Хабар ва изоҳ

Сан-Диего фожиаси — АҚШ сиёсатининг натижаси

Сан-Диего фожиаси — АҚШ сиёсатининг натижаси

АҚШда икки нафар қуролланган шахс Сан-Диего шаҳридаги Ислом марказига ҳужум қилди. Ҳужумчилар округдаги энг йирик масжидга бостириб кириб, мусулмонларга қарата ўт очиши натижасида бир нафар қўриқчи ва икки нафар намозхон ҳаётдан кўз юмди.

Мард ва фидойи қўриқчи ўзининг оғир жароҳат олганига қарамай, сўнгги нафасигача босқинчиларга қаршилик кўрсатиб, уларни масжид ичкарисига қўймади. Масжид биносида бошланғич Ислом мактаби  жойлашганлиги сабабли у ерда ўқувчи болалар ҳам бор эди. Қўриқчининг жасоратли ҳаракатлари туфайли болалар хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Кейинроқ жасур қўриқчи олган оғир жароҳатлари туфайли касалхонада жон таслим қилди. Хунрезликдан сўнг воқеа жойидан қочиб кетган жиноятчилар кўп ўтмай яқин атрофдаги автомобил ичида жонсиз ҳолда топилди. Тинтув чоғида уларнинг қуролларида Исломга қарши нафрат ва ирқчилик ғоялари билан йўғрилган ёзувлар борлиги аниқланди.

Изоҳ: АҚШ дунёдаги ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш мақсадида мустамлакачилик сиёсатини изчил давом эттириб келмоқда. Бу геосиёсий ўйинда Яқин Шарқ минтақаси алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, бу заминда жаҳон савдо йўлларининг чорраҳаси ва улкан нефть конлари жойлашган. Шунга кўра, ким бу минтақани назорат қилса, бутун дунёга ўз таъсирини ўтказа олади.

Гарчи минтақадаги мавжуд режимлар АҚШ манфаатларига хизмат қилаётган бўлса-да, маҳаллий мусулмон аҳоли Америка сиёсатига кескин қаршидир. Шу боис АҚШнинг бу минтақада кўзлаган мақсадлари осонликча амалга ошавермайди. Баъзан бунинг учун ҳарбий куч ишлатишга ҳам тўғри келади.

Американинг улкан ҳарбий, сиёсий ва сақофий ҳужумларига қарамай, мусулмон халқлар тиз чўкмади. Бунинг бош омили — уларнинг қалбига ўрнашган Ислом эътиқодидир. Ислом мусулмонларга ҳар қандай оғир синовларни, изтиробларни ва ҳарбий истилоларни мардонавор енгиб ўтиш учун сўнмас куч-қувват ва ирода бағишлайди. Америка бу ҳақиқатни жуда яхши билади. Шу сабабли, мусулмонларнинг бирлашиб, қудратли кучга айланиши ва устуворликка эришишининг олдини олиш мақсадида Исломни дунёга ваҳший қилиб кўрсатишга бор кучи билан интилмоқда. Бунинг учун барча воситалар — Ҳолливуд фильмларидан тортиб, таниқли сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситаларигача сафарбар этилган.

Ислом ва мусулмонларга нисбатан нафрат уйғотиш — уларнинг доимий мафкуравий қуролидир. Ғарб давлатлари Ироқ ва Афғонистон босқинчилиги, Ғазо ҳамда Эрон уруши каби вазиятларда мусулмонларни ёмон кўрсатувчи бундай тарғибот кампаниясини янада кучайтиради.

Табиийки, Исломга қарши қаратилган бундай кампаниялар ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти: Ғарб ўлкаларида мусулмонларга нисбатан жиноий ҳаракатлар сони тобора ортиб бормоқда. Бу аянчли ҳолатни расмий статистика маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Масалан, АҚШда 2001 йилдаги Ироқ ва Афғонистон уруши даврида (481 та ҳолат), шунингдек, 2023 йилда Ғазо уруши бошланган маҳалда (300 та ҳолат) мусулмонларга қарши жиноятлар кескин кўпайган. Бу эса АҚШ ҳукумати юритаётган аксилисломий сиёсат ва тарғибот кампаниясининг тўғридан-тўғри натижасидир. Мана шундай ҳужумлар туфайли Ғарбдаги мусулмонлар доимий хавотир ва хавф-хатар муҳитида яшашга мажбур бўлмоқдалар.

ISPU ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, АҚШда истиқомат қилувчи мусулмон оилалар ҳар куни камситиш (дискриминация)га дуч келишади. Америкада мусулмонларга нисбатан таҳқирлаш даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда: ҳар йили вояга етган мусулмонларнинг аксарият қисми (62 фоизи) камида бир марта камситилиш ҳолатига дучор бўлади. Бу кўрсаткич сўровномада қатнашган бошқа барча диний ва динга алоқаси бўлмаган гуруҳларга нисбатан сезиларли даражада юқоридир. Мусулмонлар диний жамоалар орасида энг кўп тазйиққа учраётган қатлам бўлиб қолмоқда. Масалан, мусулмонларнинг 56 фоизи ижтимоий тармоқларда, 42 фоизи ишхона ёки таълим муассасаларида, 49 фоизи эса жамоат жойларида камситишларга дуч келган.

Шунингдек, ISPU ташкилотининг тадқиқотлари мусулмон ёш болалар ҳам диний зўравонлик ва таҳқирлардан холи эмаслигини кўрсатмоқда: 2022 йилда мусулмон оилаларнинг 1–12-синфларда ўқийдиган фарзандларининг деярли ярми (48 фоизи) ўз эътиқоди туфайли ҳақоратлангани ёки руҳий босимга учраганини маълум қилган. Бу оилаларнинг 20 фоизи эса бу каби таҳқирлашлар деярли ҳар куни такрорланишини айтган. Энг ачинарлиси, жабр кўрган мусулмон оилаларининг 42 фоизи бундай номақбул ҳаракатлар айнан мактаб ўқитувчилари ёки мактаб маъмурияти ходимлари томонидан содир этилганини таъкидлаган.

Кўриниб турибдики, давлатнинг махсус сиёсати оқибатида мусулмонлар нафақат хавотирда яшамоқдалар, балки жиноятчиларнинг очиқдан-очиқ нишонига ҳам айланмоқдалар. Айниқса, жамиятда нафрат уруғларини сочишга устозлар ва расмий мулозимларнинг шерик бўлаётгани — бу ишлар ортида ҳукуматнинг муайян манфаатлари ва режали сиёсати ётганидан далолат беради.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button