Мустақиллик иллюзияси: Элиталар эҳтиёткорлиги ташқи таъсирни қандай кучайтирмоқда?

Мустақиллик иллюзияси: Элиталар эҳтиёткорлиги ташқи таъсирни қандай кучайтирмоқда?
Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёевнинг Бухородаги учрашуви бутун Марказий Осиёнинг қиёфаси ўзгариши мумкинлигидан далолат бермоқда. Ушбу ташриф режали характерга эга бўлиб, давлатлар ўртасида шаклланган норасмий ва мунтазам алоқалар доирасида амалга оширилган бўлса-да, унинг мазмуни ва асосий йўналишлари бугунги геосиёсий вазият туфайли сезиларли даражада тус олди. Бу, аввало, Эрон атрофидаги мураккаб вазият ва умуман минтақадаги беқарорлик билан боғлиқдир.
Бу учрашувнинг ўзиёқ Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга ўтаётганини акс эттиради. Бу ерда бутун Марказий Осиё кун тартибини белгилашга қодир бўлган минтақавий марказнинг шаклланиши ҳақида сўз бормоқда. Албатта, бу «энди ҳамма нарсани биз ҳал қиламиз» деган маънони англатмайди. Тўғрироғи, бу минтақавий ташаббуслар ва масъулиятларни ўзаро тақсимлашга бўлган интилишнинг ифодасидир. Шу нуқтаи назардан, Бухоро рамзий майдон сифатида намоён бўлмоқда. У ерда илгари расмий равишда муҳокама қилиниб келинган маданий мерос мавзулари эндиликда аста-секинлик билан ўз ўрнини келажак ҳақидаги — яъни бир-бирига ўзаро чамбарчас боғлиқ, иқтисодий жиҳатдан мустақил ва сиёсий майдонда ўз сўзига эга бўлган минтақани барпо этиш борасидаги мулоқотларга бўшатиб бермоқда.
Мазкур мулоқот турли қудратли кучлар таъсиридан чиқиш ёки ҳеч бўлмаганда бу таъсирни камайтиришни кўзлайди. «Таъсирни камайтириш» деганда АҚШ, Хитой ёки Россия каби йирик давлатлар билан ҳамкорликдан воз кечиш эмас, аксинча, уларнинг бирортасига тўлиқ қарам бўлиб қолишдан қочиш ҳаракати тушунилади. Умуман олганда, Марказий Осиё азалдан ташқи сиёсатнинг шунчаки объекти бўлишдан воз кечиб, турли куч марказларининг манфаатларини мувозанатда тута оладиган мустақил иштирокчи ролига ўтишга интилмоқда.
Шу билан бирга, транспорт тармоғи масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Транскаспий йўналишини ривожлантириш, портларни модернизация қилиш ва беқарор ҳудудлар орқали ўтувчи жанубий йўлларга муқобил излаш — буларнинг барчаси Қозоғистон ва Ўзбекистондан мослашувчан ва барқарор логистика тармоғини тузишни талаб қилади. Бироқ бу лойиҳалар бутун Марказий Осиё номидан амалга оширилмоқда.
Бу ерда Хитой омили ҳам муҳимдир: бир томондан, минтақа «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасидаги транзитдан манфаатдор. Лекин у айни пайтда, иқтисодий фойдалар сиёсий чекловлар билан бирга келадиган янги қарамликка тушиб қолишдан хавотирланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзига хос тандеми ёки дуумвирати (сиёсатни биргаликда белгилайдиган икки асосий фигуранинг расмий ёки норасмий бошқарув шакли) шаклланмоқда. Ҳар икки давлат ҳам минтақада энг йирик иқтисодий ва демографик салоҳиятга эга бўлгани учун бирлаштирувчи ролни ўз зиммасига олмоқда. Бу уларга сиёсий нуфузнинг ортиши, асосий логистика оқимларини назорат қилиш ва инвестициявий жозибадорликнинг ўсиши каби қўшимча имтиёзларни кафолатлайди. Шу билан бирга, бундай тузилма минтақадаги қўшни давлатларда табиий равишда саволларни туғдириши тайин. Ягона мафкуравий ва сиёсий асос бўлмагани сабабли, Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг муносабати, албатта, турлича бўлади:
- Қирғизистон эҳтиёткор ва прагматик позицияни эгалламоқда. Мамлакат янги йўналишлардан фойда олишга интилади, лекин айни пайтда иккинчи даражали иштирокчи бўлиб қолишдан хавотирда.
- Тожикистон асосий транспорт томирларига чиқиш имконияти чеклангани сабабли кўпроқ қарамдек кўринади ва интеграция жараёнларидан четда қолиш хавфи остида турибди.
- Туркманистон эса, умуман олганда, узлат ҳолатида. У анъанавий тарзда масофа сақлаб, фақат тўғридан-тўғри иқтисодий наф келтирадиган лойиҳаларгагина қўшилади.
Айнан шу ерда энг катта хавфлардан бири, аниқроғи, Қозоғистон ва Ўзбекистон қарор қабул қилиб, қолган давлатлар эса уларга мослашишга мажбур бўладиган «Марказ ва чекка ҳудуд» модели юзага келмоқда. Транзит оқимлари учун рақобат, шунингдек, сув ва энергетика ресурслари соҳасида сақланиб қолаётган зиддиятлар қўшимча тарангликни юзага келтиради. Ташқи сиёсий йўналишлардаги фарқлар ҳам ягона минтақавий стратегия ишлаб чиқишни қийинлаштиради.
Шундай бўлса-да, кескин узилиш пайдо бўлиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда, аммо бу моделнинг муваффақиятига ҳам катта умид боғлаб бўлмайди. Минтақадаги барча давлатлар ҳамкорликдан объектив равишда манфаатдор, чунки иқтисодий ўзаро боғлиқлик, миграция оқимлари ва умумий хавфсизлик таҳдидлари бир-биридан ажралиб яшашни фойдасиз қилиб қўяди. Шу сабабли, ҳозирги босқичда Остона ва Тошкент тутаётган йўл ҳукмронлик қилишга эмас, балки мувофиқлаштириш ҳаракатига асосланган. Бу қўшниларнинг интеграцияни қандай қабул қилишига бевосита таъсир кўрсатадиган принципиал масаладир.
Аслида, бугунги кунда минтақада Европа Иттифоқи каби классик интеграцион блоклардан фарқли ўлароқ, анча мосланувчан ва шу билан бирга заиф бир тизим шаклланмоқда. Ушбу жараёнда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзига хос «марказ» вазифасини ўтаётган бўлса, қолган давлатлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, транспорт, энергетика ва савдо лойиҳаларига иштирок этмоқда. Бу «турли тезликдаги» ривожланиш модели бўлиб, унда иштирок этиш даражаси лойиҳанинг самарадорлигига қараб турлича бўлади. Бироқ бу самарадорлик ҳамма учун бирдек сезилавермайди. Барча иштирокчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни илгари суриш учун масъулият механизми эса бу модел доирасида умуман кўзда тутилмаган.
Асосий муаммо — эълон қилинган мақсадларнинг амалга ошишидадир. Марказий Осиёнинг мустақил куч марказига айланиши қаршисида бир қатор тўсиқлар мавжуд: ички бозорнинг нисбатан торлиги, иқтисодиётнинг хомашёга қарамлиги, ташқи йўллар ва инфратузилмага қарамлик ҳамда қўшни ҳудудлардаги беқарорлик шулар жумласидан. Бу беқарорлик мустамлакачи кучлар томонидан, минтақани ўз чангалида ушлаб туриш мақсадида атайлаб авж олдириб турилади. Шунингдек, «янги қарамлик» домига тушиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмас: ҳамкорларни диверсификация қилиш ташқи таъсирнинг моҳиятини эмас, шунчаки шаклини ўзгартиради, холос. Зеро, йирик давлатларга қарам бўлишнинг туб илдизлари ўрганилмайди ва бу борадаги муносабатлар мафкураси қайта кўриб чиқилмайди. Марказий Осиёда асосий мезон сифатида ҳануз халқ манфаати эмас, балки минтақадаги давлат етакчиларининг шахсий манфаатлари устувор бўлиб қолмоқда.
Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, бу ташаббуслар учун энг муносиб термин сифатида «мувозанатлаш модели»ни айтиш мумкин. Шу йўл билан Марказий Осиё ўзининг прагматик позициясини сақлаб қолишга уринади. Бошқача айтганда, у Хитой, Россия, Ғарб ва минтақавий кучлар билан бир вақтда ҳамкорлик қилиб, уларнинг бирортасига бутунлай тобе бўлиб қолмасликка ҳаракат қилади. «Ташқи омиллар таъсирини камайтириш» стратегиясининг асл моҳияти ҳам айнан шунда. Бу стратегия ташқи ўзаро боғлиқликдан воз кечишда эмас, балки фақат қарамликни қайта тақсимлашда кузатилади.
Шу нуқтаи назардан, Бухородаги учрашувни ўтиш давридаги ҳаракатларнинг давоми сифатида баҳолаш мумкин. Марказий Осиё аста-секин геосиёсий «ўрталиқ» мақомидан чиқиб, ўз субъектлигини шакллантиришга интилмоқда. Бироқ бу ҳаракатнинг муваффақияти фақат ташқи шароитларга боғлиқ эмас. Минтақа давлатларининг ўз манфаатларини ўзаро мувофиқлаштира олиши, манфаатларни баҳам кўриши ва ҳамкорликнинг мустаҳкам ички архитектурасини қуриш қобилияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Туб ўзгаришлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга ўтилгандагина мумкин бўлади. Бу босқичда куч манбаи сифатида нафақат давлат координацияси, балки халқнинг кенг қўллаб-қувватлови ҳам бўлиши шарт. Бошқача айтганда, бугунги ҳукуматларнинг қатъиятли ва салмоқли қарорлар қабул қила олмаётганининг сабаби — уларнинг фуқаролар ишончига таяна олмаётганидадир. Ички барқарорлик ва халқ билан жипслик бўлмаса, ҳокимиятнинг ташқи сиёсатда қатъий қадамлар ташлаши кутилмайди. Усиз ҳар қандай интеграцион лойиҳа эҳтиёткорлик чегаралари билан чекланиб қолаверади. Аниқроғи, адолат, хавфсизлик ва бирлик туйғусига асосланган ички жипслик бўлмас экан, мустақил минтақавий куч марказини қуриш йўлидаги ҳар қандай уринишлар чекланганлигича қолаверади.
Ҳақиқий суверенитет ташқи сиёсатдан эмас, балки ички таянчдан — инсонлардан, уларнинг ишончидан, стратегик мақсад йўлида фидойиликка тайёрлигидан бошланади. Марказий Осиёни, Яқин Шарқни ва умуман бутун Ислом оламини бирлаштиришга қодир бўлган ҳамкорликнинг ягона варианти — бу ўзининг адолатли низомига эга бўлган, Аллоҳ Таоло томонидан нозил қилинган Ислом мафкурасидир. Шу боис, дунё яна адолатли Халифаликнинг мунаввар тонги отадиган паллаларга етиб келди. Ушбу қудратгина мустамлакачиларнинг Исломий ўлкалар сиёсати ва иқтисодига бўлган тажовузига чек қўйиб, бутун оламга Яратганнинг адолатли қонунларини ёяди.
Латифул Расих




