Хабар ва изоҳ

Қирғизистонда 1 майдан бошлаб электр энергияси нархи кўтарилди

Қирғизистонда 1 майдан бошлаб электр энергияси нархи кўтарилди

Қирғизистонда 1 майдан бошлаб электр энергияси тарифлари кўтарилди. Ушбу қарор 2025–2030 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли тариф сиёсатининг навбатдаги босқичи доирасида амалга оширилмоқда.

Унга кўра, 2030 йилга қадар ҳар йили 1 майдан тарифлар мунтазам равишда ошиб боради. Жумладан, жорий йилда нарх 27 тийинга ошган бўлса, 2027 йилда 33 тийин, 2028 йилда 39 тийин, 2029 йилда 47 тийин ва ниҳоят 2030 йилга бориб 57 тийинга қимматлайди.

Оддий истеъмолчилар учун 1 майдан эътиборан 700 кВт/соатгача ишлатилган электр энергияси учун 1 сом 64 тийиндан, ушбу меъёрдан ошган тақдирда эса 2 сом 94 тийиндан тўлов белгиланди. Тоғли ва бориши қийин бўлган ҳудудлар аҳолиси учун тариф 1 сом 64 тийин этиб белгиланган. Кам таъминланган («Оилага кўмак» нафақасини олувчи) оилалар 700 кВт/соатгача 50 тийиндан, ундан ошса 2 сом 94 тийиндан ҳақ тўлашади. Аҳоли учун «Чексиз» тарифи эса 4 сом 17 тийиндан ҳисобланади. Таққослаш учун, шу пайтгача 700 кВт/соатгача бўлган нарх 1 сом 37 тийин эди.

Мамлакатда электр энергияси тарифлари тез-тез қимматлашига қарамай, қишнинг қаҳратон кунларида аҳолига етарли даражада энергия етказиб берилмай келмоқда. Халқ ҳанузгача вақти-вақти билан чироқ ўчирилишига дуч келмоқда. Ёзнинг жазирамасида эса расмийлар одамларни совутгич ва кондиционерларни тежаб ишлатишга чақиришади.

Бунинг акси ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини юритиш учун электр энергиясини сув текинга олишмоқда. Расмий ҳукумат электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийинга етишини айтиб келаётган бўлса-да, гап капиталистларнинг манфаатига келганда, бу таннарх 60 тийиндан ҳам арзонлаб кетмоқда.

Аслида Қирғизистоннинг энергетик инқироздан чиқа олмаётганига сабаб тарифларнинг арзонлиги эмас, балки соҳадаги коррупция ва капиталистларнинг турли найрангларидир. Масалан, амалдорлар суғориш мавсумида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув сотиб, чўнтагини қаппайтиришади. Қишда эса қайтадан электр энергияси сотиб олиш учун шартномалар тузиб, яна яширинча даромад кўришади. Мана шундай чирмашиб кетган коррупцион схемаларни йўқотиш ўрнига, ҳар гал келган ҳукумат тарифларни ошириш орқали халқнинг елкасидаги юкни оғирлатишни афзал кўрмоқда. Сайловолди ваъдаларнинг шунчаки қуруқ шиор ва алдов экани ҳар сафар фош бўлса-да, халқ охирги умид билан кейинги «сотқин» сиёсатчиларга алданиб қолишда давом этмоқда.

Ҳар бир янги президентнинг электр энергияси тарифларини оширишда бир «асосли» сабаби бор: бу сабаб мазкур соҳа учун олинган улкан кредитлар ва уларнинг коррупция йўллари билан ўзлаштирилишидир. Қирғизистон 1992 йилдан буён ҳозирги вақтгача энергетика соҳасига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу маблағларнинг асосий қисми чет эл молиявий ташкилотларидан кредит, ссуда ва грант сифатида олинган. Ҳар сафар кредит олинаётганда электр соҳасини «модернизация қилиш» баҳона қилинади. Аммо шунчалик улкан миқдордаги маблағларга қарамай, мамлакат энергетикаси ҳануз оғир аҳволда қолмоқда. Бу эса электр энергияси соҳаси коррупция ўчоғига айланиб қолганини тасдиқлайди. Бундан ташқари, халқаро молиявий ташкилотлар бу кредитларни мамлакатда тарифларни ошириш талаби билан беради. Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари мустамлакачиларнинг қуроли эканлигида шубҳа йўқ. Мустамлакачилар улар орқали қарз бериб, давлатларни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан жиловлаб олишади. Тарифларнинг ошиши эса мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотлар таннархининг кўтарилишига олиб келади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эллик капиталистларнинг арзон моллари билан рақобат қила олмай қолади.

Хулоса қилиб айтганда, муаммонинг асосий сабаби – бошимиз узра қора булутдек айланаётган капиталистик тузум ва унга хизмат қилувчи амалдорларнинг коррупцион схемаларидир. Улар халқнинг ҳаётий эҳтиёжи бўлган энергияни хусусийлаштириш ва талон-торож қилиш орқали улкан фойда кўришмоқда.

Аслида эса электр энергияси умумий мулк бўлиб, Исломда унинг ўзига ҳам, унинг фойдасига ҳам  давлат ёки хусусий ширкатлар эгалик қилиши мумкин эмас. Унинг ўзи ёки ундан тушган даромад ҳар бир фуқарога етиб бориши ва Умматнинг манфаатига хизмат қилиши лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

فِى ثَلاَثٍ فِى الْمَاءِ وَالْكَلَإِ وَالنَّارِ

«Мусулмонлар уч нарсада — сув, яйлов ва оловда шерикдирлар».

Анас розияллоҳу анҳу ҳам ушбу ҳадисни Ибн Аббосдан ривоят қилар экан, унга «буларнинг пули ҳаромдир» деган сўзларни илова қилган. Бундан англашиладики, умумий мулк ёки ундан келадиган даромадларнинг ҳар бир фуқарога етиб боришини таъминлаш — давлатнинг зиммасидаги бурчидир.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button