Мақолалар

Хитой раҳбарининг Қирғизистонга давлат ташрифи ва унинг таъсири

Хитой раҳбарининг Қирғизистонга давлат ташрифи ва унинг таъсири

30 август куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди. Учрашувнинг расмий қисми 31 август куни «Интимак Ордо»да бўлиб ўтди ва икки ўлка раҳбарларининг музокараси бир соатдан ортиқ давом этди. Мулоқот чоғида икки ўлканинг тараққиёт стратегияларини уйғунлаштириш, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида ҳамкорлик қилиш, давлат бошқаруви тажрибасини ўртоқлашиш ҳамда ШҲТ доирасида ҳамкорликни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Қирғизистон президенти Садирбек Жапаров Хитой билан ҳамкорлик олтин даврга кирганини таъкидлаб, Қирғизистон «Ягона Хитой» принципини қўллаб-қувватлашини билдирди. Учрашув якунида асосан чегара, божхона, савдо, транспорт ва ахборот соҳаларидаги ҳамкорликларга тааллуқли, жами 32 та ҳужжатга имзо чекилди.

Бундан олдин Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари Эрлист Акунбеков Қирғиз-хитой инвестиция форумида 2021–2025 йиллар оралиғида Хитойдан Қирғизистонга тахминан 1,85 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинганини маълум қилган эди. Шунингдек, 2024 йил 27 декабрда Хитойнинг «Бир камар – бир макон» глобал лойиҳаси доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланган эди. Мазкур лойиҳа доирасида Қирғизистоннинг Хитойга қарамлиги янада кучайиб бормоқда. Чунки темир йўлни қуриш учун асосий маблағ ва кредитлар айнан Хитой тарафидан молиялаштирилмоқда. Бироқ лойиҳани амалга оширувчи компания ҳам, ишчилар ҳам хитойга қарашли бўлганлиги учун сарфланган маблағнинг ҳаммаси охир-оқибат яна Хитойга қайтиб кетмоқда. Давлат бу орқали ўз иқтисодий ўсишини вақтинча барқарор сақлаб тургани билан, лойиҳани давом эттириш эвазига ўлкада Хитой таъсири изчил ошиб бораверади. Шунинг учун ҳам амалдаги ҳукумат Хитой манфаатлари йўлида юртимиз эшикларини ланг очиб бермоқда.

Эндиликда Хитой олдида ўзининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва уни янада ривожлантиришни таъминлаш вазифаси турибди. Табиийки, бу ҳолат Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий муносабатларни сиёсий-ҳарбий форматга ўзгартиришни талаб қилади. Бунинг дастлабки қадамлари ҳам кўрина бошлади. Хусусан, 19 май куни юртимизга Хитой жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун келиб, Ички ишлар вазири билан учрашди. Томонлар музокара чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги қирғиз-хитой ҳамкорлигини муҳокама қилишди. Шунингдек, 20 май куни Ван Сяохун Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Максат Асаналиев билан ҳам учрашди ва Асаналиев мамлакат ҳудудида хитойлик инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.

Бу каби учрашувлар бор ҳақиқатни кўрсатиб турибди: амалдаги ҳокимият Хитой учун мамлакатнинг барча эшикларини ланг очиб беришга тайёр. Ўз навбатида, Хитой ҳам ўз инвестицияларини янада кўпайтиришга ҳозирлик кўрмоқда. Табиийки, Хитой инвестициялари билан бирга хитойлик фуқароларнинг ҳам оқиб келиши кутилади. Ҳукуматнинг мамлакатда ишлаш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари квотасини 50 мингдан 100 мингга оширгани бежиз эмас. Қолаверса, 25 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси хитойлик ишчиларнинг юртимизга киришини енгиллаштирувчи қарорни ҳам қабул қилди.

Бундан ташқари, расмийлар Хитойни яхши кўрсатиш мақсадида мамлакатда махсус кўргазмалар ташкил этиб, олий ўқув юртларида Хитой бўлимларини очмоқда, Хитойни тарғиб қилувчи изчил тадбирлар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ахборот майдонида ҳам ҳамкорлик кучайиб, юртимизда қирғиз тилидаги Хитой оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар берилмоқда.

Бунга қўшимча равишда, халқимизни ҳақли равишда ташвишга солаётган ташқи қарзнинг асосий қисми ҳам Хитойга тегишли, аниқроғи, Хитойдан олинган қарз миқдори 1,5 миллиард долларни ташкил этади. Бундан ташқари, илгари давлат қарзига оид маълумотлар очиқ эди. Ҳозир эса бу анъанага чек қўйилди, яъни давлатнинг умумий қарзи ошкор этилса-да, лекин айнан қайси давлатдан қанча маблағ қарз олинганлиги кўрсатилмайди. Бу эса жамоатчилик орасида Хитойга қарши норозилик кайфияти пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилган ҳаракат ҳисобланади.

Демак, ҳукумат юртимизнинг «тараққиёти» учун Хитойга барча имкониятларни яратиб бериб, бу ҳолат ялпи ички маҳсулотнинг ўсишига ва «гуллаб-яшнашига» олиб келади, деб ҳисобламоқда. Бироқ аслида бундай инвестиция ва кредитлар мустамлакачилар учун ўзга давлатларнинг кон-бойликларини талон-торож қилиш ва ўз таъсирини ёйиш механизмидан бошқа нарса эмас. Бундан ташқари, Хитой билан бундай ҳамкорлик кўплаб хитойликларнинг юртимизга ёпирилиб келишига йўл очади. Лекин амалдаги раҳбарият бу қалбаки «тараққиёт»га алданиб, юртимиз келажагини боши берк кўчага бошлаб бормоқда.

Шу боисдан ҳам соғлом фикрли жамиятимиз ҳукуматдан Хитой билан муносабатларда ўта эҳтиёткор бўлишни ва унинг бузғунчи таъсири ёйилишига ҳеч қачон йўл қўймасликни қатъий талаб қилиши керак. Зеро, Хитой таъсирининг кучайиши келажакда динимиз ва эркин ҳаётимизга жиддий хавф туғдириши муқаррар. Бошқача айтганда, Шарқий Туркистондаги аянчли аҳвол бошимизга тушиб қолиш хавфи мавжуд. Шундай экан, ҳам биз ўз эътиқодимизга содиқ қолиб, бегоналарнинг юртимизда ҳукмронлик қилишига ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз шарт!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button