Нетаньяхунинг илтижоси Европани иккига бўлди

Нетаньяхунинг илтижоси Европани иккига бўлди
2026 йилнинг апрель ойи ўрталарига келиб, Европа Иттифоқи ва яҳудий вужуди ўртасидаги сиёсий таранглик ўз чўққисига чиқди. Биньямин Нетаньяху Ливандаги ҳарбий амалиётлар кўлами кенгайганлиги сабабли, шошилинч ёрдам сўраб Европа давлатларига мурожаат қилди. Бироқ, у кутган мадад ўрнига кучли норозилик тўлқинига дуч келди.
Энг кескин жавоб Белгия томонидан берилди. Белгия (Исроил) билан тузилган асосий савдо шартномасини бекор қилишни талаб қилиш билангина чекланиб қолмай, ўз позициясини амалда кўрсата бошлади. Хусусан, у Антверпен портида (Исроил) армияси учун мўлжалланган, катта миқдордаги қурол-яроғ ортилган Британия кемасини мусодара қилди.
Бу воқеа Европа Иттифоқи ичидаги чуқур дарз кетган жиҳатларни фош қилмоқда. 2000 йилдан буён икки томон ўртасида «Евроиттифоқи – (Исроил) Ассоциацияси» номли келишув амал қилиб келаётган эди. Айнан шу келишув бугунги зиддиятларнинг бош омилига айланди. Яъни ушбу келишув икки томонлама муносабатларнинг иқтисодий асоси ҳисобланади: Европа Иттифоқи сионистларнинг энг йирик савдо шериги бўлиб, улар ўртасидаги йиллик товар айланмаси тахминан 50 миллиард еврони ташкил этади. Мазкур келишув орқали (Исроил) Европа бозорига имтиёзли шартлар асосида кириш имконига эга бўлиб келади.
Келишувнинг энг муҳим нуқтаси — унинг 2-моддасидир. Унда савдо алоқалари инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши билан бевосита боғлиқ эканлиги қатъий белгиланган. Бугунги кунда Испания, Ирландия, Словения ва Белгия каби давлатлар (Исроил)нинг Ғазо ва Ливандаги ҳаракатлари ушбу моддани қўпол равишда бузаётганини таъкидламоқда. Бу эса Брюсселга келишувни бутунлай тўхтатишгача бўлган «тегишли чораларни» кўриш ҳуқуқини беради.
Сиёсий тазйиқлардан ташқари, жамоатчилик босими ҳам кучайиб бормоқда: алоқаларни узишни талаб қилган Европа фуқаролик ташаббусига ҳозирда 1,1 миллиондан ортиқ киши имзо чекди.
Бироқ Германия, Италия ва Венгриядан иборат бир гуруҳ давлатлар бу қарорни тўхтатишга уринмоқда. Келишувни тўлиқ бекор қилиш учун Европа Иттифоқига аъзо барча 27 давлатнинг розилиги талаб қилинади. Германия одатдагидек (Исроил) хавфсизлигини ўз давлатининг манфаати деб билади, Венгрия эса азалдан (Исроил)га қарши санкцияларга вето қўйиб келади.
Бу вазият Европа Иттифоқини боши берк кўчага киритиб қўйди. Бунга жавобан, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича Олий вакили Кая Каллас бошқа бир йўлни таклиф қилди. У келишувни бутунлай эмас, балки фақат унинг имтиёзли савдо имкониятларига тегишли қисмини тўхтатишни илгари сурди. Бундай чора учун барча аъзоларнинг розилиги шарт эмас, кўпчилик овоз кифоя қилади. Шу тариқа, Германиянинг қаршилигини айланиб ўтиш осонлашади.
Шу билан бирга, Белгия ҳам мустақил равишда ҳаракат қилмоқда. Оғзаки қуруқ пўписалардан ташқари, Валлония ва Фландрия ҳукуматлари «нозик товарлар»нинг катта партиясини мусодара қилди. Улар орасида Американинг «Moog» компанияси томонидан Белгия портлари орқали (Исроил)га транзит қилинаётган лазерлар, нишонга олиш воситалари, ўт очишни бошқариш тизимлари ва ҳарбий самолётлар учун эҳтиёт қисмлар бор.
Белгия ҳукуматининг таъкидлашича, бу юклар 2025 йилда қабул қилинган қурол-яроғ ва икки томонлама мақсадларда қўлланиладиган технологиялар транзитини тақиқловчи ҳужжатга зиддир. Таҳлилчиларнинг фикрича, Европанинг санкциялар сиёсати энди Брюсселнинг ягона сиёсати орқали «юқоридан пастга» эмас, балки айрим давлатларнинг миллий судлари ва божхона хизматлари орқали «пастдан юқорига» қараб йўналмоқда. Бу ҳолат (Исроил) логистикаси учун ҳақиқий тартибсизликни келтириб чиқармоқда.
Нетаньяху учун бу хавф «секин бўғилиш» характерига эга: Германиянинг позицияси сабабли тўлиқ эмбарго жорий этилмаса ҳам, яҳудий вужуди «Горизонт Европа» фондига кириш имкониятидан маҳрум бўлиш ва Белгия, Нидерландия ёки Германия портларида ўта муҳим юкларнинг божхона тўсиқларига дуч келиш хавфи остида қолмоқда.
Бундай вазият Европа йўналишини иқтисодий жиҳатдан фойдасиз қилиб қўяди, қурол-яроғ транзитини эса иштирокчи давлатларнинг миллий қонунчилигини бузмасдан амалга оширишни имконсиз ҳолатга келтиради.




