Мақолалар

Бишкекдаги ШҲТ саммити: қандай сиёсий ўзгаришлар кузатилмоқда?

Бишкекдаги ШҲТ саммити: қандай сиёсий ўзгаришлар кузатилмоқда?

31 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) саммити ўз ишини бошлади. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг асосий мажлиси 1 сентябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислигида бўлиб ўтади. Қирғизистон пойтахтига 18 та давлатнинг етакчилари ва юқори мартабали вакиллари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ташриф буюрди.

Бу галги саммит ташкилотнинг одатий анжуманлари доирасидан чиқиб, ниҳоятда кенг қамровли аҳамият касб этмоқда. Бишкекда Евроосиёнинг йирик сиёсий ва иқтисодий марказларини ифода этувчи давлатлар вакиллари бир минбар остида жам бўлиб, минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишмоқда.

31 август куни, асосан, икки томонлама дипломатияга бағишланди, дейиш мумкин. Асосий мажлисга қадар давлат раҳбарлари ўзаро учрашувлар ўтказиб, халқаро сиёсатдаги мураккаб ва ниҳоятда нозик масалаларни муҳокама қилишди.

Бир-бирига нисбатан манфаатлари, стратегик устувор жиҳатлари ва позициялари сезиларли даражада фарқ қиладиган мамлакатлар – хусусан, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эроннинг бир стол атрофида жамланиши ушбу саммитнинг форматига ўзига хос тус бермоқда.

ШҲТ ролининг ортиши

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ШҲТ ролини бундан буён ҳам ошириш зарурлиги ҳақидаги баёноти саммит доирасидаги энг муҳим сиёсий ишоралардан бири бўлди. Цзиньпин Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви чоғида мазкур ташкилот жаҳон сиёсатида анча салмоқли ўрин эгаллай оладиган тўлақонли халқаро ташкилотга айланганини таъкидлади. Пекин Ғарбга нисбатан рақобатбардош позициясини намоён этиб, ШҲТнинг ривожланишини кўп қутбли дунёни шакллантириш ва глобал бошқарувнинг замонавий тизимини ислоҳ қилиш заруратига боғлади.

Бу баёнот ШҲТ аста-секин минтақавий ҳамкорлик механизми чегарасидан чиқишга интилаётганидан далолат беради. Агар илгари ташкилотнинг асосий кун тартиби хавфсизлик муаммолари ва аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига қаратилган бўлса, ҳозирги кунда ШҲТнинг роли анча кенгроқ, аниқроғи, халқаро тузилмалар архитектураси, жаҳон кучлари мувозанати ва янги таъсир марказларини шакллантириш нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда.

Ҳиндистон омили

Бу жараёнда Ҳиндистоннинг иштироки алоҳида аҳамият касб этмоқда. Нарендра Модининг иштироки, ШҲТ фақатгина рус-хитой минбари эмас, балки кўплаб манфаатларни қамраб олувчи улкан майдонга айланиб бораётганини очиқ кўрсатади. Нью-Дели мустақил ташқи сиёсий йўлини сақлаб қолган ҳолда, Россия, Хитой ва Эрон билан муносабатларда ўз иштирокидан самарали фойдаланишга интилмоқда. Модининг Эрон Президенти Масъуд Пезешкиан билан учрашуви бунга яққол мисол бўла олади. Томонлар савдо, энергетика ва минтақадаги вазиятни муҳокама қилишди. Ҳиндистон учун бу ниҳоятда муҳимдир, чунки унинг Яқин Шарқда жиддий иқтисодий манфаатлари мавжуд ва Теҳрон билан шериклик алоқаларини асраб қолиш устувор вазифа ҳисобланади.

Мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ШҲТнинг ўзи бир вақтнинг ўзида бир нечта қудратли марказлар ўз манфаатларини илгари суришга ҳаракат қиладиган макон эканлиги ўз тасдиғини топмоқда. Бу эса бир-бирига чамбарчас боғлиқ манфаатлар тизими шаклланаётгандек таассурот уйғотмоқда.

Россия ва Хитой муносабатлари

Шу билан бирга, саммит доирасидаги рус-хитой яқинлашуви Москванинг Пекинга қарамлиги кучайиб бораётганини яна бир бор тасдиқламоқда. Владимир Путин Москва ва Пекин муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг намунаси деб атаган бўлса, Си Цзиньпин икки томонлама алоқаларни бундан буён ҳам мустаҳкамлашини билдирди.

Бироқ икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда иқтисодий мувозанат ўзгариб бораётгани яққол сезилмоқда. Хитой Россиянинг ташқи савдоси, инвестициялари ва технологик ҳамкорлиги учун борган сари муҳим шерикка айланиб бормоқда. Пекин Москва билан стратегик шерикликни чуқурлаштираётганига қарамай, ҳозирча бу муносабатларни расмий ҳарбий-сиёсий иттифоқ даражасига кўтаришга шошилмаяпти.

Хитой ва Ҳиндистон муносабатларининг босқичма-босқич яхшиланиб бораётгани ҳам саммитнинг муҳим белгиларидан биридир. Учрашув арафасида икки томон чегара муаммолари бўйича музокараларни жонлантириб, келишмовчиликларни юмшатишга қаратилган қадамларни ташлади.

Агар аҳвол шу йўсинда давом этса, бу ШҲТнинг ички сиёсий тузилмасига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, ташкилот доирасида Россия, Хитой ва Ҳиндистон шунчаки муносабатларни тиклаш билан чекланиб қолмай, балки бир-бири билан рақобатлашиб, муроса излайдиган вазият юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.

Эроннинг ўрни

Эрон саммитда алоҳида ўрин эгаллайди. Яқин Шарқдаги вазият кескинлашганидан сўнг, Теҳроннинг ШҲТ ишида иштирок этиши қўшимча сиёсий салмоқ касб этмоқда. Эрон давлати Россия ва Хитой учун Евроосиёдаги муҳим шерикка айланиб бораётган бўлса, Теҳроннинг ўзи учун бу ташкилот Ғарбнинг сиёсий ва молиявий тизимидан ташқаридаги алоқаларни кенгайтириш учун қулай имкониятдир.

Қандай натижалар кутилмоқда?

Хулоса қилиб айтганда, саммитнинг асосий йўналишларидан бири сифатида ШҲТнинг институционал ривожланишини кўрсатиш мумкин. Иштирокчилар ташкилотнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини кенгайтириш, рақамлаштириш, экология ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқдалар.

Анжуман якунида ШҲТнинг 25 йиллигига бағишланган Бишкек декларацияси ва қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган. Музокараларнинг айнан мана шу қисми ташкилотнинг узоқ муддатли истиқболи учун жуда муҳимдир.

Аммо кўп қутбли дунё ҳақидаги сиёсий баёнотларнинг ўзи халқаро тизимни ўзгартира олмайди. ШҲТ иқтисодий, молиявий, транспорт ва технологик ҳамкорликнинг барқарор ҳамда самарали механизмларига эга бўла оладими ёки йўқми – масаланинг моҳияти мана шунда.

Якуний хулоса

Шу боис Бишкек саммити ШҲТни одатий минтақавий ҳамкорлик майдонидан анча юқори бўлган евроосиёвий қудратли сиёсий-иқтисодий механизмга айлантириш йўлидаги дастлабки қадам вазифасини ўташи мумкин.

Бироқ тўлиқ хулосани давлат раҳбарларининг асосий мажлиси тугаб, якуний ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин, яъни 1 сентябрдан кейингина чиқариш мумкин бўлади. Айнан шу етакчиларнинг баёнотлари ва учрашув якунида қабул қилинадиган қарорлар ташкилот иштирокчиларининг кўп қутблилик ҳақидаги декларациялардан амалий ҳамкорлик механизмларини тузиш ҳаракатига қанчалик даражада тайёрлигини кўрсатади.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button