Мақолалар

Жапаров Хитой билан «ҳамкорликдан» келаётган фойдани бўрттириб кўрсатмоқда

Жапаров Хитой билан «ҳамкорликдан» келаётган фойдани бўрттириб кўрсатмоқда

Хитойнинг Қирғизстон устидан кундан-кунга кучайиб бораётган таъсири сабабли халқ орасида кузатилаётган эътирозлар хусусида Садир Жапаров берган баёнотга назар ташласак, унинг Хитойга нисбатан муносабати ҳам ва бу масалани жамоатчиликка қандай тушунтираётгани ҳам қизиқ туюлади.

Давлат раҳбари хорижлик ишчилар сонининг ортиши, ер майдонларини ажратиш шартлари, давлат буюртмалари, маҳаллий бизнеснинг иштироки ва инвестиция битимларининг шаффофлиги каби аниқ саволларга жавоб бериш ўрнига, масалани бошқа ўзанга буриб юборди. Унинг фикрича, Хитой Қирғизстонга технология ва инвестиция олиб келмоқда, бу ҳолатга оид эътирозлар эса «ички ва ташқи кучлар» томонидан атайлаб кучайтирилмоқда.

Бу — муаммони изоҳлашнинг энг қулай йўлидир. Бироқ сиёсий нуқтаи назардан қараганда, бу ерда асосий саволни бошқа нуқтага буриш ва бир-бирига алоқаси бўлмаган икки ҳолатни қўшиб юборишга уриниш яққол сезилиб турибди.

Хитой инвестициялари ёки унинг Қирғизстондаги иқтисодий таъсири ҳақида савол бераётган фуқаронининг ҳаммасини ҳам Хитойга қарши кайфиятдаги куч сифатида баҳолаб бўлмайди.

«Хитой — Қирғизстон — Ўзбекистон» темир йўлининг қурилиши, энергетика объектларининг ишга туширилиши ва мамлакатга илғор технологияларни жалб қилиш билан бирга, қирғиз компанияларининг давлат ва йирик лойиҳаларда ўз улушига эга бўлишини, маҳаллий мутахассисларнинг иш билан таъминланишини ҳамда давлатнинг бундай ҳамкорликдан реал, очиқ-ойдин ва сезиларли иқтисодий фойда кўришини талаб қилиш айни муддаодир.

Бироқ «буни Хитойсиз ўзимиз қура олармидик?» деган саволнинг ўзиёқ муаммони асосий ўзандан бошқа ўзанга буришдан бошқа нарса эмас.

Албатта, Қирғизстонда мураккаб ускуналар ва замонавий технологияларнинг салмоқли қисми ишлаб чиқарилмаслигини тан олиш керак. Аммо бундан бутун бошли қурилиш жараёнини хорижий компания қўлига топшириб қўйиш лозим, деган хулоса келиб чиқмайди.

Мамлакатда йўқ технологиялар ва асбоб-ускуналарни четдан сотиб олиш ёки зарур ҳолларда хорижлик муҳандисларни жалб қилиш бошқа масала. Аммо қирғизстонлик қурилиш компаниялари бемалол бажара оладиган ишларни ҳам хорижий пудратчиларга бериб юбориш бутунлай бошқа нарсадир.

Айнан шу ерда: «Мустамлакачиларнинг капиталини зарурат юзасидан жалб қилиш чегараси қаерда тугайди ва мамлакатнинг ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйиши қаердан бошланади?» деган ўта жиддий савол туғилади.

Хитойнинг Қирғизстонда иш олиб боришининг ўзи муаммо ҳисобланмайди. Аммо инвестиция лойиҳалари хорижий капитал, хорижий бош пудратчи, хорижий ускуналар ва хорижий ишчи кучи орқали амалга оширилган пайтда муаммо юзага келади. Қирғизистонга эса фақат ер, инфратузилма, солиқ имтиёзлари ва келажакдаги «фойда» ҳақида қуруқ ваъдаларгина қолади холос.

Бундай вазиятда давлат Хитойнинг технологик жиҳатдан қанчалик тараққий этгани ва бу технологиялар Хитойнинг ўзини қандай ривожлантираётгани ҳақида эмас, балки уларнинг Қирғизстонга айнан қандай наф келтириши хусусида ҳисобот бериши шарт.

Айнан шу жиҳатдан олиб қараганда, президентнинг Қирғизистон барча фойдани «юз фоиз ўзида олиб қолади» деган важлари жуда шубҳали туюлади, чунки бундай баёнот реал воқеликка тўғри келмайди.

Фақат импорт қилинган ускуналар билан ишлашга бир неча операторни ўқитиб қўйишнинг ўзи тараққиёт учун технологияларни ўзлаштириш ҳисобланмайди. Технология ҳақиқий маънода ўзлаштирилди, дейиш учун қирғизстонлик мутахассислар уни мустақил равишда бошқара олиши, таъмирлай олиши, янгилай олиши ҳамда келажакда бундай технологияларни ўзлари қайта ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиши шарт.

Демак, савол «Хитой завод қурдими?» деб эмас, балки «Ушбу лойиҳа ишга тушганидан сўнг Қирғизстон илгари қила олмаган қандай ишни энди мустақил равишда бажара олади?» деган мазмунда қўйилиши керак.

Муаммонинг энг асосий жиҳати — унинг сиёсий ўзанидир.

Бугунги ҳукумат учун Хитойнинг йирик лойиҳалари жуда қўл келади. Чунки бу лойиҳалар йўллар, заводлар, энергетика объектлари, логистика марказлари ва темир йўлларни қисқа вақт ичида қуриб битказиб, кўзга кўринарли натижани халққа кўрсатиш имконини беради. Айниқса, сайловлар яқинлашиб келаётганини ҳисобга олсак, президент учун бу улкан сиёсий капитал ҳисобланади. Яъни бу жамоатчиликка «бизнинг давримизда мамлакат обод бўлмоқда, биз бошқараётган пайтда инвестициялар оқиб келмоқда, Қирғизстон бизнинг раҳбарлигимизда изоляциядан чиқмоқда» деб кўрсатиш учун қулай имкониятдир.

Бироқ йирик хорижий лойиҳалар фақат сиёсий жиҳатдангина қулай бўлмайди. Улар ер ажратиш, давлат буюртмаларини бериш, юк ташиш, логистика, рухсатномалар олиш, субподрядларни тақсимлаш ва қурилган объектлардан фойдаланиш билан боғлиқ улкан иқтисодий манфаатлар майдонини ҳам юзага келтиради.

Айнан шу сабабли бу йўналишда шаффофлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Бу дегани Жапаров Хитой лойиҳаларидан шахсан ўзи манфаат кўрмоқда, дегани эмас. Бироқ бу ерда яққол кўзга ташланиб турадиган тизимли манфаатдорлик мавжуд: лойиҳалар қанчалик йирик ва уларнинг шартлари қанчалик ёпиқ бўлса, давлат қарорларини қабул қилиш ваколатига эга шахсларнинг қўлида шунчалик кўп молиявий ресурс тўпланади.

Бу масала эса тўғридан-тўғри Қирғизизтон ҳукуматининг амалдаги бошқарув тизимига бориб тақалади.

Тезкор фойда кўриш нуқтаи назаридан қараганда, амалдорлар учун юзлаб мустақил қирғиз тадбиркорларидан кўра, биргина йирик хорижий инвестор анча қулайроқ бўлиши мумкин. Ягона йирик ҳамкор билан давлат миқёсида келишиб, битим тузиш ва ортидан жамоатчиликка тайёр натижани кўрсатиб қўйиш жуда осон.

Минглаб маҳаллий компаниялар билан ишлаш учун эса соғлом рақобатни таъминлайдиган, очиқ-ойдин тендерлар ўтказадиган, барча учун бир хил қоидаларни қўллайдиган, мустақил суд тизимига таянадиган ва чинакам бозор шароитини яратадиган институтлар керак бўлади.

Бошқача айтганда, маҳаллий бизнесни ривожлантириш ҳукуматнинг қатъий назоратига осонгина бўйсунмайдиган, очиқ қоидаларга ва рақобатга асосланган институтларни шакллантиришни талаб қилади.

Шундан келиб чиқиб: «Амалдаги ҳокимиятнинг капиталистик тизими чиндан ҳам мустақил қирғиз тадбиркорлигини ривожлантиришдан манфаатдорми?» ёки сиёсий-маъмурий жиҳатдан йирик хорижий инвесторларга ва улар билан боғлиқ маҳаллий шерикларга таяниш қулайроқми, деган ҳақли савол туғилади.

Бироқ давлат сиёсати «Хитойни қўллаб-қувватлаш» ёки «Хитойга қарши туриш» деган иккита танловдангина иборат бўлиб қолмаслиги керак. Шу билан бирга, Хитойнинг мамлакатдаги ҳар қандай таъсирини турли сабаблар билан оқлаб ўтириш ҳам нотўғри. Қирғизистон биринчи навбатда ўз фуқароларининг манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, хорижий инвесторларга ўз шартларини қатъий қўя билиши ва уларнинг бажарилишини талаб қилиши лозим.

Агар Қирғизстонга хитой технологиялари зарур бўлса, у ҳолда технология билан бирга уни қўллаш тажрибаси ва зарурий билимлар маҳаллий мутахассисларга чинакам маънода ўргатилиши шартномаларда аниқ кўрсатилиши керак.

Агар чет эллик мутахассисларни жалб қилиш зарур бўлса, уларнинг нима сабабдан кераклиги аниқ кўрсатилиши ва бу зарурат ҳужжатларда очиқ баён қилиниши керак.

Йирик объектлар қурилаётган бўлса, қурилиш, пудрат ва бошқа тегишли ишларнинг имкон қадар катта қисми қирғизстонлик компанияларга берилиши шарт.

Шу боисдан ҳам бугунги кундаги асосий масала «Жапаров нима учун Хитойни яхши кўради?» деган саволда эмас. Хитой Қирғизстон учун муҳим ҳамкор бўлиши мумкин ва у билан ҳамкорлик қилиш маълум даражада чиндан ҳам зарурдир. Бироқ масаланинг ўзаги бутунлай бошқа нарсада: нега энди ҳокимият фуқароларга Хитой билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини асослаб беришдан ва шу ҳамкорликнинг шартларини шаффоф тарзда очиқлашдан қочишга уринмоқда?

Жапаров учун амалдаги сиёсатни давом эттириш бир вақтнинг ўзида икки жиҳатдан ҳам ғоят қулайдир:

  1. Сиёсий жиҳатдан — йирик лойиҳалар қисқа вақт ичида кўзга кўринарли натижани кўрсатишга, «бунёдкор президент» образини мустаҳкамлашга ҳамда иқтисодий ютуқларни бевосита ўзининг бошқаруви билан боғлаб кўрсатишга имкон беради.
  2. Иқтисодий жиҳатдан —ер ажратиш, давлат буюртмалари, пудрат ишлари, инфратузилма ва давлат институтлари орқали тақсимланадиган ёки назорат қилинадиган бошқа ресурс оқимлари йирик инвестициялар атрофида тўпланади. Лойиҳа қанчалик йирик бўлса, уни тақсимлашга таъсир кўрсата оладиган шахслар учун эҳтимолий манфаат ҳам шунчалик улкан бўлади.

Шахсий манфаатни чексиз кўзлашга ва ўз ҳукмронлигини сақлаб қолишга асосланган капитализм ҳукмронлиги давом этар экан, раҳбарларнинг диктатура тизимини борган сари кучайтиришдан манфаатдорлиги ҳам ортиб бораверади. Натижада фуқароларнинг ноқулай саволларига умуман жавоб бермаслик имконияти туғилади.

Ҳужжат Жамиа

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button