Токаевнинг янги солиқ таклифи халққа ғамхўрликми ёки тизимдаги инқироз белгиси?

Токаевнинг янги солиқ таклифи халққа ғамхўрликми ёки тизимдаги инқироз белгиси?
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бой-бадавлат фуқаролар учун солиқ ставкаларини жорий этиш таклифини ўртага ташлади. Бу ҳақда у 28 октябрь куни халққа йўллаган мурожаатида маълум қилди.
«…Йирик бойликка эга кишилар учун юқори солиқ ставкасини жорий этиш масаласини муҳокама қилиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Гап ҳар бир фуқаронинг мамлакатимиз тараққиётига ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда адолатли ҳисса қўшиши ҳақида бормоқда. Бу адолат масаласидир», – деди давлат раҳбари.
Шунингдек, у 2025 йилда қабул қилинган янги Солиқ кодекси «муқаддас китоб эмас»лигини таъкидлаб, тадбиркорларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда унга қўшимча ўзгартиришлар киритиш зарурлигини билдирди. Унинг фикрича, бу корхоналарнинг фаолият юритишини енгиллаштиради.
«Бундай ўзгартиришлар ҳар томонлама пухта ўйланиб, тадбиркорларнинг бизнес юритиш қоидалари қайта-қайта ўзгаравермайдиган қилиб тузилиши керак. Қонунларимиз ҳаддан ташқари кенг кўламли ва тушуниши мураккаб бўлгани сабабли, тадбиркорлар учун бу ҳақиқий бош оғриққа айланди», – деди Тоқаев.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг бу баёноти капиталистик инқироз шароитида давлат ғазнасига имкон қадар кўпроқ маблағ тўплаш зарурати билан адолат тушунчаси ўртасида мувозанат топишга қаратилган одатдаги сиёсий услубни акс эттиради. Таклиф қилинаётган чоралар ҳам, уларни асослаш учун ишлатилган сўзлар ҳам капиталистик тузум иқтисодий соҳада ва энг муҳими, қонун ижодкорлиги соҳасида чуқур касодга учраётганидан дарак беради.
- «Адолат» шиори остидаги молиявий популизм ва уни шариатдаги закот (2,5%) билан солиштириш
Президент баёнотида ижтимоий адолатни таъминлаш баҳонаси билан «бойлар учун юқори солиқ ставкаларини жорий этиш» ҳақида сўз юритилди. Қозоғистонда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг асосий ставкаси шундоқ ҳам 10 фоизни ташкил этади. Йиллик даромади 80 минг доллардан ошган фуқаролар учун эса 15 фоизлик юқори ставка қўлланилади. Бундан ташқари, қимматбаҳо буюмларга ҳам акциз солиқлари солинади. Энди эса президент бу солиқ юкини етарсиз деб ҳисоблаб, уни янада оширишни таклиф қилмоқда.
Мазкур солиқ юкини шариатда белгиланган закотнинг 2,5 фоизлик миқдори билан қиёсласак, ўртадаги фарқ яққол кўзга ташланади.
Шариатда белгиланган закот – диний ва ижтимоий жиҳатдан асосланган ва миқдори қатъий белгиланган мажбурий тўлов ҳисобланади. Унинг ҳажми нисобга етган ва бир йил давомида эгасининг қўлида ишлатилмасдан сақланган соф бойликнинг 2,5 фоизини (қирқдан бирини) ташкил этади. Тўпланган закот фақатгина шариатда кўрсатилган тоифадаги кишиларгагина тақсимланади.
Қозоғистонда қўлланилаётган капиталистик солиқ тизимида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (10–15%), корпоратив солиқлар, акцизлар ва жорий этилиши мумкин бўлган янги тўловларнинг умумий миқдори тахминан 50 фоизга етади, бу кўрсаткич закот миқдоридан бир неча баробар кўпдир. Инфляция ва давлат органларининг маъмурий босимини ҳам ҳисобга олсак, давлатнинг капитални бундай йўл билан тортиб олиши нафақат ҳаддан ошиш, балки зулм ҳамдир.
Рақамли фарқ: Давлат таклиф қилаётган оширилган солиқ ставкалари ва қўшимча йиғимлар, жумладан инфляция туфайли юзага келган яширин солиқ юки закотга қараганда капиталнинг 15–20 баравар кўп қисмини тортиб олмоқда.
Шариатда белгиланган ижтимоий адолат меъёрларидан бир неча баробар ортиб кетган бундай тўловларни «адолатли ва имкониятга яраша ҳисса» деб аташ кулгули сафсатадан бошқа нарса эмас. Бунинг натижасида тадбиркорлар ва бадавлат фуқаролар тобора кучайиб бораётган солиқ босимига дуч келмоқдалар. Бундай шароитда давлат уларнинг ҳамкори эмас, балки талаб ва истаклари тинимсиз ўсиб бораётган қўрқитиб пул ундирувчи қароқчидек таассурот уйғотмоқда.
- «Муқаддас китоб эмас»:
Қозоғистондаги қонун ижодкорлиги соҳасидаги тинимсиз ўзгаришлар ва Солиқ кодексига муттасил тузатишлар киритиш масаласи алоҳида эътиборга маликдир.
Президентнинг Солиқ кодекси «муқаддас китоб эмас» деган баёноти унинг тинимсиз ўзгартиришга муҳтож эканини очиқ тан олишдир. Айни пайтда, бу депутатларнинг муаммоларнинг асл моҳиятини англаб етиш ва уларни ҳал этишнинг самарали йўлларини таклиф қилишга ожиз эканини ҳам кўрсатади.
Бундай ташаббусларнинг барчаси «корхоналарнинг ишлашини енгиллаштириш» деган шиор остига яширилмоқда.
Давлат раҳбари солиқ кодексини «муқаддас китобга» қиёслаб бўлмаслигини айтиб, қонунчилик тизимидаги бундай инқирозни тан олиш билан амалда капиталистик Қозоғистоннинг асосий муаммоларидан бири, аниқроғи, қабул қилинган қонунларнинг сурункали беқарорлигини эътироф этмоқда.
Қонунларнинг беқарор, нуқсонли ва чала экани давлат раҳбарининг сўзларидан ҳам яққол кўриниб турибди. Бундай вазиятда: “Унда нега Қозоғистон ўз бизнесменларини банкрот қилмайдиган, барқарор ва аниқ қоидаларга асосланган шариат қонунларини қабул қилмайди?” – деган ҳақли савол туғилади.
Давлат тадбиркорлар учун қулай шароитлар тузиб бериш ўрнига, тазйиқни кучайтириш йўлини танламоқда. Бунинг оқибатида нафақат йирик капитал, балки кичик ва ўрта бизнес ҳам жабр кўрмоқда. Аслида бу муаммо барча фуқароларга тааллуқлидир. Улар давлат миқёсидаги капиталистик қароқчи тузумнинг мураккаб ва нуқсонли қоидалари орасида янчилиб қолмоқдалар.
Хулоса:
Ушбу ташаббус «ижтимоий адолат» шиори остида давлат бюджетидаги тақчилликни тўлдиришга уринишдир. Давлат солиқ тизимини шариатдаги ўлчами аниқ белгиланган адолатли закот билан солиштирсак, ҳокимиятнинг ҳаддан ташқари очкўзлиги дарҳол фош бўлади.
Солиқ кодексининг нуқсонли эканини давлат раҳбарининг ўзи тан олиши эса Қозоғистондаги тадбиркорлар капиталистик тузумнинг сурункали касод шароитида яшаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бундай тузумда қонунлар узоқ муддатли тараққиётни таъминлаш учун эмас, балки давлатнинг молиявий эҳтиёжларига қараб ўзгартириб турилади.
Ҳужжат Жамиа




