Жаннат боғлари

Шайхул Ислом Мустафо Сабрий

Шайхул Ислом Мустафо Сабрий

Абу Исро – Байтул Муқаддас

Тарих қонун чиқарилиб, истинбот қилинадиган асослардан эмас. Аммо Набий ﷺ ва саҳобалари сийрат-тарихилари бундан мустаснодир. Лекин тарих ҳимматларни чархлаш ва қатъиятларни кучайтириш омиллари ҳамда ибрат ва панду насиҳат олиш асослари эканлигида шубҳа йўқ.

Мусулмонлар тарихида шундай мардонаворлик ва қаҳрамонлик ҳолатлари бўлганки, агар бугунги кунда ҳам улар ҳақида тадаббур қилса, насиҳатланади, улардан хабардор бўлса, ибратланади. Натижада умматимиз ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш олдинги одамларнинг бошидан ўтган қонуният эканига ва бу қонуният уларнинг ҳам, улардан кейингиларнинг ҳам бошидан ўтажагига, охир оқибат эса, тақводорларники бўлишига ишончи ортади. Зеро, Роббимиз Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таоло Ўз бандаларини яхшилик ва ёмонлик билан синашни, яхшилик билан синалганлар қанчалар шукр қиладию, ёмонлик билан синалганлар қанчалар сабр қилишини билишни ирода қилди.

إِن يَمْسَسْكُمْ قَرْحٌ فَقَدْ مَسَّ الْقَوْمَ قَرْحٌ مِّثْلُهُ ۚ وَتِلْكَ الْأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيْنَ النَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَيَتَّخِذَ مِنكُمْ شُهَدَاءَ ۗ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ ﴿١٤٠﴾ وَلِيُمَحِّصَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَيَمْحَقَ الْكَافِرِينَ ﴿١٤١﴾ أَمْ حَسِبْتُمْ أَن تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَعْلَمِ اللَّهُ الَّذِينَ جَاهَدُوا مِنكُمْ وَيَعْلَمَ الصَّابِرِينَ ﴿١٤٢

– „Агар сизларга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. Ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди. Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни поклаш ва кофирларни ҳалок килиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради). Ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!“. [3:140-142]

Исломий уммат тарихида хусусан, Халифалик қулатилиши чоғида ва қулатилгандан кейин мардонаворлик ва қаҳрамонлик мавқеида турганлардан айримлари олимлар ва ҳақиқий эр кишилардир.

Улардан бири шайх Мустафо Сабрий (роҳимаҳуллоҳ) бўлиб, у киши камолчилар ва уларнинг жирканч ишларига қарши турди, уларни фош қилиб, унга Исломий уммат эътиборини қаратгани учун қийинчиликларга учради ва оғир ҳолатларни бошдан кечирди. Шунинг учун у кишига ва қилган ишларига тўхталиб ўтмоғимиз даркор. Зеро бунга у киши ҳам, қилган ишлари ҳам лойиқдир. Хўш шайх Мустафо Сабрий ким? Ва у киши бажарган ишлар нималардан иборат?

Туқодлик Шайх Мустафо Сабрий Усмонийлар давлатининг  шайхул Исломи (1286ҳ / 1869м – 1373ҳ / 1954м)

Ҳаёти: Шайх Мустафо Сабрий ҳижрий 1286 – мелодий 1869 йили Онадўлида, ўзи нисбат берилаётган «Туқод» шаҳрида шаръий илмларга муҳаббатли оилада дунёга келди. Ўн ёшида Қуръони Каримни ёд олди. Отаси уни ўқишини давом эттириши учун Қайсария шаҳрига юборди. Бу шаҳар олимларнинг кўплиги билан донг таратган. У ерда араб тили фанлари ва шаръий илмлардан таҳсил олди. Шунингдек, мантиқ, мунозара усули ва ваъзу иршод илмларини ҳам ўқиб ўрганди.

Кейин ўқишини охирига етказиш учун Остона (Константинопол)даги, султон Муҳаммад Фотиҳ олийгоҳига жўнаб кетди. Шариат ва араб тили фанларини олим шайхлар бўлмиш истамбуллик Муҳаммад Отифбек билан Аҳмад Осим Афандилар қўлида таҳсил олди. Кейин иш шу даражага етдики, шайх Аҳмад Осим Афанди бошқа кўп шогирдларида кўрмаган хислатларни унда кўргани учун қизи Алфия хонимни унга турмушга берди. Ниҳоят, у ҳижрий 1307 йили Муҳаммад Фотиҳ жомесида битирув имтиҳонларини муваффақиятли тамомлаб, мударрислик гувоҳномасига эга бўлди.

Вазифалари

  • Шайх Мустафо Сабрий ал-Фотиҳ жомесини битириши билан йигирма икки ёшида у ерга мударрис этиб тайинланди. Ал-Фотиҳ жомеси ўша пайтда Остона (Константинопол)даги энг катта Исломий олийгоҳ саналар эди. У ерда ишлаш эътиборли лавозимлардан бўлиб, қаттиқ меҳнат ва ўзлаштиришни талаб қилар эди.
  • У Усмоний султон-халифа дарсининг махсус имомига айланди. Негаки, Истанбулдаги султония олийгоҳларининг бирида бўладиган ва катта аъёнлару олимлар иштирок этадиган бу дарсга шахсан султон-халифанинг ўзи ҳам қатнашарди. Дарсни эса, энг билимдон олимлардан бири берарди.
  • Ҳижрий 1317 йили Йилдиз саройида яъни (султон Абдулҳамид саройида) султоннинг хос бўлими мудири этиб тайинланди. Бу босқичда қатор нишон ва медалларга сазовор бўлди.
  • Ундан кейин қисқа муддатга Йилдиз кутубхонаси котиби этиб тайинланди. Шайх Мустафо Сабрий бу кутубхонада анчадан буён излаб юрган нарсаларини топди. Зеро, кутубхона қўлёзмалар ва Исломий китобларга бой эди. Шайх китобларга берилиб, улардан ўзига шунчалик кўп билимни жамладики, натижада шайх замондошлари назарида илмнинг соҳилсиз денгизига айланди.
  • Ҳижрий 1322 йили дарс беришга қайтишни афзал деб ҳисоблаб, ўз лавозимидан истеъфога чиқди. Кейин воизлар мадрасаси ҳамда дорул фунундаги шариат фанлари институтида тафсирдан мударрислик қилди. Ундан кейин «имоми Муслим Саҳиҳи»дан дарс бериш учун мутахассислар етиштирувчи мадрасага ўтди.
  • Ҳижрий 1323 йили Исломий шайхлик бўлимига қарашли бўлган шаръий асарларни ўрганиш ҳайъатига аъзо этиб тайинланди.
  • Икки марта шайхул Ислом этиб тайинланди.
  • «Дорул ҳикматил Исломия»га аъзо этиб тайинланди.
  • «Дорул ҳадис»да ҳадиси шариф бўйича мударрис этиб тайинланди.
  • Султон Муҳаммад Ваҳидуддин уни Усмоний аъёнлар кенгашига аъзоликка тайинлади.

Мустафо Сабрий ва унинг сиёсий кураши: Шайх усмонийлар давлати бошдан кечирган энг нозик ва хатарли шароитларда сиёсий майдонга кириб келди. Шайх ўзини қадам қўйишим жуда зарур, деб билган бу ҳаёт майдони шундай майдон эдики, ундан олимлар ўзларини олиб қочишиб, уларнинг ўрнини «Иттиҳод ва тарққиёт массончилар жамияти» каби иш тизгинини қўлга олган динсизлар эгаллаб олган, оқибатда султон Абдулҳамид иккинчининг ағдарилиши, Ислом давлатининг Болқонда ва ғарбдан Триполида мағлубиятга учраши юз берган эди.

Мустафо Сабрий сиёсий фаолиятини ҳижрий 1326 йили дастур шартларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини эълон қилингандан кейин бошлади ва парламент сайловларига киришиб кетди. Ҳижрий 1326 йили усмоний «мажлисул мабъусон»да Туқоднинг Санжақ округидаги сайловчилар томонидан ғолиб чиқди. У ўзининг йиғинларда доимо ҳозир бўлиши ва ўтиришлар, кенгашлар ва улардаги қизғин баҳс-мунозараларда иштирок этиши билан барча депутатлардан фаол эди. Шайх ҳизбий фаолият олиб бориш зарур ва муҳим эканини тушуниб етди ва шунинг учун айрим биродарлари билан «Иттифоқ ва ҳуррият» ҳизбига аъзо бўлди. Бу партия-ҳизб сафида турк, араб ва византияликлар ҳам мавжуд бўлиб, улар иттиҳодчилар (Туркиядаги миллатчиликка асосланган «иттиҳод ва тараққиёт партияси» аъзолари)га қарашли туронийлик партиясига мухолифлик қилар эдилар. Шайх шу ҳизбнинг раҳбар ноиби ва расмий нотиғи бўлди. У «мажлисул мабъусон»ни ҳақни баён қилиш ва унга даъват қилиш учун ўзига минбар қилиб олди. У ўзининг маъруза қилишидаги улкан қудрати билан ўз фикрлари ва сиёсатлари билан иттифоқчилар сиёсатига қарши тарбиғот қилувчи ушбу ҳизб аъзолари ичида энг кўзга кўринган ташвиқотчисига айланди. Бу билан у кўпчиликни ўзига касб қилиб олди ва бу ҳизб иттиҳодчилар ҳизби-партиясига қарши ҳақиқий хавф-хатарга айланди.

Шунингдек, у «Баёнул ҳақ» журналини чоп этувчи Исломий илмий жамиятнинг раиси этиб сайланди ва журналнинг бош муҳаррирлиги ҳам узоқ йиллар давомида шайх Мустафо Сабрийга юклатилди.

Бу журнал «Иттиҳод ва тараққиёт» жамиятининг сиёсатлари ва фикрларини фош қилувчи асосий сиёсий минбарлардан бирига айланиб, шайх Мустафо шу журнал орқали иттиҳодчиларга ҳужум қилар, уларнинг жирканч ва ярамас ишларини, яҳудлар билан бўлган шубҳали шармандаларча алоқаларини фош қилар эди.

Иттиҳодчилар иши кучайиб, нуфузлари ошиб кетгач шайх уларнинг сиқувидан Мисрга қочиб кетди ва бир муддат у ерда истиқомат қилди. Сўнгра Европага жўнаб кетди ва бир қанча давлатларда бўлди. Усмонийлар қўшини биринчи жаҳон уруши даврида Бухарест шаҳрига киргач – бу киши у ерда яшаб турган эди – у кишини ушлаб, Остона (Константинопол)га олиб кетишди. У киши то иттиҳодчилар мағлубиятга учраб, етакчилари қочиб кетгунга қадар ҳибсда ушлаб турилди. Кейин озодликка чиқиб, ўзининг сиёсий фаолиятига қайтди ва яна «Дорул ҳикмат»га аъзо этиб тайинланди. «Иттифоқ ва ҳуррият» партияси қайтадан ташкил қилиниб, мамлакатда ҳокимиятни эгаллагандан кейин, ҳижрий 1337 йили Мустафо афанди Сабрий усмонийларнинг «мажлисул мабъусон»га раис этиб тайинланди. Сўнгра шайхул Ислом лавозимини эгаллади. Садрул аъзам «Домод Фарид Бошо» Париж яқинидаги Форсойда сулҳ музокараларида қатнашиш учун Францияга қилган сафари давомида шайх Мустафо Сабрий вақтинча «садрул аъзам» (бош вазир) лавозимини эгаллаб турди. Мелодий 1920 йилгача ўз лавозимида турди ва айрим ғарбпараст вазирлар билан келишолмай қолган пайтда бу лавозимдан воз кечди.

Камолчилар пойтахтни эгаллаб олган пайтда мелодий 1923 йили Мисрга қочиб кетди. Ундан кейин Ҳижозда қирол Ҳусайнникига меҳмондорчиликка  борган эди, меҳмондорчилик узоққа чўзилмади. Бунинг сабаби, шайх Сабрий илгари қирол Ҳусайнни Халифаликка ҳаракат қилаётганлигинини билиб қолган эди. Шунинг учун шайх Сабрий бу ҳақда унга оғиз очиши биланоқ, у шайхдан тезда Ҳижоздан чиқиб кетишни талаб қилди. Кейин яна борар жойи Миср бўлди.

Мисрда шайх Сабрий ўзи билан Мустафо Камол мутаассиблари ўртасидаги кескин тортишувларга дуч келди ва шу боис Ливанга сафар қилди. У ерда ўзининг «Ан-Накир ала мункири неъмати минаддини вал хилофати вал уммат» (Дин, Халифалик ва Уммат неъматларини рад қилувчиларга раддия) номли китобини босмадан чиқарди. Сўнгра Руминияга, ундан кейин Грецияга сафар қилди. У ерда ўғли Иброҳим билан беш йил «Ёрин» (яъни эртанги кун) жаридасини чиқариб турди. Сўнгра камолчилар Сабрийни Туркияга топширишларини Грециядан талаб қилавергач, Грецияни тарк қилиб, Мисрга келди ва у ерда ўрнашди. Миср матбуоти Халифалик ҳокимиятдан четлатилгандан кейин юз берган ривожланиш ҳақида анча пайт гапирди. Шайх Мисрга келган пайтда тортишувлар аланга олди. У камолчиларнинг Исломга, шариатга ва мусулмонларга нисбатан ёвуз ниятда бўлишиб, динни бузишни мақсад қилаётганликларини, улар ўйлаб топишганидек, ҳокимиятдан ажратилган  халифалик эса, Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини, динни давлатдан ажратиш фақат диний салтанатдан халос бўлиб, унинг шариати ва чекловларидан қутулиш ва чегараларини ҳатлаб ўтиш учун бир восита эканини мисрликларга уқтирмоқчи бўлди. Лекин одамлар ўша пайтда шайхни камолчиларни ёмон кўргани учун уларга ҳужум қиляпти, деб ўйладилар.

Мустафо Сабрий сиёсатчи муфаккир: Шайх Мустафо Сабрий шунга аниқ ишонч ҳосил қилдики, уммат бошига тушган энг хатарли нарса сақофий ҳужум бўлиб, бу хатар умуман олганда мусулмонларнинг, хоссатан олганда арабларнинг ғарб сақофати олдида руҳий мағлубиятга учраганликларида кўриниб қолди. У ғарб сақофати уларнинг қалбларини ҳам, ақлларини ҳам банд қилиб олиб, асли банд қилиши лозим бўлган нарса ўрнига туриб олганини тушуниб етди.

Шайх буларни Миср матбуотида чоп қилинаётган мақолалардан, нашриётлардан чиқаётган китоблардан хулоса қилди. Шунинг учун дарҳол уларни танқид қилиб, уларга раддия берувчи қатор китоблар ёзди. Бу билан унинг китоблари – фикрий қийматга эга бўлиш билан бирга – тарихий қийматга ҳам эга бўлди. Чунки унинг асарлари ўша даврнинг фикрий ҳаёти учун энг тўғри тарихий ҳужжат (архив)га айланди.

Шайх Сабрий «Ан-Накир ала мункири неъмати минаддини вал хилофати вал уммат» (Дин, Халифалик ва Уммат неъматларини рад қилувчиларга раддия) номли китобида Халифалик масаласини сиёсий жиҳатдан муҳокама қилди. Камолчиларга ҳужум қилиб, уларнинг бузуқлигини баён қилди. Исломий оламни, хусусан, Мисрни уларнинг ёвузлигидан нафратлантирди. Халифалик билан салтанат ўртасини ажратишдаги уларнинг ёвуз ниятларини  мусулмонларга эслатиб, бу ажратишнинг ундовчи омилларини баён қилиб, ундан келиб чиқадиган асоратларни ёритиб берди.

Шунингдек, Шайх ўз китобларида камолчилар динининг бузуқлиги, туркпарастлиги, Исломга оид нарсаларга қарши курашиши, йигирманчи асрда қуръон ва Ислом таълимотлари яроқсиз деб, уларни назарга илмасликлари ҳақида сўз юритди. Европаликларга тақлид қилиб, диний салтанатдан ажралишга, динни давлат сиёсатидан қувиб чиқаришга чақирувчи ёзувчиларнинг китобларидан намуналар келтирди. Шайх ўз китобларидан бирида ашаддий турк камолчилардан бирининг: «Биз ғарбликлардан ҳамма нарсани олишга, ҳатто ўпкаларидаги яллиғланишни ҳам, ошқозонларидаги нажасларни ҳам олишга қарор қилдик» деган сўзини келтирди. Шу билан бирга, уларнинг шариатга зид бўлган қонунларидан ҳам мисоллар келтирди.

Шайх Сабрий китобларида камолчилар ҳам иттиҳодчиларнинг худосиз жамоатининг бир тури бўлиб, яҳудийлар билан алоқа қилиш ва инглизлар билан тил бириктиришда улардан асло фарқ қилмаслигини фош қилди. Шайхга – мусулмонлар умидини Мустафо Камолга боғлаганлари учун Мустафо Камолга қарши ҳужум қилмаслик керак, деб, насиҳат қилган кимсаларга бундай деб жавоб берди: «Олимларнинг вазифаси оммага ён босиш ва оломонга тақлид қилиш эмас, аксинча, уларнинг вазифаси одамларни бор ҳақиқатдан хабардор қилишдир. Камолчиларнинг Исломдан нафратланадиган, Ислом арабларнинг дини, деган эътиборда унга қарши ҳужум қиладиган даражада туркпараст ва туронпараст эканликларини, миллий туйғуларни жонлантириб, уларни Исломий туйғулар ўрнига қўяётганликларини айтишлари шартдир».

Бу ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, шайх Сабрий (роҳимаҳуллоҳ) султон умматга таянмаган ҳолда моддий куч-қувватга айланиб қолиб,  ҳарбийлар устидан хорижий давлатнинг сиёсати асосида ҳукм юритиши хатарини тушуниб етди. У яна қуйидагиларни ҳаммасига аҳамият қаратди: Ҳарбийлар давлат ва Уммат салтанатини сақлаб турувчи қувват бўлиб, моддий куч-қувват мана шу ҳарбийлар қўлида бўлганлигини ҳамда султонни бўшатиб, унинг ўрнига бошқа султонни қўйишга ҳам мана шу ҳарбийлар қодир бўлганлиги боис, ҳоким ҳам ўз салтанати масаласида мана шу ҳарбийларга таянади. Исломий уммат ҳам ҳарбийларнинг салтанатда роли борлигидан давлат ва уммат вужудига, ундан кейин эса Исломий давлатни борлиқдан йўқ қилишга олиб келган хатарни ўз кўзлари билан кўрди. Айнан шу нарсалар юз берди. Масалан, инглизлар – албатта уларнинг сиёсатчилари – Истанбулдаги сиёсатчиларни, энг аввало Мидҳат Бошо ва у билан бирга бўлган зобитларни – хусусан Абдулҳамидни халифа қилиб олиб келган инқилобдан ва уни халифаликдан қулатиб, Муҳаммад Рашодни халифа қилиб олиб келган инқилобдан кейин – давлат жиҳозида бўлган Исломий кўникма, ўлчов ва тушунчаларни  ғайри Исломий кўникма ва тушунчаларга айлантиришга фитналади. Шайх Сабрийнинг таъкидлашича, камолчилар билан иттиҳодчилар битта партия, иккаласи ҳам сиёсий партиялар таянадиган қонуний кучга таянмайди, лекин қўшинга таянади. (Бироқ қўшин иттиҳодчилар даврида уларнинг сиёсатларини қўллаб-қувватлаб турувчи куч ва қурол ўрнида бўлган. Кейин камолчилар даврида бу қурол ривожланиб, ўзи ишлайдиган кучга айланди. Иттиҳодчилар даврида уларнинг ҳарбий ва ноҳарбий бўлимлари ўртасида рақобат ва қўрқитишнинг айрим белгилари тез-тез кўрина бошлаган, кейин эса «Талъат»нинг усталиги билан мувозанат тартибга тушган эди. Энди эса ҳарбийлар палласи оғир келди. Бас, иттиҳодчиларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Улар сиёсатни қўшинга киргизишди. Бу билан шундай ёмон йўл тутишдики, у – давлатга бало-офатга айланди. Қўшин ҳам давлатга бало-офатга айланди. Империяни икки урушга етаклаб бориб, Халифаликни ҳам, давлатни ҳам, умматни зое кетказишди). Шайхнинг ушбу оғир масалани мана шундай ҳушёрлик билан чуқур тушунганлиги унинг ҳақиқий сиёсатчилардан бирига айланиши учун кифоя қилди.

У ўз китобларида камолчилар билан иттиҳодчиларнинг яҳудийлар билан олдиндан алоқаси борлигини айтиб, бу масала тўғрисида кўп изоҳларни келтирди. Унинг фикрича,  султон Абдулҳамиднинг қулатилишида яҳудларнинг қўли бор. Бу фикрига у Абдулҳамидга унинг Халифаликдан четлатилгани ҳақидаги хабарни айнан яҳудийларнинг «Қора су» номли  машҳур иттифоқи олиб келганини далил қилади. Бу тўғрида у шундай ёзади: «Юртимиз ташқарисида ҳам, ичкарисида ҳам иттиҳодчилар билан камолчиларнинг дўстлиги давом этиб келган яҳудлардан ўзга бирор миллат ёки қавмни топа олмайсиз». Шунинг учун Туркияда иттиҳодчи ва камолчиларнинг тажовузидан яҳудийлардан бошқа, бирор инсон жинси, на албан, на араб, на курд, на арман, на черкес ва на рум омон қолди.

«Қуръон таржимаси масаласи» номли китобининг «Қуръон таржимаси ва унинг аҳкомлари ҳақида» баҳс юритган мақоласида Азҳар шайхи яъни шайх Муҳаммад Мустафо Мароғий билан баҳс олиб борди. Бу баҳсда камолчиларнинг Туркияда Қуръонни турк тилига таржима қилишга буюриб, одамларни Қуръони Карим тили ўрнига Қуръоннинг турк тилидаги таржимаси билан намоз ўқишга мажбур қилганликларига раддия берди. Шайх баҳсида намозни турк тилига ўгирилган Қуръон билан намоз ўқишга рухсат бергани учун Мароғийга ҳам, камолчиларнинг қилмишларини қўллаб-қувватлаган Муҳаммад Фарид Вуждийга ҳам раддия берди. Шайх Мароғий билан Вуждийга раддия берар экан уларнинг гапларидан жуда кўп мисоллар келтириб, улар билан баҳслашган, фикрларининг шаръий жиҳатдан нотўғри эканлигини кўплаб кучли далиллар билан баён қилди ва бу нарсалар туфайли келиб чиқажак хавф-хатарлардан огоҳлантирди. Шунингдек, Мароғийнинг фиқҳ соҳасида мана шу таржимага таяниб ижтиҳод қилиш жоиз, дея рухсат берганига ҳам раддия берди. Шайх Сабрий «Мавқифул башар таҳта султонил қодар» (Башариятнинг тақдир салтанати остидаги мавқеи), номли китобида мусулмонларнинг қолоқликлари, лоқайдликлари, таназзулга юз тутишларининг асосий сабаби қазо ва қадарга иймон келтирганликларидир, дейдиган кимсаларга раддия бериб, уларнинг райлари ва иддиоларининг нотўғрилигини кучли ҳужжат-далиллар билан исботлади.

«Қовли фил маръа» (Аёл ҳақида гапларим) номли китобида ғарбга тақлид қилувчи аёлни мисол қилиб,  одамларни безаниш ва ҳаёсизларча аралаш ҳаёт кечириш хусусида ахлоқсизлик ботқоғига судровчи шубҳали ташвиқот эгаларига кучли ва ишончли жавоб бериш орқали ўз таъналарини йўналтирди. Бу жавоб эса аслида шахсий ҳолатлар қонунига ўзгартиш киритиш, аёлни озод қилиш мабдасини қабул қилиш, кўпхотинлиликни чеклаш, талоққа чеклов қўйилиши, мерос хусусида аёл билан эркакнинг ҳуқуқини тенглаштирилиши ва булардан бошқа нарсаларни европадан таъсирланган ҳолда ғарблаштиришга даъват қилиш орқали Миср депутатлар кенгашига тақдим қилган комиссияга раддия эди.

«Ал-Қовлул фаслу байналлазина йўъминуна билғойби валлазина ла йўъминун» (Ғайбга иймон келтирувчилар билан иймон келтирмайдиганлар ўртасидаги ҳал қилувчи сўз), номли китобида эса, Аллоҳнинг борлигига шубҳа қиладиган худосиз материалистларга, пайғамбарликни, мўъжизаларни ва ғайбни инкор қилувчи кимсаларга ҳамда мўъжизаларни ҳозирги моддий давр руҳига мослаб таъвил қилаётган ҳатто моддий илмга бўлган имонлари Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарининг суннатидан устин бўлиб кетган олимларга раддия берди.

Шайхнинг фикрларидан яна бири шуки, Исломни ҳимоя қилувчиларга етган энг хатарли бало диндан йироқ бўлган ҳозирги сақофат билан сақофатланган ёзувчилардир.  Чунки шарқшунослар аста-секин буюк Пайғамбаримизни доҳий ва қобилиятли бошлиқлар ўрнига тушириб қўйишди. Ёзувчилар ҳам ҳатто пайғамбарга йўналтирилган бўҳтонларни ҳимоя қилар эканлар уни шу бурчакдан туриб ҳимоя қила бошладилар. Буларнинг ҳаммасини илм-фан номи билан қилишарди… Аслини олганда, бу нарса Исломни бошқа раъйлар каби фикрий ё сиёсий ёки фалсафий оқимга айлантириб қўйиш ва барча самовий рисолатлар Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таоло даргоҳидан олинган ваҳий бўла туриб  улардаги асосий сифатни инкор қилишдир.

«оламлар Роббиси ва унинг Росуллари олдида ақл, илм-фан ва олимнинг тутган ўрни» номли китоби эса – бу китоб муаллиф ўз ҳаёти давомида ёзган китобларнинг энг сўнггиси бўлиб, мелодий 1955 йили катта тўрт жилдда чоп қилинган – шайхнинг фалсафа, сиёсат, ижтимо, фиқҳ хусусидаги раъйларини ўз ичига олади. Шунингдек, Мароғий, Вуждий, Аққод, Ҳайкал  каби ўз даврининг бир қанча атоқли кишилари билан бўлган фикрий курашларини ҳам ўз ичига олади.

Шайхнинг келтиришича, у бу китобни Туркияда ўқувчилар диндан қайтаётганини ва Мисрда ҳам худди шундай ҳолатни кўргандан кейин ёзган.

Китоб муқаддимасида у ўз отасининг руҳига хитоб қилиб, шундай дейди: «Менинг шайхлик ва парламентлик даврларидан олдин ҳам, кейин ҳам депутатлар кенгашида, газета ва журналларда зулм, бузуқлик, динсизлик сиёсати билан курашганимни, умматни дини, ахлоқ-одоблари ва шахсияларини ҳимоя қилганимни, чорак асрни кураш билан ўтказиб, бу орада турли қийноқ ва азоблар бошимга тушганини, мабдани ташламайин деб, бу йўлда икки марта мол-мулк ва ватанни тарк айлаганимни, икки ҳижрат орасида ҳибсга ҳам олинганимни ва бу йўлда дунёдан ва унинг фаровонликларидан ажралганим учун ҳеч афсус-надомат чекмаганимни кўрсангиз эди – мендан завқланиб, рози бўлган бўлар эдингиз».

Шайх фикр ва дунё қарашда ўзига рақиб деб билган кишиларга нисбатан қаттиққўл эди. Агар шундай ғазабланиш ва жўшқинлик бўлмаганда эди, ўз ўрнида бир ёзувчи бўлган бўларди. Лекин ўзининг узоқ умри давомида учраган шайхнинг қалами ўз хусусиятини йўқотган бўлар эди.

Масалан, у европалашганларга қарши чиқиб, Ислом ва Ислом даъватчилари тўғрисида: (Ҳукумат ўзини динга чеклаб қўйса, у қандай қилиб озод ва мустақил бўлиши мумкин?) деб тарқатаётган шубҳаларига раддия берган. Европалашганларнинг: саллалик олимлар ихтисос эгаси эмаслар. Улар ва уларнинг шаръий илмлари инобатга олинмайди, деган иддиоларига раддия бериб, олимларни сиёсат билан шуғулланишга чақирди ва уларга: «Сиёсатдан четлашган олимлар худди иш тизгини уларнинг – яъни сиёсатчиларнинг – қўлида бўлишга, ўзларида – яъни олимларда худди ҳокимиятдан ва ҳар қандай сиёсий нуфуздан воз кечган халифа сингари – улар томонидан кўрсатиладиган инъому эҳтиромлар бўлишига келишиб олганга ўхшайди» деди.

«Ақл мавқейи» китоби ҳам бир қанча муҳим масаларни ўз ичига олганки, айримларини келтириб ўтамиз:

  • Ислом ғарбликлар ҳужумлари орқали қурол-аслаҳа чорловлари ҳамда худосизлик ва фисқу фужур кучлари етакчилик қилаётган эътиқодий фикрий чорлов тарафидан учраётган фитна ва тил бириктрувларни очиб ташлади ва савол бериш орқали икки гуруҳ билан курашиш устида ишлади.
  • Ўз китобида ақлий далилни ғарблик зиёлилар ёки ғарблашганлар таянган далилларга таққослаб, унинг қийматини баён қилди ва ақлий далил тажрибий далилдан ишончлироқ эканига ҳужжат келтирди.
  • Аллоҳнинг борлиги   тўғрсида   ғарбликлар   билан   баҳслашди.

Шунингдек, инкор қилувчи худосизларнинг шубҳаларига раддия берди. Бундай интилиш ғарбча фикр ва фалсафадан айрим тадқиқотчи олимларнинг акси ўлароқ кўпроқ хабардор эканини кўрсатади.

  • Ғарбча фикрнинг арабчага ўгирилган шубҳаларига: жумладан, ақлий далилни назарга олмай, бутунлай тажрибий далилга таянишга ҳатто, тажриба услуби Исломий сақофатнинг асл ва ягона услубига айланиб қолганига қарши курашди.

Шуниси ҳам борки, шайх Мустафо Сабрийнинг турк ва араб тилидаги мақолалари ўша пайтда кундалик рўзномаларда чоп этиб турилди. Шунингдек, унинг мақолалари илмий журналларда ҳам чиқариб турилган.

У киши ҳақида олимларнинг фикрлари: У киши ҳақида Муҳиббиддин Хатиб шундай дейди: «Қайтмас, улуғ олим. У кишининг ҳурмати ўз замондошлариникидан юқори саналади». Чунки у киши Исломга Ислом номи билан ва Ислом олимларининг олқишлаши ҳужум қилинаётган пайтларда Исломни ҳимоя қилган.

У киши ҳақида шайх Зоҳид Кавсарий «мужоҳидларнинг кўз қувончи» дейди. У кишини шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда мақтаб: «Унинг «Ақл мавқеи» деган китоби ҳеч шубҳасиз асрга татигулик китобдир» дейди. Шайх Бутий эса шу китоб ҳақида «тенги йўқ китобдир» дейди.

У кишининг моддий аҳволи: Шайхимиз (роҳимаҳуллоҳ) ҳаёти давомида камбағалликни бошдан кечирди ва бу билан фахрланди. Чунки у киши камбағал бўлиб яшаб, шу ҳолатда ҳаётдан кўз юмди. Ўткинчи дунё ноз-неъматларига эътибор бермади. Қийналганига энг катта далиллардан бири «шайхул Ислом» лавозимини узоқ йиллар эгаллаб келган бўлишига қарамай, ўзи ва оила аъзоларига пароходнинг учинчи даражали жойидан Остона (Константинопол)дан Искандариягача чипта сотиб олиш учун китобларини сотишга мажбур бўлганидир.

Унинг шижоати ўз давридаги олимлар орасида зарбул масалга айланган. Масалан, у иттиҳодчилар ва ғарбга берилган дин олимларига қарши курашиб, бу йўлда зиёлилар ва сиёсатчилар томонидан озорларга учради. Ўз ҳаёти давомида вазиятни афзалроқ томонга ўзгартириш устида иш олиб борди. Исломий оламда Ислом дини устига ёпирилиб келаётган хавф-хатарни сезгандан бошлаб фаолияти кучайди. Қизиқтирув ёхуд қўрқитувларга қарамасдан, оғишмасдан шу ҳолатини ўзгартирмай давом эттирди.

Шайх Мустафо Сабрий (роҳимаҳуллоҳ) ҳижрий 1373 йил 7 ражаб – мелодий 1954 йил 2 март куни Қоҳирада вафот этди. Аллоҳ бу шайхни раҳмат қилиб, Ўз ажру азимларини дариғ тутмасин. Бизни ҳам у кишининг тажрибаси ва билимларидан баҳраманд қилсин. У ҳар бир нарсага қодир ва дуоларни ижобат қилишга лойиқ Зотдир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button