Саудия Арабистони мактаб дарсликларидан «сионист душман» атамаси чиқариб ташлади

Саудия Арабистони мактаб дарсликларидан «сионист душман» атамаси чиқариб ташлади
IMPACT-se ташкилоти тадқиқотининг маълум қилишича, Саудия Арабистони ўз таълим дастурларига ўзгартиришлар киритиб, (Исроил) билан боғлиқ айрим атамаларни олиб ташлаган. Тадқиқот натижаларига кўра, мактаб дарсликларидан яҳудийларга қарши айрим баёнотлар ҳам чиқариб ташланган. Масалан, китобларнинг бирида мусулмонларнинг «Қуддусдан ҳеч қачон воз кечмаслиги» ҳақидаги жумла эндиликда қўлланилмай қолган.
(Исроил)га нисбатан ишлатиладиган атамалар ҳам ўзгарган. Айрим бўлимларда «сионист душман» тушунчаси «(Исроил)нинг ишғолчи режими» ибораси билан алмаштирилган. Шунингдек, баъзи хариталарда (Исроил) ва Фаластин ҳудудларининг чегараларига доир ўзгартиришлар киритилган.
Бундан аввал ҳам Саудия ҳукумати таълим дастурларига кўплаб ўзгартиришлар киритиб келган эди. Жумладан, 2020–2021 йилги ўқув дастуридан мусулмонлар ва яҳудийлар ўртасида муқаррар жанг бўлиши ҳамда унда мусулмонлар ғолиб чиқиши ҳақидаги ҳадис олиб ташланган эди. Шунингдек, сионис кучлар ўз мақсадларига пул, аёллар ва гиёҳванд моддалар орқали эришишга ҳаракат қилиши ҳақидаги матнлар ҳам дарсликлардан чиқариб ташланган эди.
Бундан ташқари, Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасидаги Мусо пайғамбар қавмига ўхшаш кишиларга қаратилган огоҳлантиришни ўз ичига олган оят тафсирига бағишланган бутун бошли бўлим ҳам дарсликлардан олиб ташланган.
Шунингдек, жиҳодни улуғловчи «Аллоҳ йўлидаги жиҳод — Исломнинг чўққисидир» деган жумлалар ҳам ўқув китобларидан чиқариб ташланган. Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг «Тавба» сураси 41–68-оятларини ўргатадиган бутун бошли таълим бўлими ҳам олиб ташланган.
Мазкур ўзгартиришлар Саудия Арабистони режими томонидан сўнгги бир неча йиллардан амалга оширилаётган модернизация сиёсати доирасида олиб борилмоқда. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳокимият тепасига келганидан буён мамлакат аҳолисининг диний қарашларига ёт бўлган тушунчаларни мажбуран сингдиришга, ўз навбатида, Исломнинг асл тушунчаларини эса йўқ қилишга ҳаракат қилиб келмоқда. Бунинг учун турли бузуқ кўнгилочар фестиваллар ташкил этиб, жамият онгини ўзгартиришга ҳаракатлар олиб бормоқда.




