Фақат номи ҳалол: Исломнинг молиявий тамойиллари қандай бузиб талқин қилинмоқда?

Фақат номи ҳалол: Исломнинг молиявий тамойиллари қандай бузиб талқин қилинмоқда?
Қирғизистон парламентида «…халққа Ислом молия тамойилларини ипидан-игнасигача тушунтириш зарур», деган таклиф илгари сурилди. Бунга «Муробаҳа» ва «Мушорака» каби исломий терминларнинг кўпчилик учун тушунарсизлиги ҳамда ушбу тамойилларни банк соҳасига жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси атрофидаги баҳс-мунозаралар сабаб бўлди.
Бу муҳокама бир нечта асосий нуқталарга бориб тақалмоқда. Депутатлар кўплаб меъёрлар ва терминлар мураккаблигини, уларни халқчил тилда изоҳлаш кераклигини таъкидлашди. Илимбек Кубаничбеков халқнинг 80 фоизи мусулмонлардан иборатлигини ва ҳалол молиялаштиришга талаб юқорилигини қайд этди. Миллий банк вакили эса «муробаҳа» — бу устама фоизсиз, бироқ қўшимча қиймат қўшиш орқали бўлиб-бўлиб тўлаш эканини тушунтирди. Шу билан бирга, у ушбу шартнома шартлари оддий кредитларга ўхшашлигини, ҳатто энг юқори ставкаси 29,9 фоизгача етиши мумкинлигини тан олди. Шу боис, «Ставка ўша-ўша қолиб, шунчаки номи ўзгартириляптими?» – деган ҳақли савол туғилди.
Айнан шу ерда бир нарсани аниқлаштириб олиш лозим. Ҳа, терминларни халққа тушунтириш зарур, лекин бундай терминларни капиталистик иқтисодий тузумда қўллаш қанчалик тўғри ва ўринли бўлиши мумкин? Ваҳолангки, буларнинг барчаси халқни алдашдек бўлиб кўринмоқда. Бироқ асосий масала — ким нимани тушунтириб бериши кераклиги замирида ётибди.
Агар банклар ўз маҳсулотларини фақат ўзларининг тор таърифлари билан изоҳлай бошласа, унда бу иш халқнинг саводхонлигини ошириш эмас, балки исломий терминларни ўз манфаатларига мослаб бузиб талқин қилиш бўлиб қолади. Исломда молиявий воситаларнинг ҳалоллиги маркетинг ёки назорат органлари томонидан эмас, шаръий экспертиза орқали белгиланади. Шу сабабли, Ислом олимлари иштирокисиз ва муайян моделларнинг ҳалоллигига далиллар келтирилмасдан қилинган ҳар қандай «изоҳ» бирёқлама бўлиб қолаверади.
Бундан ташқари, муҳокама доираси бошиданоқ жуда тор олинган. Чунки ҳамма нарса фақат «муробаҳа»га бориб тақалиб, исломий молиялаштириш гўёки шунчаки «фоизсиз бўлиб тўлаш» деган тушунча пайдо бўлмоқда. Бу — масалани ҳаддан ташқари соддалаштиришдир.
Мусулмонларга жозибали кўриниш мақсадида қўлланилаётган бу моделларнинг бирортаси ҳам Ислом иқтисодиётининг руҳига мос келмайди. Бироқ айни пайтда, хатарлар ҳақида ва банклар масъулиятни тўлиқ мижоз зиммасига юклаб қўяётгани ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти. Чунки бундай баҳслар банк тизими учун ноқулайлик туғдиради ва белгиланган фойдани олишга тўлиқ кафолат бермайди.
Банк вакиллари «бу фоизсиз» деганлари билан, амалда устама ставкалар одатий схемалар билан бир хил бўлиб қолмоқда ва буни ўзлари ҳам эътироф этишяпти. Шунингдек, банкнинг даромади олдиндан аниқ белгиланган, ҳисоблаш мантиғи эса муддатга асосланганлигича қолмоқда. Натижада: «Бу ҳақиқатан ҳам савдо устамасими ёки шунчаки номи ўзгарган фоизми?» деган савол туғилмоқда.
Ваҳоланки, Ислом шариатида бундай шартноманинг нафақат шакли, балки моҳияти ҳам тақиқланган. Аниқроғи, пулнинг ўзидангина кафолатланган фойда кўришга йўл қўймайди. Агар бирор савдонинг иқтисодий табиати оддий кредитдан фарқ қилмаса, унинг номини ўзгартириб қўйиш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди, аксинча бу унинг ҳақиқатини яширишга хизмат қилади, холос.
Спекуляциянинг белгилари айнан шу ерда кўзга ташланмоқда: Исломга адолатли ечимлар дини сифатида қизиқиш ортиб, одамлар шубҳали нарсалардан қоча бошлаганда, банклар ўша эски, зарарли схемаларни «исломий ном» остида халққа тақдим қилмоқда.
Энди масалага шунчаки юзаки қараш билан кифояланмай, «муробаҳа» аслида қандай бўлиши кераклигига тўхталиб ўтсак. Муробаҳа — бу «банк товар олиш учун шунчаки пул беради», дегани эмас. Банк савдо иштирокчиси, яъни сотувчи сифатида барча масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим. Яъни:
- Мижоз товарни танлайди;
- Банк ушбу товарни аввал ўзи сотиб олади ва унинг эгасига айланади;
- Товар билан боғлиқ барча хатарлар (ҳатто товарнинг бузилиши, ундан воз кечилиши ва ҳ.к. ҳолатлар) банкнинг зиммасига тушади;
- Шундан кейингина банк товарни мижозга сотиши мумкин;
- Нарх қатъий белгиланади: таннарх + белгиланган устама (фойда);
- Бу нарх вақт ўтиши билан ўзгармайди ва фоиз каби қайта ҳисобланмайди.
Банк пулдан пул ясамаслиги керак; у товар сотиш ва унга эгалик қилиш хавфини бўйнига олгандагина даромад олишга ҳақли. Мана шу — муробаҳанинг асл мазмуни. Агар бу шартлар бўлмаса, «муробаҳа»нинг фақат номи қолган бўлади.
Айнан шу нуқтада банклар таклиф этаётган «муробаҳа»нинг фарқи фош бўлади:
- Банк товарни амалда ўз мулки қилиб олмайди;
- Банк сотувчи учун фақат тўлов кафили сифатида иштирок этади;
- Банк шартномани бир нечта боғланган битимлар (уч томонлама келишувлар) орқали тузади;
- Банк вақт ҳисобидан даромад топади ва гарчи расмий равишда буни «савдо» деб атаса-да, амалда очиқчасига кредитордек иш юритади.
Шу сабабли, бу соҳада аниқлик талаб қилиш ва очиқ мулоқотлар ўтказиш ниҳоятда муҳимдир. Бироқ бундан кўзланган мақсад — халқ учун тушунарсиз бўлган терминлар атрофидаги найранглар тўхтатилиши керак. Агар бу тадбирлар шунчаки «бўлиб-бўлиб тўлаш қандай бўлади» деган нарсани тушунтириш билан чекланса, бу қўйилган вазифани атайлаб бузиб талқин қилиш билан баробардир.
Шундай экан, қуйидаги барча саволларнинг жавоблари очиқланиши шарт: «Ҳалол ва ҳаром ўртасидаги чегара қандай бўлади, шерикликнинг кредитдан фарқи нима ва қайси ҳолларда “исломий деб аталган нарса” ҳақиқий Ислом тамойилларига мос келади-ю, қайси ҳолатларда фақат номи шундай бўлади?»
Акс ҳолда, банклар халқ ишончини йўқота бошлаган бир пайтда, бу ишончни реал муқобил йўллар билан қайта тиклаш ўрнига, шунчаки эски механизмларни исломий қоғозга ўраш билан чекланиб қоладилар. Бундай ёндашув эса узоққа бормайди, чунки эртами-кечми одамлар сўз ва терминларни эмас, балки алдамчи схемаларнинг моҳиятини англаб етадилар.
Хужжат Жамиа




