Мақолалар

Арафа – раҳмат ва мағфират кунидир

Арафа – раҳмат ва мағфират кунидир

Арафа — Ислом динидаги энг улуғ ва фазилатли кунлардан бири ҳисобланади. Бу кунда Яратганнинг чексиз раҳмати бандаларини ўз оғушига олади, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳлари кечирилади, мўмин-мусулмонларнинг қалблари умид ва тақво билан тўлади. Бу кун мусулмонлар учун нафақат ҳаж ибодатининг энг асосий рукни, балки бутун Уммат учун алоҳида ажр-мукофотлар мавсумидир.

Аллоҳ Таоло Арафа кунини жаҳаннам азобидан нажот топиш ва дуолар ижобат бўладиган муборак кун қилди. Айнан шу сабабдан, ҳар бир мусулмон бу кунни ибодатга бағишлаши, чин қалбдан тавба қилиши, Аллоҳни кўпроқ зикр этиб, сидқидилдан дуо ва илтижолар билан машғул бўлиши лозим.

Ибн Мусайяб Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:

«مَا مِنْ يَوْمٍ أَكْثَرَ مِنْ أَنْ يُعْتِقَ اللهُ فِيهِ عَبْدًا مِنَ النَّارِ، مِنْ يَوْمِ عَرَفَةَ، وَإِنَّهُ لَيَدْنُو ثُمَّ يُبَاهِي بِهِمِ الْمَلَائِكَةَ، فَيَقُولُ: مَا أَرَادَ هَؤُلَاءِ؟»

«Аллоҳ бандани дўзахдан энг кўп озод қиладиган кун арафа кунидир. У кунда Аллоҳ бандаларига яқинлашади ва улар билан фаришталарга фахрланади, сўнг анавилар нимани хоҳлашяпти дейди». (Муслим ривояти, №1348).

Ҳаж зиёратига бора олмаган мусулмонлар учун Арафа куни рўза тутиш суннат эканини ёдда тутиш жуда муҳимдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ бу куннинг рўзаси ўтган ва келгуси йилги гуноҳлар учун каффорат бўлиши ҳақида хушхабар берганлар. Бу ибодат ва сабр-тоқат орқали қалбни поклаш ҳамда Аллоҳга яқинлашиш учун улкан имкониятдир.

Арафа куни мўминларга Қиёмат кунини эслатади. У кунда одамлар худди ҳожилар Арафот майдонида Яратганнинг раҳматига муҳтож бўлиб, бўйин эгиб тургандек, Аллоҳнинг ҳузурида тик турадилар. Бу кун мусулмонларга ихлос, тақво ва Буюк Холиқ олдидаги масъулият ҳиссини ўргатади.

Шунингдек, Арафа куни Ислом Умматининг бирдамлигини намоён этувчи буюк тимсолдир. Бу кунда Аллоҳга ибодат қилиш ва Унинг ризолигига эришиш учун дунёнинг тўрт томонидан келган турли тилларда сўзлашувчи миллионлаб инсонлар бир жойга жам бўладилар.

Шундай экан, бу кун мусулмонларга — ҳақиқий улуғлик фақат Аллоҳга яқинлашиш ва Муҳаммад ﷺнинг йўлидан эргашиш билангина бўлишини, қолаверса, бирдамлик нафақат ибодат пайтида эмас, балки адолатли давлат — яъни Халифалик давлати сояси остида бўлиши вожиб эканлигини эслатиб турсин!

Бу кунда мусулмонлар шахсий ибодат ва мағфират тилаш билан бир қаторда, Аллоҳ Таоло олдидаги жамоавий масъулиятларини ҳам ёдга олишлари зарур. Бу куни минглаб мўминлар бир мақсад атрофида, яъни Яратганга бандалик қилиш ва Исломнинг энг муҳим устунларидан бирини адо этиш учун бирлашадилар. Бироқ, афсуски, ягона ва адолатли Халифалик байроғи остида бирлашиш вазифаси бугунги кунгача амалга ошмай келмоқда.

Шундай экан, мусулмонлар ушбу улуғ фарзни муносиб, хавфсиз ва ортиқча машаққатларсиз адо этишлари учун Ислом Умматининг келажаги хусусида, ҳаж каби улуғ ибодатлар қай даражада ташкил этилиши кераклиги ҳақида чуқур фикр юритишлари ғоят муҳимдир.

Яқин кунларда тикланиши кутилаётган Ислом давлатининг бош вазифаларидан бири — ҳаж зиёратини маълум бир чекланган гуруҳлар учунгина эмас, балки барча истакли мусулмонлар учун енгиллаштириш эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Бор куч-ғайрат ва имкониятлар тижорий фойда кўриш учун эмас, балки фақатгина Аллоҳнинг ризолиги йўлида умумий зиёратни юқори савияда ташкил этишга, хавфсизликни, транспорт масаласини, турар жойларни таъминлашга ва ҳожиларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга йўналтирилиши шарт. Ислом давлатида ҳожиларга ғамхўрлик қилиш — Умматга ғамхўрлик қилишнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Саудия қироллиги учун бош мақсад — виза, меҳмонхона, транспорт ёки бошқа хизматлар орқали ҳаж мавсумидан фақатгина моддий фойда олиш бўлиб қолаётган бир пайтда, зиёратчиларга хизмат қилишнинг улуғ мазмун-моҳияти йўқолиб, унинг руҳий таъсири сусайиб бормоқда. Ҳаж тижорат ва олди-сотди воситасига айланмасдан, соф ибодат ҳолида қолиши лозим.

Бугунги кунда зиёратчилар учун имкониятларни кенгайтириш масаласи алоҳида долзарблик касб этмоқда. Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб мусулмонларнинг сони шиддат билан ўсиб бормоқда. Миллионлаб мусулмонлар Масжидул Ҳарамни тавоф қилишни, ҳаж фарзини адо этишни орзу қилиши табиий. Мана шундан келиб чиқиб, имкон қадар кўпроқ мўмин-мусулмонлар Исломнинг ушбу улуғ арконини адо эта олишлари учун инфратузилмани ривожлантириш, зиёратчиларни қабул қилиш имкониятларини ошириш ва ҳаж ташкилий ишларини юксак даражада такомиллаштириш яқинда тикланиши кутилаётган Халифалик давлатининг вазифаларидан бири бўлади.

Арафа куни мусулмонларга нафақат қалбни поклашни ўргатади, балки Умматнинг ҳақиқий кучи унинг бирдамлигида, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатида ва ёлғиз Аллоҳнинг ризолиги учун ибодатларни енгиллаштиришга интилишида эканини яққол кўрсатади.

Аллоҳ Таоло қилган барча дуо ва илтижоларимизни қабул айлаб, гуноҳларимизни мағфират қилсин, шунингдек, бизларни Арафа куни дўзах ўтидан озод қилинган саодатманд бандалари қаторига қўшсин! Аллоҳ Таоло Ўз нусрати билан бизга энг улуғ мақсадга эришишга, яъни Унга муносиб тарзда ибодат қилишга ва ер юзининг ҳар бир гўшасида Ўз шариати ила ҳукм юритиш учун Ислом давлатини барпо этишга ёрдам берсин!

Бурана

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button