АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланди

АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланди
11 апрель куни Покистон воситачилигида АҚШ ва Эрон ўртасида ўта муҳим музокаралар жараёни бошланди. Америка делегацияси таркибида вице-президент Жей Ди Вэнс, Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва президентнинг куёви Жаред Кушнер каби нуфузли шахслар бор эди. Эрон томонидан эса музокараларга парламент раиси Муҳаммад-Боқир Қолибоф ҳамда ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи иштирок этди. 21 соат давом этган кескин баҳслардан сўнг томонлар келишувга эриша олмади. Бу ҳолат икки ҳафтага мўлжаллаб ўрнатилган ўт очишни тўхтатиш режимининг келажагини мавҳумлик гирдобида қолдирмоқда.
Тарихий музокаралар якунида АҚШ делегацияси раҳбари Жей Ди Вэнс музокараларни «мазмунли» дея таърифлади, бироқ Эрон «АҚШнинг шартларини қабул қилишдан бош тортганини» афсус билан қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу вазият «Америкадан кўра кўпроқ Эрон учун ёмон хабардир». Вэнс ўз баёнотида АҚШ, Эрон ва (Исроил) ўртасида келишилган 14 кунлик ўт очишни тўхтатиш муддати тугагач, воқеалар ривожи қандай тус олиши ҳақида ҳеч нара демади. Шундай бўлса-да, покистонлик воситачилар томонларни тинчлик режимини имкон қадар сақлаб қолишга чақиришди.
Эрон делегацияси Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув чоғида ўзларининг «қизил чизиқлари»ни очиқ баён қилганини маълум қилди. Теҳроннинг асосий талаблари қаторидан Америка-(Исроил) ҳужумлари оқибатида етказилган зарар учун товон пули тўланиши ҳамда Эроннинг музлатиб қўйилган активлари озод этилиши ўрин олган.
«Axios» порталининг хабар беришича, Эроннинг Ҳурмуз бўғози устидан назоратни сақлаб қолиши ва бойитилган уран захираларини топширишдан бош тортиши музокаралардаги энг нозик ва баҳсли нуқталар бўлган. Эроннинг «Tasnim» ахборот агентлиги ҳам келишмовчиликлар айнан Ҳурмуз бўғози ва ядровий дастур билан боғлиқ бўлганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий делегациялар икки-учта асосий масалада муросага кела олмаганини айтди. «Биз аввалбошданоқ биргина учрашув билан якуний келишувга эришиш амримаҳол эканини англаган эдик», — дея қўшимча қилди у. Бақоий, шунингдек, Теҳрон Покистон ва бошқа дўстона муносабатдаги давлатлар билан алоқаларни давом эттиришини алоҳида қайд этди.




