Мақолалар

АҚШдаги тизимли адоват муҳитидаги сайловда Абдул Ал-Сайиднинг ғалабаси

АҚШдаги тизимли адоват муҳитидаги сайловда Абдул Ал-Сайиднинг ғалабаси

АҚШдаги оралиқ сайлов нафақат демократларнинг кўпчилик ўринларни қўлга киритгани билан ажралиб турди, балки Конгрессдаги кучлар мувозанатининг ўзгаришига ҳам сабаб бўлиб, тарихда илгари кузатилмаган муҳим воқеа билан ҳам ёдда қолди. Аниқроқ айтганда, Мичиган штатидан Демократик партия вакили Абдул Ал-Сайид АҚШ Сенатидаги ўрин учун кечган сайловда ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Америка тарихида илк бор мусулмон инсон федерал миқёсдаги сенаторлик лавозимига эришди. Бироқ бир мусулмоннинг сиёсий майдондаги бундай ғалабаси душманлик кайфиятидаги шиорлар ва чуқур мафкуравий тўсиқлар ҳукм сурган мураккаб шароитда қўлга киритилмоқда.

Ал-Сайид ёки Конгресс вакили Латифа сингари Демократик партия номзодлари АҚШнинг Конститутциявий тизими доирасида иш олиб бориб, Америкадаги демократик институтларни изчил қўллаб-қувватлаб келаётганига қарамай, АҚШ сиёсий доираларида мусулмонларни сиёсий миллатнинг тўлақонли бўлаги сифатида қабул қилмасликка қаратилган қатъий қараш ҳамон сақланиб келмоқда. Бу ҳолат мусулмонларга нисбатан чуқур мафкуравий адоват мавжудлигини яққол фош этади.

Сайловолди жараёнларида Дональд Трамп ва унинг тарафдорлари келиб чиқиши мусулмон бўлган Демократик партия номзодларига қарши кескин ҳужумлар уюштирди.

Трамп Ал-Сайидни очиқдан-очиқ «жиҳодчи» деб атаб, уни радикал қарашларга эгаликда айблади. Шу орқали у жамоатчилик эътиборини реал ижтимоий-иқтисодий муаммолардан чалғитиб, халқ онгида умумий хавфсизликка таҳдид солувчи сохта таҳлика кайфиятини уйғотишга уринди.

Шунингдек, мусулмон сиёсатчилар Капитолий биносида қўшимча текширувлардан ўтказилиши ҳамда улар учун махсус металл изловчи қурилмалар ўрнатилиши кераклиги ҳақидаги масхарали сўзлар ва оғир ҳақоратларни ўз ичига олган баёнотлар ҳам берилди.

Трамп бошчилигидаги ўнг қанот кучлар назарида мусулмонлар қонунга бўлган садоқатидан ёки демократияни қўллаб-қувватлашидан қатъи назар, сиёсат майдонида барибир «бегона»лигича қолаверади.

Бу сиёсий йўналишнинг моҳияти совуқ бир тушунчага бориб тақалади: бундай тизимнинг наздида мусулмонлар яхлит бир ёвуз куч ўлароқ қабул қилинади. Уларнинг орасидан ким бўлмасин, қанчалик интилмасин, ҳеч қачон «ўзимизники» деган мақомга эришолмайди ҳамда мусулмонларга нисбатан ишончсизлик ва нафрат ҳеч қачон сўнмайди.

Бундай шароитда демократик сиёсий муҳитни Қуръонда баён этилган абадий ҳақиқат билан қиёслаш ғоятда муҳим аҳамият касб этади:

وَلَا يَزَالُونَ يُقَاتِلُونَكُمۡ حَتَّىٰ يَرُدُّوكُمۡ عَن دِينِكُمۡ إِنِ ٱسۡتَطَاعُواۡۚ

«…Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар». («Бақара» сураси, 217-оят).

АҚШнинг капиталистик сиёсий тузуми доирасида мусулмонлар жамиятга ва сиёсий тизимга қанчалик даражада сингиб кетмасин, қонуний сайловларда қанчалик ютуққа эришмасин ҳамда демократик қадриятларни қанчалик ҳимоя қилмасин, бу мафкура соҳиблари учун улар ҳеч қачон тўла ҳуқуқли фуқаро мақомини ололмайдилар.

Улар мусулмонлардан ўз диний ва миллий ўзлигидан бутунлай воз кечишни, бунинг эвазига тизимга сўзсиз итоат этиб, хор ва тобе ҳолатда яшашни талаб қиладилар.

Америка консерваторларининг идеологик хавотирлари

Ал-Сайид, Латифа ва бошқа сиёсий етакчиларга нисбатан билдирилаётган танқидлар ва ҳужумлар ортида ҳокимият тизимида илдиз отган чуқур мафкуравий қарама-қаршиликлар яширинган.

Биринчидан, «оқ танли насронийлар» ўзлигининг (White Christian Nationalism) заифлашуви.

Мусулмонларнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг энг юқори поғоналаридан жой олиши айрим консерватив кучлар томонидан давлатни бошқаришдаги тарихий кўпчилик устунлигига хавф солувчи омил сифатида баҳоланмоқда.

Иккинчидан, «четдан келаётган таҳдид» ҳақидаги тушунчанинг барбод бўлиши.

Ғарб сиёсий риторикаси мусулмонларни доимо «бегона» ёки «душман» сифатида кўрсатишга асосланади. Ҳолбуки, мусулмон инсоннинг АҚШда қонуний йўл билан ҳокимиятга келиши сайловчиларни ўз томонига оғдириш учун қўлланиб келинадиган сиёсий қуролларнинг таъсирини йўққа чиқаради.

Абдул Ал-Сайиднинг ғалабаси сиёсий босимлар ва капиталистик тузум тарғиб қилаётган нафрат кайфиятининг кучлилигига қарамай, Америка жамиятининг мусулмонларга бўлган муносабати секин-аста ўзгариб бораётганини кўрсатди. Бу, шунингдек, ишончсизликка асосланган капиталистик тузумнинг бошқарув мезонлари сифатида мафкуравий ва сиёсий жиҳатдан таназзулга юз тутиб бораётганидан дарак берувчи ҳолатлардан биридир.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button