Қирғизистон энергетикаси учун яна миллиардлар

Қирғизистон энергетикаси учун яна миллиардлар
Қирғизистон яқин уч йил ичида энергетика соҳасига 28,26 миллиард сом ажратишни режалаштирмоқда. Бу маблағлар гидроэнергетика объектларини модернизация қилиш ва қайта тиклаш ҳамда электр тармоқларини янгилаш лойиҳаларини якунлашга сарфланади.
Молиялаштиришнинг асосий қисми аввал бошланган лойиҳаларни охирига етказишга қаратилади. Ҳукумат мазкур маблағлар энергетика тизимини мустаҳкамлаб, мамлакатда электр таъминотининг ишончлилигини оширишини айтмоқда.
Изоҳ:
Энергетика соҳасига узоқ йиллардан бери улкан маблағлар сарфланиб, бунинг учун чет давлатлардан қарзлар олиниб келинаётганига қарамай, шу пайтгача қарзга олинган маблағларнинг самарадорлиги ҳақидаги саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда. Чунки олинган умумий кредитларнинг деярли ярми айнан шу соҳага сарфланган. Бироқ, шунча катта миқдордаги маблағлар ажратилаётганига қарамай, энергетика тармоғи ҳамон модернизацияга муҳтожлигича қолмоқда. Бу лойиҳалар яна қайтадан янги кредитлар олишга қаратилганига ҳеч шубҳа йўқ. Шу билан бирга, давлат қарзи ва уни умумий тўлаш ҳажми ҳам ортиб, Қирғизистоннинг борган сари қарзга қарамлиги кучайиб бормоқда. Айни пайтда улкан миқдордаги кредитлар йўналтирилаётган энергетика соҳаси мамлакатдаги энг муаммоли тармоқлардан бирилигича қолмоқда.
2026 йилнинг 31 июли ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи 10,16 миллиард долларни (888,2 миллиард сомни) ташкил этди. Унинг 5,19 миллиард доллари ташқи қарзга, 4,96 миллиард доллари эса ички қарзга тўғри келади. Айни пайтда бу қарзларга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам ошиб бормоқда. 2027 йилда давлат қарзини узишга 135,2 миллиард сом, 2028 йилда деярли 149,8 миллиард сом, 2029 йилда эса тахминан 144,5 миллиард сом ажратиш режалаштирилган.
Булар шунчаки қуруқ рақамлар эмас. Бу маблағлар иқтисодиётни ривожлантириш, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш ва бизнесни қўллаб-қувватлашга сарфланиши мумкин эди.
Қолаверса, 2027–2029 йилларда энергетика тармоғини ривожлантиришга яна 28,26 миллиард сом ажратиш кўзда тутилмоқда. Бироқ, йиллар давомида миллиардлаб кредитлар жалб қилинганига қарамай, бу соҳа ҳамон инқирозли аҳволда қолмоқда. Бу ҳолат бутун бошли иқтисодиётга жиддий зарба бериши мумкин. Қарзга хизмат кўрсатишга қанча кўп маблағ кетса, мамлакатни ривожлантиришга шунча кам пул қолади. Айни пайтда, қарз берувчи тарафларга қарамлик ҳам кучайиб бораверади.
Ҳарун Абдулҳақ




