Хабар ва изоҳ

Пробация адолатсиз судланганлар муаммосини ҳал қила оладими?

Пробация адолатсиз судланганлар муаммосини ҳал қила оладими?

Қирғиз Республикаси Парламентининг депутати Айсаракан Абдибаеванинг зўравонликка қарши қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги ташаббуси қирғиз жамоатчилигида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Шу кунга қадар Абдибаева «Зўрлаш» ва «16 ёшга тўлмаган ўсмирга нисбатан сексуал хусусиятдаги ҳаракатларни содир этиш» моддаларига пробация назоратини жорий этишни таклиф қилган эди.

Бу орада депутат ўзини мандатдан маҳрум этишни талаб қилган шахслар устидан ариза ёзганини билдирди. Депутатни мандатдан маҳрум қилиш бўйича петицияга 30 мингдан ортиқ киши имзо чеккан. Бунга депутатнинг юқоридаги ташаббуси сабаб бўлган.

Депутат Рустамбек уулу Советбек эса «зўрлади» деб туҳмат қилиб, ариза ёзган қизларни ҳам жавобгарликка тортиш кераклигини таъкидлади.

Изоҳ:

2016 йилда Қирғизстонда никоҳ қуришнинг расмий ёши қонунан – 18 ёш қилиб белгиланган эди. Бу қонунни бузганларга уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси кўзда тутилган. 2019 йилнинг июнь ойидан бошлаб Қирғизстонда имомлар оила қурган фуқароларни никоҳ журналига қайд эта бошлади. Бугунги кунга қадар юзлаб ёшлар ушбу қонуннинг қурбонига айланишди. Аниқроқ айтганда, балоғат ёшига етиб, никоҳ орқали оила қурган ёшлар, аёли 18 ёшга тўлиб, кўзи ёриган пайтда автоматик равишда қамоққа олинмоқда. Бунинг баробарида, 18 ёшгача никоҳсиз юрганлар ўзларининг бузуқликларини эмин-эркин давом эттириб келишмоқда.

Демак, никоҳ орқали 18 ёшга етмасдан оила қурганларга пробация жазосини қўллаш билан бу муаммо ҳал бўлмайди. Чунки Салянованинг қонун лойиҳаси Ислом шариатига қарши қабул қилинган. Шариатда жуфтлар турмуш қуриши учун шариат ҳукмлари таклиф қилинадиган ёшга етишининг ўзи етарлидир. 18 ёшда балоғат ёшига тўлади деган қоида ҳеч бир ерда йўқ. Аксинча, балоғатга етган инсон ақли расо бўлса, у никоҳга яроқли ҳисобланади.

Бундан ташқари, бугунги кунда мактаб ёшидаги йигит-қизлар, ҳатто 6-синфдан бошлаб зинога қўл ураётган юзлаган ҳолатларни учратиш мумкин. Демак, юқоридаги қонун бундай бузуқликларнинг олдини олишни мақсад қилмаган. Аксинча, никоҳсиз муносабатларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шариатга мувофиқ ёшда никоҳ қилиб яшаётганлар ва ҳатто ўз бурчини бажариб никоҳ ўқиган мусулмонлар жиноятчига айланиб қолмоқда. Чунки демократик тузумда фақат фойда ўлчов ҳисобланиб, ҳалол ва ҳаромни белгилаш ожиз инсонларнинг ақлига ҳавола қилинган. Натижада бундай қонунлар жамиятнинг бузуқликка ботишига сабаб бўлмоқда.

Бунинг муқобилида, Исломда бутун инсониятнинг табиатини инобатга олган шаръий қонунлар жамиятнинг фаровон ҳаётини кафолатлаб беради. Чунки бу қонунларнинг манбаси инсон табиатини энг гўзал шаклда яратган Аллоҳнинг ҳукмларидир. Шунинг учун биз мусулмонлар бу каби жамиятни бузувчи кўринишларга қарши туриб, мусулмонларнинг қамалишига йўл қўймаслигимиз керак. Шу билан бирга, никоҳ ўқишни фақат имомларнинг зиммасига юклаб қўйиш ҳам ноўриндир, бу ҳукмни амалга ошира оладиган ҳар бир мусулмон бажариши мумкин. Чунки Аллоҳ Таоло оила қуришнинг шарти сифатида никоҳ аҳдини белгилаган. Пайғамбаримиз ﷺ бундай дедилар:

إذا جاءَكم مَن ترضَونَ دينَه وخُلقَه فأنكِحوهُ، إلَّا تفعلوا تَكن فتنةٌ في الأرضِ وفسادٌ قالوا يا رسولَ اللَّهِ وإن كانَ فيهِ قالَ إذا جاءَكم مَن ترضَونَ دينَه وخُلقَه فأنكِحوهُ ثلاثَ مرَّاتٍ

«Агар сизларга ўзингиз дини ва ахлоқидан рози бўладиган киши (совчи бўлиб) келса, никоҳлаб қўйинг (унга қизларингни турмушга беринг). Агар бундай қилмасангизлар, ер юзида фитна ва фасод кўпаяди». «Ё Расулуллоҳ, агар унинг тенги бўлмаса-чи?» дейилганда: «Агар сизларга ўзингиз дини ва ахлоқидан рози бўладиган киши келса, уни никоҳлаб қўйинглар», – деб уч марта такрорлади. (Абу Ҳотим ал-Мазанийдан ривоят қилган).

Мазкур қонунни зўравонликка қарши кураш чораси сифатида кўрсатиш эса фақатгина баҳонадан бошқа нарса эмас. Ҳақиқий зўравонлик Ислом жамиятида энг нохуш ҳодиса ҳисобланади. Айниқса, ор-номус, келажак авлод сифатида бизга берилган аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик кечириб бўлмас жиноят ҳисобланади. Аллоҳ Таоло айтади:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

«Улар билан тинч-тотув яшанглар». (Нисо сураси, 19-оят).

Хулоса қилиб айтганда, Ислом оиланинг мустаҳкамлигига ва жамиятнинг фаровонлигига ҳар доим алоҳида эътибор қаратган. Ажрашишга эса мубоҳ ишларнинг энг ёмони сифатида қаралади. Демак, бугунги кунда қирғиз жамияти дуч келаётган оилавий муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли — Исломни ва унинг ижтимоий ҳукмларини ҳаётга татбиқ этишдир!

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button