳрамонлигига гувоҳ бўлган, доим қиличи кескир бўлган, найзаси бехато кетган… Бунга қўшимча, у икки марта ҳижрат қилган (Ҳабашистонга ҳижрат ва Мадинага ҳижрат), ер юзидаги Исломга кирганларнинг еттинчиси бўлган.

Тонг отгач: менга Утба ибн Ғазвонни чақиринг, деди. Утба розияллоҳу анҳуга уч юз ўндан кўпроқ лашкар устидан қўмондон сифатида байроқ берди ва яна лашкар йиғилди дегунча албатта унга мадад юборишни ваъда қилди.

– Ушбу кичик қўшин йўлга отланганда, Форуқ розияллоҳу анҳу лашкар қўмондони Утба розияллоҳу анҳу билан видолашиб, унга васият қилди. У жумладан шундай деди: Эй Утба, мен сизни Абла ерига юборяпман, у душман қўрғонларидан бири, шунинг учун Аллоҳ унга қарши сизга ёрдам беради деган умиддаман. У ерга етиб борганингизда халқини Аллоҳга даъват қилинг, ким даъватингизни қабул қилса, сиз ҳам уни қабул қилинг, ким бош тортса, у ҳокисорлик ва хорлик  билан  жизя  тўласин.  Агар  кўнишмаса,  уларнинг  бўйнига аямай қилич солинг (уларга қарши уруш қилинг), эй Утба, раҳбарлик қилишда Аллоҳдан тақво қилинг. Кибрга берилиб кетишдан эҳтиёт бўлинг – бу охиратингизни барбод қилади. Шуни билингки, сиз Росулуллоҳ ﷺнинг саҳобаси бўлиб, Аллоҳ сизни шу орқали хорликдан азизликка кўтарди, заифликдан сўнг қувватли қилди, ҳатто ҳукмрон, етакчи ва итоат қилинадиган амир қилди, гапирсангиз қулоқ солинади, буюрсангиз итоат қилинади. Бу шундай неъматки, агар унга нонкўрлик қилмайдиган, алданмайдиган ва шу билан жаҳаннамга қуламайдиган бўлсангиз – Аллоҳ сизни ва мени ундан сақласин – нақадар яхши неъмат бўлади.

  • Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу аскарлари билан, хотини ва аскарларининг хотинлари, опа-сингиллари дохил яна беш аёл билан бирга йўлга тушди. Улар Абла шаҳрига унчалик узоқ бўлмаган қамишзор ерга келиб тушдилар. Уларда егулик ҳеч нарса йўқ эди. Очлик роса қийнаган пайт Утба розияллоҳу анҳу бир гуруҳ аскарларга: шу ердан егулик бирор нарса изланглар, деди. Улар очликларини қондиргудек нарса қидиришга тушдилар. Ўшанда уларда таом билан боғлиқ бир воқеа бўлган, улардан бири бу ҳақда ривоят қилиб шундай дейди: Биз егулик нарса қидираётиб, чакалакзорга кириб қолдик. Қарасак, у ерда иккита катта сават бўлиб, бирида хурмо, иккинчисида пўсти сариқ оқ дон бор экан. Иккаласини ҳам олиб, аскарларга келтирдик. Орамиздан биримиз дон солинган саватга қараб: бу душман атайин тайёрлаб қўйган заҳар, унга қўл текиза кўрманг, деди. Биз хурмога эгилиб, ўшандан ея бошладик. Шунда бир от узангисини узиб, дон солинган саватга ташланди-да, ундан ейишга киришди. Аллоҳга қасамки, биз уни ҳаром ўлиб қолмасидан олдин
  • гўштидан фойдаланиш учун – сўйиб юборишга шайлангандик, от

эгаси: тек қўйинг, мен уни туни билан пойлаб чиқаман, ўлиб қолишини сезсам, сўйиб юбораман, деди. Эрталаб туриб отни ҳеч қандай зарар кўрмаган ҳолда соғ-саломат кўрдик. Шунда синглим: ака, мен дадамнинг агар заҳар ўтга қўйиб пиширилса зарари бўлмайди, деганини эшитгандим, деб қолди. Синглим ундан бир миқдор олиб, қозонга солди ва остидан ўт ёқди. Кейин ҳеч қанча вақт ўтмай: келиб қаранглар қизарди, пўсти ажралиб, ичидан оқ донлари чиқди, деди.

Уни егани товоққа солдик, шунда  Утба розияллоҳу анҳу:  бисмиллоҳни  айтинг- да, еяверинг, деди. Уни еб кўрсак жуда ҳам ширин экан.

Кейин билсак, уни гуруч, дейилар экан.

Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу ўзининг кичик қўшини билан юриш қилган Абла Дажла (Туркиядан оқиб  чиқиб,  Ироқдан  ўтиб,  Араб денгизига   қуйилувчи   дарё)   қирғоғида   жойлашган   истеҳкомли шаҳар эди. Форслар бу шаҳарни ўзларига қурол-яроғ омборига ҳамда душманларини кузатиб турадиган энг катта кузатув масканларига айлантириб олишганди.

Бироқ бу Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳуни у ерга ғазот қилишдан тўсолмади, аскарлари ва қурол-яроғининг озлигига қарамади. Ўшанда  унинг бир неча аёллар билан бирга олти юз жангчиси, фақат қилич ва найзалардан иборат қуроллари бор эди, холос. Шунинг учун ақл- заковатини қуйидагича ишга солишга тўғри келди:

У байроқларни аёлларга найза ёғочларига боғлаб бериб, қўшин

ортидан кўтариб боришга буюрди ва: шаҳарга яқинлашганимизда ортимиздан чанг-тўзон кўтариб, ҳавони чангга тўлдиринг, деди. Аблага яқинлашишгач, уларга қарши форс қўшини чиқди. Қўшин уларнинг шаҳдам келаётганларини, ортларида байроқлар ҳилпираб, ҳаво чангга тўлганини кўришди. Кейин бир-бирларига: олдиларида разведка отряди, ортларида эса сон-саноқсиз лашкар чанг тўзитиб келяпти экан, биз эса озчиликмиз дейишди ва қалбларига қўрқув тушди, жазавага тушиб, енгил, қимматбаҳо нарсаларини йиғишга киришишди, сўнг Дажла қирғоғига қатор тортиб қўйилган кемаларга ур-йиқит бўлиб минишди-да, мағлуб аҳволда қочиб қолишди… Утба розияллоҳу анҳу эса Аблага одамларидан биттасини ҳам йўқотмаган ҳолда кириб борди. Сўнг унинг атрофидаги шаҳар ва қишлоқларни фатҳ қилди, санаб адоғига етмайдиган ўлжалар қўлга киритди. Аскарларидан бири Мадинага қайтганда ундан Аблада мусулмонлар қалай? – деб сўрашганди, уларга: нимасини сўраяпсиз, мен қайтаётганимда улар олтин ва кумушларни тарозида тортаётгандилар, деб жавоб берди. Шунда одамлар Аблага боришга тайёргарлик кўришга киришдилар…

  • Шунда Утба розияллоҳу анҳу қўшинининг фатҳ қилинган шаҳарда қолишлари уларни енгил ҳаётга ўргатиб, ўша юрт хулқ-атворига киритиб, жангни давом эттириш аҳдларини заифлаштириб қўйиши мумкинлигини билди. Шу боис Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ундан Басра шаҳрини (Ироқдаги Араб денгизи бўйидаги шаҳар) бунёд этишга рухсат сўради ҳамда унга шаҳар учун танлаган ерни сифатлаб берди. Умар розияллоҳу анҳу рухсат берди.
  • Утба розияллоҳу анҳу янги шаҳар лойиҳасини қоғозга туширди. Биринчи бўлиб шаҳарга катта масжид қурди. Бунинг ажабланадиган ери йўқ, чунки у ва унинг дўстлари масжид учун Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқдилар ва шу масжид сабабли душман устидан ғалаба қозондилар. Кейин аскарлар ерларни бўлиб олиш ва уй қуриш борасида ўзаро  мусобақалашдилар.  Аммо  Утба розияллоҳу анҳу ўзига  уй  қургани йўқ, балки кийимлардан тикилган чодирда яшаганча қолди, чунки у кўнглига бир нарсани тугиб қўйганди…
  • Дарҳақиқат, Утба розияллоҳу анҳу кўрдики, дунё Басра мусулмонларига кишини эсидан оғдириб қўядиган даражада кулиб боқмоқда, яқиндагина пўсти билан қўшиб пиширилган гуручдан ширинроқ таомни билмайдиган унинг аскарлари энди форсларнинг фолузаж (ун, сарёғ ва асалдан тайёрларган ҳолва тури), лавзинч (ёнғоқ манғизи ўралган қатоифга ўхшаш ҳолва) сингари тансиқ таомларидан роҳатланиб қолгандилар. Шуларни кўриб, у дунё туфайли динига зарар етиб қолишидан қўрқди, бугунги нарсадан кўра, эртанги нарсадан ташвишланди. Шунда одамларни Кўфа масжидига тўплаб, уларга бундай хитоб қилди: Эй инсонлар, бу дунё аллақачон тамом бўлиши эълон қилинган, сиз албатта бу дунёдан абадий диёрга кўчасиз,  бас,  у ерга яхши амалларингиз билан кўчинг. Мен ўзимни Исломга кирган етти кишининг еттинчиси бўлганим ҳолда топдим. Ўшанда бизда дарахт пўстлоғидан бошқа таом йўқ эди, уни еявериб димоғларимиз шилиниб кетганди… Бир куни мен бир бурода топиб олдим, уни тенг йиртиб, Саъд ибн Абу Ваққос билан бўлишиб олдик, ярмини у ўзига меъзар қилиб олди, ярмини мен.

Бироқ  бугунга  келиб  орамизда  ўша  одамлардан  ҳар  биримиз

камида бир шаҳарнинг амири бўлдик… Мен ўзимнинг олдимда буюк, Аллоҳнинг олдида кичик бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман. Кейин Утба розияллоҳу анҳу улардан бирини ўзининг ўрнига таъйин қилиб, ҳаммалари билан видолашди ва Мадинага қайтди.

Утба розияллоҳу анҳу Форуқ розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, ундан волийликдан истеъфога чиқаришини талаб қилди. Аммо у истеъфога чиқармади. Утба розияллоҳу анҳу ундан қаттиқ илтимос қилди, аммо халифа ҳам қаттиқ туриб олиб, уни Басрага қайтишга амр қилди. Утба розияллоҳу анҳу халифанинг амрига мажбуран итоат қилди ва Аллоҳим, мени у ерга қайтарма, Аллоҳим, мени у ерга қайтарма, деганча туясига минди…

Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилди: Мадинадан унча узоқ юрмаёқ, туяси қоқилиб кетиб, Утба розияллоҳу анҳу ва арзоҳу ундан учиб тушди ва ҳаётдан кўз юмди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button