Хабар ва изоҳ

Қирғизистонда солиқ назорати кучайтирилади: Бозорлар ва савдо марказларига янги мажбуриятлар юкланади

Қирғизистонда солиқ назорати кучайтирилади: Бозорлар ва савдо марказларига янги мажбуриятлар юкланади

Қирғизистонда бозорлар, савдо марказлари ҳамда тадбиркорларнинг солиққа оид бошқарув тартиби ўзгаради. Вазирлар Маҳкамаси солиқлар ва суғурта бадалларининг тўланишини назорат қилиш, солиқ постларининг фаолияти, видеокузатув ҳамда бошқа бир қатор тартиб-қоидаларга тегишли ўзгартиришлар тўпламини тасдиқлади.

Янги талаблар орасида бозорлар ва савдо марказлари маъмуриятларига тааллуқли ўзгаришлар алоҳида эътиборга моликдир. 2027 йилнинг 1 январидан бошлаб бозорларга ва савдо марказлари маъмуриятларига солиққа кирмайдиган даромадлар ҳамда суғурта тўловларини йиғиш билан боғлиқ қўшимча вазифалар юкланади. Шунингдек, улар ёлланма ходимлар учун даромад солиғи ва суғурта бадаллари тўланишини назорат қилишлари шарт бўлади. Бунинг учун алоҳида тартиб жорий этилиб, унда бозорлар ва савдо марказлари маъмуриятлари тадбиркорларнинг солиқ мажбуриятлари ва суғурта бадаллари бўйича талабларини қай тарзда ҳисобга олиб, назорат қилиши аниқ белгиланади.

Солиқ ходимларининг видеокузатув тизимларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади. Ўзгаришлар солиқ постлари ишлаган пайтда видеокузатув тизимларидан фойдаланишни ҳам ўз ичига олади. Агар корхона ёки савдо объектида илгари видеокузатув тизими ўрнатилган бўлса, солиқ хизмати ходими интернет ёки бошқа тармоқлар орқали ундан фойдалана олади. Жумладан, IP-камералар ёки IP-манзиллардан фойдаланиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. Олинган видеолавҳалар солиқ назорати жараёнида қўлланилиши мумкин.

Агар тадбиркор ёки компаниянинг ўз видеокузатув тизими бўлмаса, солиқ органи объектга ўзининг жиҳозларини ўрнатиб, тасвирга олинган видеолавҳаларни интернет ёки бошқа алоқа тармоқлари орқали қабул қилиб олиши мумкин.

Бундан ташқари, тадбиркор ёки компания видеокузатув лавҳаларини тақдим этишдан бош тортган ҳолларда, солиқ инспектори тўсқинлик қилиш факти юзасидан далолатнома тузишга ҳақли бўлади. Бу ҳолат солиқ хизмати ходимининг қонуний талабини бажармаслик сифатида баҳоланади.

Янги талаблар фақат солиқ ва суғурта бадалларини тўлаш тартибини ўзгартириш билан чекланмайди, балки тадбиркорлик субъектлари устидан ўрнатиладиган назоратни ҳам янада кучайтиради. Бозорлар ва савдо марказлари маъмуриятларига қўшимча мажбуриятлар юкланиб, солиқ органларининг видеокузатувдан фойдаланиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилади.

Изоҳ:

Кўриниб турганидек, Қирғизистон Солиқ хизмати аста-секин солиқ полициясига айланиб бормоқда. Бу орқали аҳолининг ҳар бир қадамини назорат қилиб, мажбурий тарзда солиқ ундириш мақсад қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида кичик бизнес соҳасини оғир босим остида қолдириб, йирик капитал эгаларига кенг имкониятлар очиб бермоқда. Натижада омма халқнинг мулки амалдорларга яқин бир ҳовуч кишилар қўлига тўпланиши учун шароит яратилмоқда. Аллоҳ Таоло буни қатъиян ман қилган:

كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاءِ مِنْكُمْ ۚ

«…Токи у (бойлик) сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун…» (Ҳашр сураси, 7-оят).

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button