АҚШнинг аниқ мўлжалга урувчи қурол-яроғ захираси кескин камайди

АҚШнинг аниқ мўлжалга урувчи қурол-яроғ захираси кескин камайди
АҚШ Эрон билан кечган ҳарбий ҳаракатлар пайтида 4 510 донагача юқори аниқликда мўлжалга урувчи қуролдан фойдаланиб, урушдан олдинги мавжуд захирасининг 31–38 фоизини сарфлаб юборган. Бу ҳақда АҚШдаги CSIS маркази маълум қилди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, энг катта йўқотиш ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш тизимларига тўғри келган. Аниқроқ айтганда, тахминан 360 та THAAD ракетасидан 190–290 таси (53–80%), 410 та SM-3 ракетасидан 130–250 таси (32–61%) ва 2 330 та Patriot ракетасидан 1 060–1 430 таси (45–61%) қўлланилган.
Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар давомида 1 000 дан ортиқ Tomahawk, 1 100 дан зиёд JASSM қанотли ракеталари ҳамда 90 та PrSM ракетасидан 40–70 таси (44–78%) ишга солингани қайд этилган.
CSIS маълумотларига кўра, урушнинг умумий харажати 37,5–53,6 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда. Зарар кўрган ҳарбий базаларни қайта тиклаш учун эса яна 4–9 миллиард доллар талаб қилиниши мумкин.
Таҳлилчиларнинг хулосасига кўра, ҳарбий тўқнашувлар чоғида АҚШнинг камида 42 та учиш аппарати йўқ қилинган ёки шикаст етказилган. Уларнинг орасида 24 та MQ-9 Reaper учувчисиз аппарати, шунингдек, F-15, F-35 ва A-10 русумли қирувчи самолётлар бор.
CSIS қайд этишича, ҳозирда Lockheed Martin компанияси йилига бор-йўғи 96 дона THAAD ракетасини ишлаб чиқаради. Ҳатто ишлаб чиқариш ҳажми 400 донага етказилган тақдирда ҳам, урушгача бўлган захирани қайта тиклаш 2029–2030 йилларга бориб ниҳоясига етиши мумкин.




