Янгиликлар

Диний идорага қарши кенг кўламли ҳибсга олишлар

Диний идорага қарши кенг кўламли ҳибсга олишлар

Россия куч тузилмалари Равил Гайнутдин раҳбарлик қилаётган Россия мусулмонлари диний идораси вакилларига қарши кенг қамровли рейдларни амалга оширди. Махсус операциялар Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Саранск, Саратов ҳамда Шимолий Осетия каби бир қатор шаҳарларда ўтказилди.

Расмий маълумотларга кўра, қўлга олинганлар орасида Мордовия муфтийси Абдулмалик Асаинов ҳам бор. У ушбу лавозимга 2023 йилда тайинланган эди. Шунингдек, Карелиянинг собиқ муфтийси Висам Али Бардвилнинг ҳам ҳибсга олингани айтилмоқда. Манбаларнинг хабар беришича, Равил Гайнутдинга яқин деб кўрилган яна бир қанча кишилар ҳибсга олинган. Бироқ уларнинг тўлиқ рўйхати ҳозирча жамоатчиликка ошкор қилинмади. Россия расмийлари ушбу воқеа юзасидан ҳалигача бирор бир баёнот бергани йўқ.

Айрим экспертлар ва жамоат арбоблари ушбу кескин чораларни тўғридан-тўғри Россия мусулмонлари диний идорасининг фаолияти билан боғламоқдалар. Бундан ташқари, сўнгги вақтларда диний идоранинг Россия президенти Путинга мурожаат йўллаб, турар жойларда жамоат бўлиб намоз ўқишни тақиқловчи қонун лойиҳасини имзоламасликни сўрагани ҳам мазкур воқеаларнинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button