Россия-Украина урушини тўхтатиш учун Европанинг беҳуда уринишлари

Россия-Украина урушини тўхтатиш учун Европанинг беҳуда уринишлари
Хабар:
«Euronews» нашрининг сешанба кунги хабарига кўра, АҚШ Европа Иттифоқининг Украина бўйича тайинланиши кутилаётган махсус вакилини тан олмаслиги ва уни музокаралар жараёнидан бутунлай четлатиб қўйиши мумкин.
Нашрда шундай дейилади: «Бугунги кунда америкаликлар Европа Иттифоқи махсус вакилининг легитимлигини тан олиб, у билан ўта махфий музокаралар олиб боришига ҳеч қандай кафолат йўқ». Шунингдек хабарда, «Европа Иттифоқи Украина можаросига нуқта қўйиш мақсадида Россия билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришишга тобора кўпроқ мойиллик билдирмоқда», дея таъкидланди.
Февраль ойида Европа парламенти аъзоси, Эстония қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Рихо Террас: «Украина инқирози бўйича муросага эришиш учун Европа Иттифоқининг махсус вакилини тайинлаш ғоясини мутлақо самарасиз, деб ҳисоблайман, чунки унинг гапига ҳеч ким қулоқ солмайди», — дея баёнот берган эди.
«Politico» нашри эса европалик дипломатлардан бирига таяниб, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича комиссари Кая Каллас Россия билан бўлиши кутилаётган эҳтимолий музокараларда воситачилик ролини ўз зиммасига олишдан бош тортганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Москва ҳеч қачон мулоқотдан қочмаганини, бироқ Европанинг амалдаги раҳбарлари билан қандайдир келишувга эришишнинг айни дамда имкони йўқдек туюлаётганини таъкидлаган эди.
Изоҳ:
Европа давлатлари АҚШ уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб, Россия қаршисида осон ўлжага айлантирганини ниҳоят англаб етдилар. Шу боис, улар халқаро майдонда фақат ўз манфаат ва қарашларини ҳимоя қила оладиган махсус вакилни ишга солишга уринмоқда. Зеро, уларнинг онгида «Украинанинг хавфсизлиги — Европанинг хавфсизлиги демакдир» деган тушунча чуқур илдиз отган. Россия ва АҚШ ўртасидаги парда орти келишувлари сабабли Украина қўлдан чиқиб кетаётганини Европа тушуниб турибди. Айни пайтда таклиф этилаётган ечимга кўра, Украина иккига бўлиб, унинг шарқий қисми Россия назоратида қолиши, ғарбий қисми эса қуролсизлантирилиб, «янги Украина давлати» деб аталиши кўзда тутилмоқда.
Бундай ечим Европа Иттифоқига асло маъқул келмайди. Уларнинг бундай позицияси Украина учун қайғуришидан эмас, балки бу ҳолат ўзларини ташвишга солаётгани билан боғлиқдир. Чунки улар Россия вақт ўтиб Шарқий Европа давлатларининг айримларини ҳам ўз назоратига олиши мумкинлигидан жиддий хавфсирашади.
Шу сабабли Европа АҚШга қарши ўзининг мустақил позициясини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ Россия Европанинг заифлигини, қўлидан ҳеч вақо келмаслигини ва бу музокаралардан арзигулик натижа чиқара олмаслигини жуда яхши билади. Чунки Москва Украина саҳнасида АҚШнинг таъсири мутлақ устуворлигини ва Европа АҚШнинг дастагисиз ҳеч нарса қилолмаслигини тушуниб турибди. Шу боис ҳам, Европанинг бу чиранишларига унчалик эътибор бермаяпти.
Ўз навбатида, АҚШ ҳам бундай вакил ва музокарачини тан олмаслигини очиқ билдирмоқда. Бунинг сабаби оддий: Вашингтон вазиятнинг барча жиловларини ўз қўлида ушлаб турибди ва Россияга Европанинг шартларини эмас, балки фақат ўз шартларини ўтказишни истайди. Россия ҳам деярли АҚШ чизган чизиқдан юраётгандек кўринмоқда. Тез орада Россия-Украина урушини тўхтатишга замин яратувчи аниқ бир тўхтамлар шаклланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Европа Эрон масаласида ҳам ўз позициясини белгилаб, урушга аралашмаслигини эълон қилиш орқали АҚШга қарши чиқди. Бу эса АҚШнинг Европага эркин нафас олишга йўл қўймаслигини ва Россия-Украина урушини тугатиш «шарафи»ни унга раво кўрмаслигини англатади. Аксинча, Оқ уй НАТОни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, Европа давлатларини шу йўл орқали тиз чўктиришга уринмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, Европа бундай чигал ва мураккаб шароитда Россия-Украина уруши тугунини ечиш йўлида беҳуда оввора бўлмоқда. Европа қачонки АҚШга қарши қатъият ва матонат билан тик тура олсагина унинг таъсиридан қутулиши мумкин. Бироқ у ҳозирча бунга тайёр эмас.
Мухаммад Сулайман




