Давлат ерлари кредит гаровига айланадими?

Давлат ерлари кредит гаровига айланадими?
Қирғизстонда йирик инвесторларга давлат ва муниципал ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқидан кредит олиш учун гаров сифатида фойдаланиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.
Тегишли қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Таклиф қилинаётган мазкур механизм ернинг ўзини гаровга қўйишни эмас, балки участкадан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини гаровга беришни назарда тутади.
Механизмни амалда жорий этиш мақсадида давлат ерларини бериш бўйича амалдаги қоидаларга ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда. Ҳозирги пайтда давлат ер участкасидан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш, уни гаровга қўйиш, ижарага бериш ёки учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари билан чеклаш қатъиян тақиқланган.
Агар таклиф этилган мазкур ўзгартиришлар қабул қилинса, айрим инвестиция лойиҳалари доирасида ердан фойдаланиш ҳуқуқини кредит олиш чоғида гаров сифатида қўллаш имконияти туғилади.




