Зангезур йўлаги: геоиқтисодиётга қарши геосиёсат

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Зангезур йўлаги: геоиқтисодиётга қарши геосиёсат
Устоз Латиф Росих
Зангезур йўлаги лойиҳаси музокаралар босқичидан техник ижро босқичига ўтмоқда. Озарбайжон ўз ҳудудида, хусусан Нахичеван чегаралари бўйлаб транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантирмоқда. Туркия эса Карс орқали темир йўл линиясини тақдим этишга тайёрлигини расман тасдиқлади. Шу билан бирга, Арманистон ўз ҳудудидаги транспорт йўналишини тўлиқ назорат қилишни талаб қилиб, йўлак лойиҳасини бир томонлама рад этди. Бу эса мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий келишувларга, шунингдек, минтақадаги янги транспорт тузилмасига аралашишни истайдиган йирик ташқи кучларнинг позицияларига боғлиқ эканини англатади.
Бир қарашда бу логистика ташаббуси Озарбайжон, Арманистон ва Туркия каби минтақавий иштирокчилар ўртасидаги манфаатлар тўқнашувидек кўринади. Аслида эса Зангезур йўлаги АҚШ, Хитой ва Россия назорат этишга интилаётган глобал рақобат майдонига айланиб бормоқда. Бу рақобат фақат товар айланмаси билан чекланиб қолмай, балки транспорт йўлаклари орқали таъсир ўтказиш, янги бозорларга йўл очиш ва Евроосиёдаги стратегик мувозанатни ўзгартириш имкониятини ҳам ўз ичига олмоқда.
Иқтисодий нуқтаи назардан олганда, Зангезур йўлагининг аҳамияти Сувайш ва Панама каналлари билан таққосланганда минимал даражада қолади. Чунки мазкур икки канал орқали ўтадиган товар ҳажми ва уларнинг жаҳон савдосидаги ўрни анча юқори. Масалан, Сувайш канали жаҳон савдосининг тахминан 12 фоизини қамраб олиб, Мисрга йиллик 9–10 миллиард доллар даромад келтиради. Панама канали эса Атлантика ва Тинч океанлари орасидаги асосий йўлак сифатида хизмат қилиб, ҳар йили тахминан 4 миллиард доллар соф даромад келтиради.
Солиштириш учун айтадиган бўлсак, Зангезур йўлаги орқали йилига тахминан 10-15 миллион тонна товар ўтиши мумкин. Унинг иштирокчи давлатлар — Озарбайжон, Туркия, Арманистон ва Қозоғистон — учун келтирадиган даромади эса энг кўпи билан бир неча юз миллион доллар атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу билан бирга, қуруқликдаги инфратузилма харажатлари мураккаб логистика занжирлари ва сиёсий беқарорлик хавфи инобатга олинганда ҳам денгиз каналлари харажатларига нисбатан анча паст даражада қолади.
Шунга қарамасдан, АҚШ ташқи сиёсат нуқтаи назаридан Зангезур йўлаги назорат объекти сифатида стратегик аҳамиятга эга деб баҳоланмоқда. Америка тарихи шуни кўрсатадики, Панама канали иқтисодий лойиҳа сифатида эмас, балки денгиз савдоси ва ҳарбий ҳаракатларни йўналтириш учун стратегик восита сифатида йўлга қўйилган. Ҳозирда АҚШнинг Зангезур йўлагининг муайян қисмини ижарага олиш таклифи ҳам унинг минтақага кириб бориш ва таъсир ўтказиш истагидан дарак беради. Демак, Вашингтон бу орқали қўшимча иқтисодий даромад эмас, балки сиёсий нуфузни қўлга киритишни кўзламоқда.
АҚШ Зангезур йўлагининг узунлиги 32 километр бўлган асосий қисми устидан назоратни Арманистонга бериш ва бу қисмни 100 йилгача ўзининг ташқи бошқаруви остига олиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ёндашув Панама канали ёки ҳарбий базаларда қўлланган стратегияларга ўхшайди. Асосий мақсад логистика эмас, балки геосиёсатдир. Вашингтон бу орқали Россияни минтақадан сиқиб чиқариш, Эронни заифлаштириш ва Хитойнинг “ўрта камар” деб аталувчи ҳудуддаги таъсирини чеклашни кўзламоқда. Демак, Зангезур устидан назорат Хитойнинг Америка назоратисиз Евроосиё инфратузилмасидан фойдаланишини тўсиб қўйиш воситасидир.
Бошқа томондан, Хитой ушбу йўлни Россия орқали ўтувчи йўлга муқобил сифатида кўради. Чунки Россия орқали транспорт йўлаклари санкциялар ва ҳарбий ҳаракат хавфи остида турибди. Шу боис Пекин “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида йўлларни диверсификация қилишдан манфаатдор. Бу мақсадда у Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ инфратузилмасига сармоя киритмоқда, портлар, терминаллар ва темирйўл тармоқларини ривожлантирмоқда. Бироқ Хитой бу йўналишда эҳтиёткор ва билвосита қадамлар ташламоқда: тўғридан-тўғри сиёсий ёки ҳарбий аралашувдан кўра, кўп томонлама транспорт ҳамкорлиги ҳамда мультимодал логистика платформаларини амалга оширишни афзал кўрмоқда.
Озарбайжон ушбу рақобатда мураккаб вазиятга дуч келмоқда. Бир томондан, Боку Зангезур йўлагидан фойдаланиб, ўз нуфузини кучайтириш, иқтисодий ўсишга эришиш ва Нахичеван билан муносабатларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Бошқа томондан эса, агар йўлак очилиши ташқи кучларнинг ҳарбий ёки сиёсий аралашуви билан кечса, бу минтақани амалда «мустамлакачилик манфаатлари майдони»га айлантириши мумкин. Яқин истиқболда Озарбайжон транзитдан муайян даромадлар ва Арманистондан айрим сиёсий имтиёзлар қўлга киритиши мумкин. Бироқ узоқ муддатли истиқболда ушбу йўлак устидан суверен назоратни йўқотиш, ташқи босимларнинг кучайиши ва чегара ҳудудларида беқарорлик хавфи юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.
Туркия бу жараёнда фаол шерик сифатида намоён бўлмоқда, аммо унинг мақсадлари фақат логистика билан чекланмайди. Анқара Босфордан Каспийга, у ердан эса Марказий Осиё орқали Пекингача узлуксиз сиёсий-транспорт йўлини барпо этишга қатъий интиляпти ва буни «турк дунёси» ғояси билан оқлашга уринмоқда. АҚШ эса мазкур лойиҳада бевосита иштирок этмасдан, Туркияни минтақавий мувозанат кучи сифатида қўллаб-қувватлаяпти. Чунки айнан Туркия орқали Эрон, Россия ва Хитой таъсирини бир вақтнинг ўзида чеклаш мумкин. Шу тариқа, Вашингтон Туркия ва Боку билан манфаатлар иттифоқини шакллантириб, уларни мустақил, бироқ мувофиқлаштирилган ўйинчига айлантиришни мақсад қилмоқда. Бироқ бу иттифоқ ички зиддиятлардан холи эмас: Туркия Ғарб ва Шарқ ўртасида мувозанатни сақлашга интилар экан, Озарбайжон Ғарб стратегиясининг қурбонига айланиши эҳтимолдан холи эмас. Арманистон эса кучсиз бўлишига қарамай, муҳим устунликка эга. Зеро, йўлак ўтадиган ҳудуд айнан унга тегишли. Шу боис Ереван ушбу ҳудудда суверенитетини сақлаб қоладими-йўқми, деган савол ҳануз очиқ турибди. Бу эса йўлакнинг келажакдаги шаклини белгилайди: у Арманистон юрисдикциясидаги оддий транзит йўли бўладими ёки ҳудудий чегаралардан ташқарида Америка назоратидаги халқаро лойиҳами, бу масала музокаралар натижасида ойдинлашади.
Шундай қилиб, Зангезур йўлаги лойиҳаси ҳозирда ўтиш босқичида турибди. Инфратузилма жиҳатидан ривожланиб бораётганига қарамасдан, у сиёсий жиҳатдан ҳануз барқарор эмас. Ваъда қилинган иқтисодий фойда ва ишончли кафолатлар иштирокчи давлатларга тақдим этилмагунча, мазкур лойиҳа қоғоздаги ғоя сифатида қолаверади. Шу билан бирга, мусулмонлар кўпчиликни ташкил этган ушбу давлатлар учун сиёсий хавфлар ортиб бормоқда. Озарбайжон назорат ва даромадга эга бўлишга интилаётган бир пайтда, унинг ҳудудлари Америка, Хитой ва Россия каби йирик кучлар ўртасидаги тўқнашув майдонига айланиб қолиш хавфи мавжуд. Бу эса сиёсий қарамлик ва узоқ муддатли беқарорлик таҳдидини юзага келтиради. Шунинг учун минтақада ҳақиқий равнақ ва барқарорлик фақат Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик соясидагина рўёбга чиқади.
Роя газетасининг 2025 йил 20 август, чоршанба кунги 561-сонидан