Матбуот баёноти

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд

Бутун Ислом Умматини, шу жумладан, Қирғизистон мусулмонларини, ҳаж фарзини адо этиш учун Байтул-Ҳарамда бўлиб турган ҳожиларимизни ҳамда исломий ҳаётни қайта тиклаш йўлида даъват олиб бораётган биродарларимизни Қурбон ҳайити байрами билан чин қалбдан муборакбод этамиз.

Бу йилги Қурбон ҳайити Ислом Уммати ер юзининг ҳар бир бурчида мустамлакачиларнинг зулму ситамларини ўз танасида чуқур ҳис қилаётган бир даврга тўғри келди. Ғазо ва муборак Фаластин заминида яҳудий босқинчилари ҳеч қандай жавобгарликка тортилмасликларини билганликлари сабабли, хоҳлаган жиноятларини бемало содир этмоқда. Ҳиндистон ва Кашмир мусулмонлари бутпараст ҳокимиятнинг азоб-уқубатлари остида инграмоқда. Мушрик Хитой ҳукумати эса Туркистон ўлкасини мусулмонлар учун очиқ қамоқхонага айлантирди. Америка Судандан Британия ва Европа таъсирини сиқиб чиқариш илинжида минглаб мусулмонларнинг қони тўкилишига сабаб бўлди, миллионлаб инсонларни қочқинга айлантирди. Такаббур Трампнинг Эронга қилган ҳужумлари эса Ҳурмуз бўғозининг ёпилишига олиб келди, бунинг оқибатида бутун дунё энергетик инқироз остонасида турибди.

Албатта, Уммат бундай азоб-уқубат ва машаққатлардан миллий чегараларни парчалаб, бутун Умматни бирлаштирадиган ҳамда Исломий шариатнинг ҳаётда татбиқ этилишини кафолатлайдиган Халифалик давлатини барпо этиш орқалигина қутула олади. Зеро, Ислом заминлари дунёдаги нефть захираларининг тахминан 65 фоизига эгалик қилади. Бу эса Исломий ўлкаларидаги эҳтиёжларни ортиғи билан қоплайди. Шунингдек, Ислом давлатлари дунёдаги энг муҳим 7 та денгиз йўлидан 5 тасини назорат қилади. Ҳурмуз бўғози, Бобу-л-Мандаб, Сувайш канали, Босфор бўғози ва Малакка бўғози шулар жумласидан. Бу эса улкан иқтисодий ва геосиёсий мавқе бахш этади. Агар мусулмонлар бирлашса, дунёдаги энг йирик ҳарбий кучга айланади. Хизматдаги ва захирадаги аскарларнинг умумий сони 25 миллионга етади. Бу эса бугунги кундаги энг йирик давлатларнинг армияларидан бир неча баробар кўп демакдир. Ислом ўлкаларининг ҳудудлари 15 миллион квадрат километрга этади. Мусулмонларнинг сони эса икки миллиардга етиб қолди (бу дунё аҳолисининг қарийб 26 фоизини ташкил этади). Уларнинг ўртача ёши 24 атрофида бўлиб, бу сайёрадаги энг кучли ва динамик ишчи кучини ташкил этади.

Ҳаж ибодати — Умматга мана шу бирлик ва қудратни эслатувчи улуғвор маросимдир. У бизга тарқоқлик учун эмас, балки ягона бир Уммат бўлиш учун яратилганимизни ҳар йили эслатиб туради. Чунки миллионлаган мусулмонлар бир тану, бир жон бўлиб, юксак тартиб, ихлос ва ягона мақсад сари ҳаракат қилади.

Ҳаж ибодати ўзида мужассам этган иккинчи улуғ қадрият — Қурбонликдир. Бу қадрият асрлар оша давом этиб келмоқда, унинг илдизи Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади. У зот улуғ қурбонлик ва ихлоснинг энг олий намунасини кўрсатган эдилар. Ҳожиларнинг ҳолати ҳам худди шундай. Уларнинг қурбонликлари Маккага етиб бормасларидан аввал бошланади: улар ишларини, оилаларини тарк этадилар ва катта молиявий харажатларни бўйинларига оладилар. Маккага етиб келганларидан кейин эса бу қурбонлик янада давом этади. Жазирама офтоб нури остида ибодатларни адо этадилар. Бунга уларни фақат Аллоҳга бўлган муҳаббат ва Унга итоат қилиш туйғуси ундайди. Сўнгра қурбонликларини сўйиб, сочларини олдирадилар. Бу эса Аллоҳга бўлган садоқатни ва Ундан ўзгасига муҳтож бўлмаслик тушунчасини янгилаш рамзидир. Шунинг учун мусулмонлар Аллоҳ Таолонинг йўлида қурбонлик қилишдан ҳеч қачон чекинмасликлари лозим.

Пайғамбаримиз ﷺнинг Бану Ҳошим водийсида қамал қилинган кунлари, Исломдаги илк шаҳида Сумайя розияллоҳу анҳонинг матонати, Хандақ ғазотидаги саҳобаларнинг собитқадамлиги, Константинополь деворлари яқинига дафн этилган Абу Айюб ал-Ансорийнинг ҳолати — Рисолатни (динни) елкасида кўтарувчилардан худди шундай қурбонликлар талаб қилинишини ёдга солади. Масалан, Умматни заифлаштирган сиёсий тарқоқлик қурбонликсиз барҳам топмайди. Мустамлакачилар чизиб берган сунъий чегаралар қурбонликларсиз очилмайди. Золим ҳукмдорлар қурбонликсиз ағдарилмайди. Фарзларнинг тожи бўлмиш Халифаликни барпо этиш ҳам қурбонликсиз амалга ошмайди.

Шундай экан, Уммат уйғонишни амалга ошириш йўлида қурбонликлар бериши, ихлос билан фаолият олиб бориши ва доимо Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг розилигини излаши лозим. Бу дунёдаги зафар ва охиратдаги улуғ ажр-мукофотлар ана шу чақириққа лаббай деб жавоб берганларни кутмоқда.

وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُمْ فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَىٰ لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْنًا ۚ يَعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئًا ۚ وَمَن كَفَرَ بَعْدَ ذَٰلِكَ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир». (Нур сураси, 55-оят).

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Қирғизистондаги матбуот бўлими

26.05.2026

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button