Мақолалар

Кадрлар танқислиги ва меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш

Кадрлар танқислиги ва меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш

Қирғизистон ҳукумати меҳнат муҳожирлигида юрган фуқароларини ватанга қайтариш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Дониёр Амангелдиев Санкт-Петербургда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда сўзлаган нутқида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, давлат меҳнатга лаёқатли аҳолининг ташқарига чиқиб кетаётганидан ва ички меҳнат бозоридаги кадрлар танқислигидан хавотирда. Фуқароларни ўз юртига қайтишга рағбатлантириш мақсадида бир қатор қўллаб-қувватлаш дастурлари, жумладан, имтиёзли ипотека билан таъминлаш, иш ҳақини ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳукуматнинг ҳисоблашича, хорижда меҳнат қилаётган кўплаб қирғизистонликлар мамлакат иқтисодиёти учун ниҳоятда зарур бўлган қимматли касбий тажрибага эга шахслардир. Меҳнат муҳожирларининг ватанга қайтиши ишчи кучи етишмовчилигини бартараф этиш ва миллий инсон капиталини мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Бироқ, бу масалада иқтисодий жиҳатлардан кўра, парда ортидаги сабаблар ва сиёсий омиллар кўпроқ кўзга ташланмоқда. Ҳақиқатан ҳам, миграция муаммоси фақатгина иқтисод билан чекланиб қолмайди. Қирғизистон каби сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан кичик ҳамда маълум даражада заиф давлатлар қудратлироқ ва марказлашган, босқинчи капиталистик мафкуранинг экспансиясига (тажовузига) дуч келганда, жиддий маданий ва ахборот таъсири муаммосига дуч келади.

Таълим, медиа, меҳнат бозори, оммавий маданият ва ахборот платформалари орқали аҳоли онгида идеал ҳаёт тарзи, муваффақият ва ўзликни намоён қилиш ҳақида муайян қарашлар ҳамда тушунчалар шакллантирилади.

Бу жиҳатдан олиб қараганда, меҳнат муҳожирлиги шунчаки юқори даромад ёки яхшироқ меҳнат шароитларини излаш билангина чекланиб қолмайди. Чунки бу ҳолат Россия, Европа ёки Шимолий Америка давлатлари билан умумлашган муайян ижтимоий моделлар ва ҳаёт тарзига интилиш билан ҳам узвий боғлиқдир. Бошқача айтганда, инсонлар нафақат кўпроқ пул топишга, балки нуфузли ва истиқболли деб қабул қилинган ҳаёт сари талпинадилар. Демак, муаммо фақат иш ўринларининг етишмаслиги ёки маош миқдоридагина эмас. Зеро, давлат ўз фуқароларининг содиқлигини йўқотмаслик учун курашар экан, аввало уларнинг қадриятлари ва ҳаётий йўналишларини шакллантира билиши лозим.

Айнан шу ерда яна бир савол туғилади: давлатнинг вазифаси фақат Меҳнат муҳожирларини қайтариш билан чекланиши керакми ёки у мамлакат сарҳадларидан ташқари ҳудудларда ҳам ўзининг маданий ва мафкуравий таъсирини сақлаб қолиш ва кенгайтиришга мажбурми?

Тарихга бир назар ташлайдиган бўлсак, адолатли Ислом Халифалиги ва ундан сўнг мустамлакачи ғарб давлатлари каби қудратли салтанатлар миграцияни шунчаки аҳолининг ташқарига оқиб кетиши деб эмас, балки ўз мафкураси, тили, маданияти, иқтисодий алоқалари ва сиёсий таъсирини ёйиш қуроли сифатида баҳолаганлар. Бундай ёндашувда, хорижда яшаб, меҳнат қилаётган фуқароларни мамлакатнинг йўқотиши сифатида эмас, балки давлатни ривожлантиришнинг қўшимча ресурси сифатида баҳолаш мумкин бўлади.

Демак, ушбу мантиққа кўра, меҳнат муҳожирларини қайтаришга қаратилган чақириқлар хориждаги фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли иш олиб боришга нисбатан анча енгил сиёсий масаладир. Меҳнат муҳожирларини ватанга қайтариш ички қўллаб-қувватлаш дастурларини талаб қилса, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун эса улкан дипломатик, иқтисодий ва сиёсий ресурслар мавжуд бўлиши зарур бўлади. Шу боис, меҳнат муҳожирларини қайтариш бўйича ҳар қандай муҳокамалар шунчаки бандлик ва демография масалаларини эмас, балки давлатнинг глобал дунёдаги роли хусусидаги анча кенгроқ муаммоларни ҳам ўз ичига олади.

Фуқаролар мамлакатни тарк этаётган бўлса, у ҳолда муаммо уларнинг фақат юрт ичида йўқлигигагина бориб тақалмайди. Бош масала — давлатнинг чет элларда юрган ўз фуқаролари билан қанчалик самарали алоқани сақлаб қола олиши, уларнинг манфаатларини қандай ҳимоя қилиши ва тараққиёт йўлида уларнинг салоҳиятидан қандай фойдаланишидадир. Фуқароларни фақат мамлакат ичида тутиб қолишни кўзлаган тор миллий ғоялар доирасида бу мақсадни амалга ошириш умуман имконсиздир.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button