Мақолалар

Вазирларнинг АҚШга ташрифи

Вазирларнинг АҚШга ташрифи

15 апрель куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари бошчилигидаги делегациянинг АҚШга ташрифи бўлиб ўтди. Бу ташрифдан кўзланган мақсадлар аввалгиларидан фарқ қилмайди, яъни Кремль ва Пекинга суяниш етарли бўлмай қолган шароитда, янги маблағ манбалари, янги ҳамкорлар ва янги имкониятлар излашдан иборатдир.

Расмий маълумотларга кўра, ушбу ташриф Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банкининг баҳорги йиғилишларида иштирок этиш билан боғлиқ. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган бу анжуманлар бутун дунёдан молия вазирлари, марказий банк раҳбарлари, йирик инвесторлар ва йирик корпорация вакилларини бир даврага жамлайди. Унда глобал иқтисодиёт, ташқи қарзлар, инфляция ва тараққиёт лойиҳаларини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинади. Аммо бу йиғин асл моҳиятига кўра, иқтисодиёти заиф давлатлар ўзларини кўрсатишга уринадиган, турли грант ва инвестициялар илинжида музокаралар олиб борадиган ўзига хос йирик «молиявий бозор» ҳисобланади.

Қирғизистон ҳукумати бундай тадбирларни қудратли томонлардан тўғридан-тўғри кредит ундириш учун қулай фурсат деб билади. Шу боис, расмий кун тартибидан ташқари, АҚШ маъмурияти, бизнес олами ва технология гигантлари вакиллари билан ҳам алоҳида учрашувлар ўтказилмоқда.

Бишкек илгари сураётган марказий лойиҳалардан бири — Қамбарота-1 ГЭСидир. Бу нафақат Қирғизистон учун, балки бутун минтақа учун энергия манбаи бўлиши кутилаётган лойиҳа ҳисобланади. Бироқ шуни англаш лозимки, бундай лойиҳалар фақат электр энергиясига боғлиқ эмас. Амалдорлар учун бу — тез топиладиган катта маблағ, назорат ва узоқ муддатли мажбуриятлар демакдир. Қурилишни ким молиялаштирса, ўша томон қарз бериш орқали бошқарув жиловларини ва таъсир кўрсатиш ричагларини ўз қўлида сақлаб қолади.

Бу ерда энг асосий масала бўй кўрсатади: ХВЖ ва Жаҳон банки каби майдонларда муҳокама қилинадиган маблағлар камдан-кам ҳолларда “оддий шарт” билан берилади. Одатда, бу пуллар муайян сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар талаби ва қатъий қайтариш мажбурияти билан бериладиган қарзлардир. Бошқача айтганда, гап беғараз совғалар ҳақида эмас, балки оқибатда мамлакат иқтисодиётига ва оддий халқ елкасига тушадиган оғир қарз юки ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга, Қирғизистон ўзини келажакдаги технологик ҳамкор сифатида намоён этишга интилмоқда. NVIDIA, Oracle ва SpaceX каби дунёга таниқли компаниялар билан учрашувлар — кўпроқ имиж яратиш ва (рақамлаштириш, сунъий интеллект ва ҳ.к.) замонавий кун тартибга қўшилишга уринишдир. Бу, шубҳасиз, муҳим масала ҳисобланади, аммо бундай алоқалар камдан-кам ҳолларда тезкор натижа беради. Кўпинча бу охири номаълум бўлган узоқ давом этувчи жараён бўлади.

Камёб табиий ресурслар масаласи эса алоҳида мавзу ҳисобланади. Қирғизистон ташқи кучларни ўз ер остидаги ноёб металларини қазиб олиш имкониятлари билан қизиқтиришга уринмоқда. Бундай ресурслар учун глобал рақобат кучайган даврда бу мантиқий кўринади. Бироқ муаммо ҳозирги реаллик (лойиҳа ёки маҳсулот)да эмас, балки келажакдаги эҳтимолий даромадларнинг сотиб юборилаётганлигидадир. Бу эса хавф-хатарни билдиради. Агар лойиҳалар кутилганидек амалга ошмай қолса, мамлакат кутилган фойда ўрнига қарз мажбуриятлари  ва назорат остида қолаверади.

Бу ташриф кимга манфаатли экани ҳақида айтадиган бўлсак, АҚШ бу ерда Хитой ёки Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашувга кирмай, иқтисодий ва технологик йўллар орқали минтақадаги ўз таъсирини эҳтиёткорлик билан кучайтириш имкониятига эга бўлмоқда. Халқаро молиявий ташкилотлар эса кредит бериш ва ўзларининг “мустамлакачилик” ўйин қоидаларини ёйиш билан ўз таъсирини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлмоқда..

Қирғизистоннинг ўзи учун эса бундай фаоллик доимо асоссиз таваккалчилик билан боғлиқ. ХВЖ ва Жаҳон банки механизмлари шундай тузилганки, пул мажбуриятлар билан бирга келади. Қисқа муддатда бу тараққиётдек туюлиши мумкин: бинолар қурилади, инвестиция кела бошлайди, фаоллик сезилади. Лекин узоқ муддатли истиқболда тўланиши шарт бўлган қарзлар бўйинга сиртмоқ бўлиб илинади.

Бу ерда муҳим бир савол туғилади: охир-оқибат бу қарзларнинг ким тўлайди? Одатда, бундай қарзлар бутун бошли халқнинг ҳисобидан қопланади. Бу эса солиқларнинг ошиши, тарифларнинг кўтарилиши ва ижтимоий харажатларнинг қисқариши орқали амалга оширилади.

Шу боис, бу каби ташрифларни мутлақ тараққиёт сифатида баҳолаб бўлмайди. Давлат амалда бугунги озгина маблағ эвазига ўзининг келажакдаги даромадларини, бойликларини ва стратегик лойиҳаларини «сотиб юбормоқда». Амалдорлар бу келишувлардан ютуққа эришиши мумкиндир, аммо қарз юки барибир оддий халқ зиммасида қолаверади.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШга бўлган бу ташриф — минтақага бўлган ташқи қизиқишдан фойдаланиб қолиш ҳаракатидан бошқа нарса эмас. Бироқ бундай хавфли ўйин ҳар доим халқнинг халқаро ташкилотларга бўлган «қарамлигини» янада орттиради. Мамлакат қанча кўп мажбурият олса, унинг сиёсий баҳоси шунчалик юқори бўлиб бораверади.

Абду Шукүр

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button