Мақолалар

Текебоевнинг миллий «мафкураси»

Текебоевнинг миллий «мафкураси»

Омурбек Текебаев «Кўчманчилар цивилизацияси тарихи» деб номланган янги илмий-тарихий китобнинг тақдимотини ўтказиб, мазкур тадбирга деярли бутун қирғиз элитасини жамлади. Йиғилишда у сўзга чиқиб, қирғиз миллати бошқа барча турк ва форс халқларидан олдин яралгани ва бошқа миллатлар айнан улардан тарқалгани илмий жиҳатдан исботланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Текебаев бу китобни президент кўриб чиқиб, маъқуллаганини ҳам қўшимча қилди.

Текебоев Қирғизистонда «миллий мафкура»ни шакллантиришга киришди. Ўзбекистонда Каримов асос солган миллий йўналиш бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда. Бироқ Текебоев бу йўналишни худди «нацистик» руҳда кўтариб чиқаётгандек таассурот қолдирмоқда.

 «Бизнинг бу илмий жиҳатдан исботланган ҳақиқатларимизга биринчи навбатда қўшни давлатлар қарши чиқади. Агар ишонмасалар, марҳамат, генофобия институтларидан бизнинг далилларимизни тасдиқлаб олсинлар», деди Текебоев ўз нутқида.

Гитлер бошлиқ нацистик Германия ҳам айни шундай генофобиялик илмий асосларга таяниб, «немис миллати олий ирқ, буни бутун дунё тан олиши керак» деган ғоя билан майдонга чиққан эди. Ўзбекистон ёки бошқа қўшни давлатлар ҳам миллий ғояни асос қилиб олишган бўлса-да, ўзларини бошқа миллатлардан устун қўйиб, «уларнинг отасиман» деган даъво билан чиқишган эмас.

Масаланинг сиёсий томонига эътибор қаратадиган бўлсак, бу ғоя Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларга рахна солиб, секин-аста яқинлашиб келаётган алоқаларимизга путур етказиши мумкин бўлган бузғунчи ривоятдан бошқа нарса эмас. Текебоевнинг илмий тадқиқоти исботланган тақдирда ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки биз миллий асосдаги тузумда яшаётганимиз йўқ. Миллатчиликдан мафкура ҳам, тузум ҳам келиб чиқмайди. Аксинча, миллий такаббурлик ва бошқа миллатларни менсимасликдан миллий низолар ва ўзаро адоват келиб чиқиши мумкин.

Мафкура — инсон ҳаётини маълум бир эътиқодга боғловчи асосдир. Демак, мафкура мавжуд бўлиши учун ақида (оламнинг яралиши ва охират ҳаёти ҳақидаги асосий тушунча) бўлиши шарт. Миллатчиликдан эса ҳеч қачон ақида келиб чиқмайди.

Демак, Текебоев қирғиз халқининг қучоғини қуруқ ваъдаларга тўлдирмоқчи бўляпти. Сайлов олдидан президентдан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш кучайиб бораётган бир пайтда, Текебоев миллатни миллий ғурур ғояси атрофида бирлаштиришга уринмоқда.

Ҳатто Текебоев ўзининг илгариги принципларига, бошқача айтганда, демократия мезонларига ҳам қарама-карши келувчи миллий ғояни кўтариб чиқмоқда.

У гўёки немислар орасида яшаб, «нацизм» ғоясидан таъсирланган ва уни ўзлаштириб олганга ўхшайди. Бу ғоя қуруқ ва яроқсиз экани етмаганидек, ўта хавфли ва зарарли ҳамдир. Айниқса, қирғиз халқи каби кам сонли миллат учун бу мамлакат ичида парчаланишга, шунингдек, ташқи кучлар томонидан миллий можаролар келтириб чиқаришга кенг имконият яратади.

Қолаверса, миллатчилик мусулмонлар учун шариатимиз қатъий тақиқлаган робиталардан биридир. Шариатимиз бизга: «Дунёда икки миллат бор: мусулмон миллати ва кофир миллати», — деб ўргатади. «Мусулмонлар бир-бирига ака-укадир» деган мафкура асосида яшаш мусулмоннинг бурчларидан биридир.

Шу боис, миллатчилик чақириқларидан огоҳ бўлайлик, булар сайловда ғалаба қозониш йўлида бутун бошли миллатни хатар остига қўйишдан ҳам тоймайдилар.

Абу Али

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button