Бишкекдаги ШҲТ саммити: Хавфсизлик назорат қуроли

Бишкекдаги ШҲТ саммити: Хавфсизлик назорат қуроли
14 май куни Бишкекдаги «Ала-Арча» қароргоҳида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгаши котибларининг 21-йиғилиши ўз ишини бошлади. Ушбу учрашув Қирғизистоннинг ташкилотдаги раислиги доирасида ташкил этилди.
Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар: Россия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларусия давлатларидан вакиллар қатнашмоқда. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров учрашувнинг расмий очилиш қисмида иштирок этди.
Кун тартибидан яна ўша — эски ва аслида мавжуд бўлмаган «таҳдидлар» асосий мавзу сифатида ўрин олди. Хусусан, хавфсизлик масалалари, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши кураш, шунингдек, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда трансмиллий жиноятчиликка чек қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ШҲТ давлатларининг навбатдаги қўшма аксилтеррор машқларини ўтказиш режаларини ҳам кўриб чиқдилар.
Изоҳ:
ШҲТ Марказий Осиёнинг Кремль ва Хитой сиёсатига қарамлигини мустаҳкамловчи ташкилот эканини аллақачон исботлаб бўлган. Бу ташкилот минтақа мамлакатлари ўз ташаббусларини илгари сурадиган ёки суверенитетини мустаҳкамлайдиган майдон эмас. Аксинча, у хавфсизлик мавзусини суиистеъмол қилиш орқали мустамлакачилик муносабатларни қонунийлаштирувчи ўзига хос механизмдир.
Бу тенденция ШҲТнинг хавфсизликка бўлган ёндашувини шакллантиришида яққол кўзга ташланади. Бу минтақа азалдан Ислом ери сифатида кўрилса-да, ШҲТ ҳужжатларида диний фаолликка алоҳида эътибор қаратилиб, Ислом асосий хавф-хатар сифатида талқин этилади. Шу тариқа, ташкилот исломий мафкурага бўлган муносабатини асосан экстремизмга қарши кураш призмаси орқали ифодалайди. Бу эса таълимдан тортиб хайрия ишларигача бўлган исломий ташаббусларни автоматик равишда чеклов остига олишда намоён бўлмоқда. Сиёсий фаолиятлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Махсус хизматлар мувофиқлашувини кучайтириш, маълумот алмашиш ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ваколатларини кенгайтириш —Хитой ва Россиянинг исломий жамоаларга нисбатан қўллаётган қаттиққўл сиёсатини ушбу минтақага ҳам амалда қўллаш демакдир. Бу жараён мустақил имомларга босим ўтказиш, диний таълим олишни мураккаблаштириш, мусулмонларнинг ҳар қандай жамоавий ёки шахсий фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва кибер-кузатувнинг кенгайтириш билан амалга оширилмоқда.
Бундай ёндашув минтақадаги диний муҳитнинг борган сари ёмон аҳволга тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларда мусулмон жамоалар устидан назорат кучайиб, таълим даргоҳларига қўйиладиган талаблар кескинлашмоқда. Кўплаб диний лойиҳалар ташаббускорлари эса яширин фаолият юритишга мажбур бўлишмоқда. Табиийки, бундай шароитда исломий таълим сифати пасайиб, чет эллик олимлар билан алоқалар заифлашади. Расмий диний идоралар эса диний авторитет сифатида эмас, балки борган сари бюрократик назорат қуроли сифатида қабул қилинмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат: Эрон атрофидаги вазият ШҲТ учун ўзига хос синов бўлиб, ташкилотнинг асл қиёфаси ва мақсадларини фош этди. Стратегик шериклик ва жамоавий хавфсизлик ҳақидаги баландпарвоз баёнотларга қарамай, ШҲТ амалда ўз аъзоси бўлган Эронни қўллаб-қувватлашда фаол позицияни эгалламади.
Расмий даражада ҳаммаси қуруқ дипломатик баёнотлар, вазминликка чақириқлар ва эҳтимолий воситачилик хизматларини таклиф қилиш билан чекланди. Ташкилот АҚШ ва унинг иттифоқчилари билан очиқ сиёсий тўқнашувга боришга журъат эта олмади, ҳеч қандай жамоавий ҳимоя механизмини ишга туширмади ва ўзини тўлақонли ҳарбий-сиёсий блок сифатида кўрсата олмади.
Москва ва Пекин томонидан кўрсатилган минимал ёрдам ҳам ШҲТ доирасида эмас, балки икки томонлама муносабатлар асосида амалга оширилди. Бу эса ташкилот инқирозли вазиятларда реал кўмак беришга қодир эмаслигини намойиш этди. У ўзининг фақатгина динга қарши курашувчи майдон бўлиб қолаётганини яна бир бор тасдиқлади. Шу боис, ШҲТ Марказий Осиёдаги мусулмон мамлакатларининг тараққиётига ҳисса қўшмайди. У фақат ички диний салоҳиятини бўғувчи ва тизимли босимни кучайтирувчи ташкилотдан бошқа нарса эмас.
Латифул Росих




