«Янги Қирғизистон» нима дегани: янги давлатми ёки шунчаки кўзбўямачиликми?

«Янги Қирғизистон» нима дегани: янги давлатми ёки шунчаки кўзбўямачиликми?
Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Ирис-Ордо» конгресс-марказини нафақат янги бинонинг очилиши, балки ҳукумат «Янги Қирғизистон» (Жаңы Қирғизистон) деб атаётган тушунчанинг ҳам тақдимоти сифатида намойиш этди. Очилиш маросимида президент халқ бирдамлиги, янги босқич, Қирғизистоннинг халқаро майдондаги обрўси ҳамда мамлакатнинг йирик лойиҳаларни мустақил равишда амалга ошириш қудрати хусусида сўз юритди. Шу билан бирга, у мустақилликнинг 35 йиллигини сиёсий зиддиятлар, сиёсатчиларнинг демагогияси, популизм ҳамда жамиятнинг шимол ва жанубга бўлиниб кетгани билан боғлади.
Натижада сайловолди сиёсатида жамоатчиликка яхши таниш бўлган эски риторика, бошқача айтганда, «олдинги сиёсатчилар фақат гапирди – ҳозирги ҳукумат эса амалда бажармоқда» деган фикрлар қайтадан юзага чиқди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, айтилган гапларнинг деярли барчасининг сиёсий мазмуни яққол сезилиб турди, худди сайловолди чақириқлар каби. Аниқроғи, «олдингилар уддалай олишмади – биз эса уддаладик» деган қараш илгари сурилди.
Навбатдаги президентлик сайлови яқинлашиб келаётган бир пайтда бу алоҳида аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар сиёсий кампания учун жуда қўл келади. Бу ерда очиқдан-очиқ «менга овоз беринг» деб айтишнинг ҳам ҳожати йўқ. Шунчаки кўзга кўринадиган натижаларни кўрсатиб, тегишли хулоса чиқариш имкониятини фуқароларнинг ўзларига қолдиришнинг ўзи етарли.
Бироқ шу ўринда бошқа бир муҳим савол туғилади: «Янги Қирғизистон» лойиҳасининг туб моҳияти нимадан иборат?
Ҳозирча унинг амалга ошаётганини кўрсатувчи асосий далил сифатида бинолар, аниқроғи, «Ирис-Ордо», «Бишкек Арена» лойиҳалари, йўллар ва бошқа қурилиш объектлари кўрсатилмоқда. Аммо янги биноларнинг қад кўтариши янги ўлка барпо этилди дегани эмас-ку.
Иқтисодиётнинг янги модели қаерда? Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари қандай ўзгаради? Фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатлар қай тарзда шаклланади? Суд тизими, коррупция, иш ўринлари ва миграция масалалари бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Энг кўп эътибор қаратилиши керак бўлган ёшларга келажакнинг қандай қиёфаси таклиф этилмоқда?
Айнан шу ерда яна бир ноқулай савол туғилиши табиий: чиндан ҳам Қирғизистоннинг халқаро майдондаги роли чет эллик меҳмонларни муносиб кутиб олиш, жойлаштириш, саммитлар ўтказиш ва кейин кузатиб қўйиш билангина чегараланиб қолаверадими? Биз ҳамон бошқаларнинг тадбирларига хизмат кўрсатадиган томон бўлиб қолаверамизми?
Қирғизистон ШҲТнинг меҳмонхонаси эмас-ку? Замонавий конгресс-маркази, албатта, керакдир. Бироқ мамлакатнинг халқаро нуфузи чиройли заллaрдa ўтирган президентлар сони билан ўлчанмайди. Бу ерда бошқа нарса, яъни: “қайси шартномалар янги иш ўринларини яратди ва бундан ҳар бир қирғизистонлик фуқаро сифатида қандай амалий манфаат кўра олади?” деган саволларнинг жавоби муҳимроқдир.
Меҳмонлар кетишади, саммит ҳам якунига етади. Ҳаммаси тугагач, мамлакатда бинолар ва суратлардан бошқа нима қолади?
Қолаверса, бирор объектни қуриб қўйиш – бу ишнинг ярмидир. Уни кейинги ўнлаб йиллар давомида молиялаштириш ва асраб-авайлаб, талаб даражасида ушлаб туриш ҳам керак. Шунинг учун жамоатчилик қурилишнинг фақат қийматинигина эмас, балки объектни ишлатишга кетадиган харажатларни, унинг қанчалик даражада самара беришини ва мамлакат иқтисодиётига қандай даромад келтиришини ҳам билиши муҳимдир.
Аҳоли орасида қашшоқлик ҳамон сақланиб қолаётган бир шароитда, давлатнинг муваффақиятини янги биноларнинг квадрат метрлари билан ўлчаш жуда ғалати эмасми?! Марказий Осиёдаги мавжуд қашшоқликка қарамай, минтақада гўёки давлат «фасадлари» ўртасида ўзаро мусобақа кетаётгандек тассурот уйғонмоқда: худдики, ким чиройли аэропорт, стадион, бино ёки конгресс-марказ қуради, ким энг дабдабали саммит ўтказади, дегандек. Ҳар бир мамлакат: «Биз энди четда қолган, иккинчи даражали давлат эмасмиз», деб ўз аҳамиятини исботламоқчи бўлади.
Бироқ бу ерда тараққиёт белгисини чинакам тараққиётнинг ўзи билан алмаштириб қўйиш ҳеч гап эмас. Ҳайратланарли конгресс-марказини қуриш осон, лекин шу орқали янги иқтисодий модель яратиладими? Президентларни меҳмон қилиш билангина муҳим қарорлар қабул қилинадиган марказга айланиб қолиш мумкинми?
Айнан мана шу нуқтада биз энг асосий муаммога дуч келамиз. «Янги Қирғизистон»нинг янги мафкураси қаерда? Бирдамликка чақириқлар бор, деб ҳисобласакда, лекин у бирдамлик ниманинг асосида тузилади ва қандай мақсадни кўзлайди?
Чинакам мафкуравий лойиҳа айнан шу саволларга жавоб бериши шарт. Ҳозирча эса «Янги Қирғизистон»ни биринчи навбатда қурилишлар орқали кўрсатишга уринилаётгандек таассурот қолдирмоқда.
Ҳақиқий «Янги Қирғизистон» бўлиши учун қайси раҳбар ҳокимиятга келмасин, ундан кейин ҳам сақланиб қоладиган тизим бўлиши зарур. У узоқ муддатли стратегияга, ишончли институтларга, иқтисодиётнинг янги моделига, сифатли таълимга, адолатли қонунларга ва фуқароларнинг фаровонлигини оширишга асосланиши шарт.
Акс ҳолда, «Янги Қирғизистон» лойиҳаси: «35 йил давомида бошқаларнинг қўлидан келмади, биз уни уддаладик. Улар фақат гапириш билан чекланди, биз эса қурдик. Улар бўлиб юборди, биз бирлаштирдик» деган ҳозирги ҳокимиятнинг шунчаки сиёсий брендига айланиб қолиш хавфига дучор бўлади. Бу каби гаплар Қозоғистонда неча йиллардан буён натижасиз равишда қайта-қайта такрорланиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида мазкур сўзларнинг сайловолди тус олганини яққол кўрсатиб турибди.
Қирғизистонга эса янги “фасадлар”дан кўра кўпроқ нарса керак. Бу мамлакатга инсон ва жамият олдида турган туб муаммоларни ҳал этишга қодир бўлган яхлит тизим зарур. Унга яшаш ва курашиш учун янги мазмун, янги йўналиш керак. Айнан шу мазмун асосида мусулмонлар жамият тараққиётида фаол иштирок этиб, Илоҳий қонунларга, аниқроғи Яратганнинг қонунларига таянадиган адолатли давлатни барпо этиш мақсадини илгари сура оладилар.
Латифул Расих




