Мақолалар

Ташиев ва унинг беш маслакдошига нисбатан жиноий айблов эълон қилинди

Ташиев ва унинг беш маслакдошига нисбатан жиноий айблов эълон қилинди

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев ҳамда у билан бирга айбланаётган беш нафар шахсга нисбатан расмий айблов хулосаси эълон қилинди. Бу ҳақда 13 май куни адвокат Ақинбек Ногоев маълум қилди.

Сўнги маълумотга кўра, уларга нисбатан Жиноят кодексининг “Ҳокимиятни куч билан босиб олиш” ва “Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” моддалари бўйича айблов эълон қилинган.

Маълумки, шу йилнинг февраль ойида 75 нафар кишинг мурожаатидан сўнг мамлакатда сиёсий вазият кескинлашиб, Ташиев бошчилигидаги бир қатор мулозимлар лавозимидан четлаштирилган эди. Шунингдек, парламент спикери Нурланбек Тургунбек ўғли бошчилигидаги ўн нафарга яқин депутат мандатидан воз кечишга мажбур бўлди. Зеро, янги Конституцияга биноан, амалдаги парламент президентга импичмент эълон қилиш ҳуқуқига эга. Қонунчиликка кўра, агар президент бирор сабаб билан лавозимидан кетса, унинг вазифасини вақтинча парламент спикери бажариб туради. Спикернинг эса айнан Ташиевнинг қўллови билан мандатга эга бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу тариқа, ҳокимият тепасига амалда тандем бўлиб келган Ташиев вақт ўтиши билан Жапаровнинг навбатдаги президентлик сайловларидаги иштироки ва мутлақ ҳокимлиги учун асосий хавфга айланди. Оқибатда, Ташиевнинг давлат бошқарувида бўлган давридаги коррупцион ишлари акс этган видеолавҳалар пайдо бўлди, яқинларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди. Ниҳоят, навбат унинг ўзига ҳам келди ва прокуратура томонидан унга нисбатан айблов эълон қилинди. Бу билан Жапаров бўлажак сайловларда кучли рақиб пайдо бўлишининг олдини олмоқда ва ўз президентлик муддатини узайтириш учун йўл очмоқда. Хусусан, ўтмишдаги ҳокимиятнинг барча қора ишларида Ташиевни айбдор қилиш орқали уни “сиёсий мурда”га айлантириш ҳаракати яққол сезила бошдади. Бундан ташқари, Ташиев ва унинг атрофидагиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши уларни сайловолди сиёсий жараёнлардан бутунлай узоқлаштириб, қўл-оёғини боғлаб қўяди.

Ташқи омилларга тўхталадиган бўлсак, мамлакатда катта таъсирга эга бўлган Россия Ташиевнинг лавозимидан кетишига ҳеч қандай кескин муносабат билдирмади. Аксинча, айрим рус оммавий ахборот воситалари унинг лавозимидан четлатилишини олқишлаб, хабар тарқатди. Бу ҳолат Ташиевни ишдан четлатишда Россия Жапаровни билвосита қўллаб қувватлаганидан далолат беради.

Шунингдек, президент Жапаровнинг Москвага қилган сафаридан сўнг Ташиевнинг сўроққа чақирилиши ҳам диққатга сазовордир. Давлат раҳбари ушбу сафар якунлари бўйича берган интервьюсида Владимир Путин билан барча асосий масалалар юзасидан келишиб олганини таъкидлаган эди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, давлат раҳбарияти ташқи сиёсатда Россия изидан боришини тасдиқлаб, бунинг эвазига Путин Қирғизистондаги ички сиёсий жараёнларни Жапаровнинг ихтиёрига қолдирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, Ташиевнинг таъсирини йўқ қилишда Жапаров ташқи мададга таянганини инкор этиб бўлмайди. Бундан буён Россиянинг мамлакатдаги ҳарбий ва сиёсий таъсири янада ортиши кутилади. Ҳатто бу «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли лойиҳаси каби йирик минтақавий лойиҳаларга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, 2027 йилги сайловда Жапаровнинг қайта сайланиши учун ҳозирча жиддий тўсиқ қолмади. Бироқ Қирғизистондаги сиёсий воқеаларнинг шиддат билан ривожланишини инобатга олсак, сайлов арафасида вазият кескин ўзгариб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Хусусан, жиноий жавобгарликка тортилиш арафасида турган Ташиевнинг қўлидаги компроматлар мухолифатдаги сиёсатчиларнинг бош кўтаришига ва вазиятдан фойдаланиб қолишига замин яратиши мумкин.

Бундан ташқари, мамлакатда қўлланилаётган капиталистик тизим халқнинг турмуш тарзини тобора оғирлаштирмоқда. Солиқларнинг кўпайиши, янги-янги солиқ турларининг жорий этилиши, электр энергияси ҳамда иссиқ ва совуқ сув каби асосий эҳтиёждаги хизматлар тарифларининг қимматлашиши, кундалик асосий истеъмол товарлари нархининг кескин кўтарилиши халқ норозилигини кучайтираётган асосий омиллардир. Халқ фаровонлиги учун хизмат қилиши керак бўлган табиий бойликлар эса «инвестор» ниқоби остида чет элликлар томонидан талон-торож қилинмоқда.

Демак, Қирғизистондаги асосий муаммо фақатгина ҳокимиятни ёки давлат раҳбарларини алмаштиришда эмас. Аслида муаммо шундаки, минтақадаги мустамлакачи кучлар ҳокимият алмашинувидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда, халқ эса бу ўйинларга алданиб қолмоқда. Шу сабабли, биз мусулмонлар қайсидир ҳокимият ёки сиёсий доираларнинг алмашишига маҳлиё бўлмай, Ислом асосида бирлашиб, Ислом мафкурасини кўтариб чиқиш орқали бу мавҳумликка чек қўя оламиз. Зеро, Ислом нафақат Қирғизистонда, балки бутун дунёда мусулмонларни бирлаштирувчи кучга эгадир. Фақат Исломга таянган адолатли бошқарувгина тупроқларимиздаги мустамлакачилар таъсирини таг-туби билан суғуриб ташлай олади. Бундан бошқа таклиф қилинаётган йўлларнинг барчаси ё вақтинчалик чора ёки мустамлакачиларнинг навбатдаги ҳийла-найрангларидан бошқа нарса эмас.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button