Роя газетаси

Афғонлар: Покистон сиёсати болғаси билан минтақавий кун тартиби босқони ўртасида

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Афғонлар: Покистон сиёсати болғаси билан минтақавий кун тартиби босқони ўртасида

2023 йилдан буён Покистон афғон қочқинларини мажбурий равишда қайтариш амалиётларини кучайтирди. Бу чора асосан Толибон ҳукуматини тўлиқ Америка иродасига бўйсундириш мақсадида амалга оширилмоқда. Афғонларнинг Покистонга қочиши эса чуқур тарихий илдизларга эга: 1980-йиллардаги Совет Иттифоқига қарши жиҳод, ундан кейинги фуқаролик уруши ва 2001–2021 йиллардаги Америка ишғоли шу жараённи юзага келтирган. Тарихий жиҳатдан Покистон Афғонистон мусулмонлари учун стратегик чуқурлик вазифасини бажариб келган. Бу эса «Дюранд чизиғи» деб аталувчи чегара бўйлаб чўзилган мустаҳкам қабилавий боғлиқликлар туфайли таъминланган.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссариати маълумотларига кўра, 2002 йилда Покистонда афғон қочқинларининг сони қарийб уч миллион нафарга етган. Шулардан тахминан 1,35 миллион киши расман рўйхатдан ўтказилган. Кейинги йигирма йил мобайнида Покистон турли босқичларда уларни мажбурий қайтариш жараёнларини амалга ошириб келди. Халқаро инқирозлар гуруҳи ҳисоботларида таъкидланишича, Покистондаги афғон қочқинлари уч тоифага бўлинади.

БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссариати томонидан берилган «PoR – рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси» эгалари;

Покистон ҳукумати томонидан берилган «ACC – Афғон фуқароси гувоҳномаси» эгалари;

Ҳеч қандай расмий ҳужжатсиз катта сондаги афғон қочқинлари.

Покистоннинг афғон қочқинларига нисбатан сиёсати уч асосий босқичдан ўтган.

Биринчи босқич: Совет Иттифоқига қарши афғонларнинг жиҳод даври (1980-йиллар ва ундан кейин). Совет Иттифоқи Афғонистонни босиб олган пайтда, Покистон афғон қочқинлари учун чегараларини очиб берди. Бу қадам Америка стратегиясига тўлиқ мос эди, чунки АҚШ Афғонистонни Совет Иттифоқининг «Вьетнами»га айлантиришга интиларди. Қочқинлардан жангчи бўлинмалар тузилиб, улар «афғон мужоҳидлари» номи остида Совет қўшинларига қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этиш учун тайёрланди. 1989 йилда Совет қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг ҳам чегаралар очиқ қолди, Афғонистон билан тўқнашув юз бермаслиги учун эса минимал даражада назорат ўрнатилди.

Иккинчи босқич: 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейинги давр. Американинг вафодор иттифоқчиси Первез Мушарраф ҳокимиятга келиши билан Покистоннинг афғон қочқинларига нисбатан сиёсати кескин ўзгарди. Аввал қадрланиб келган мужоҳидлар эндиликда «террористлар» сифатида таърифланди. Покистон АҚШнинг Афғонистонга ҳарбий босқинини қўллаб-қувватлашга ва пуштун қабилаларини Толибонга ёрдам беришдан тўсишга мажбур этилди. Чегаралар қисман ёпилди, қочқинларни жиноятчилик ва гиёҳвандлик билан боғлайдиган ахборот кампаниялари йўлга қўйилди. Шу билан бирга, қонунчилик ислоҳотлари орқали қабилавий ҳудудларнинг махсус мақоми бекор қилинди ва улар Хайбар Пахтунхва вилоятига қўшиб юборилди. Бу сиёсат икки мақсадни кўзлаган: аввало, қочқинлар орасида яширинган мужоҳидлар етакчиларини таъқиб қилиб йўқотиш; шунингдек, чегаранинг икки томонидаги мусулмонлар орасида доимий бўлинишни юзага келтириш орқали, айниқса, номиёқ Ғарб ва унинг иттифоқчиларини қўрқувга соладиган Халифалик сояси остидаги Исломий бирлик лойиҳасини йўққа чиқариш.

Учинчи босқич – Америка қўшинлари чиқиб кетгандан кейинги давр. 2021 йил август ойида АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши чегаранинг ҳар икки томонидаги пуштун қабилалари орасида тарангликни кучайтирди. Улар 2002 йилдан буён олиб борилган ҳарбий операциялар туфайли ҳудудларида вужудга келган кенг кўламли вайронагарчиликда Покистонни айбладилар. Шу билан бирга, Покистон Толибони ўз ҳудудларига қилинган ҳарбий таъқиб ва камситишларга жавобан армияга қарши ҳужумларни қайта бошлади. Бунга жавобан ҳукумат хавфсизлик чораларини кучайтириб, қочқинлар масаласини Афғонистон Толибонига нисбатан босим воситасига айлантирди. Бу эса икки халқ орасидаги бўлинишни янада мустаҳкамлади.

Ҳозирги сиёсат: 2023 йил ноябрда мажбурий қайтариш бўйича янги режанинг биринчи босқичи бошланиб, унда ҳеч қандай қонуний ҳужжатга эга бўлмаган тахминан 1,3 миллион афғон нишонга олинди. 2025 йил февралга келиб, Покистон улардан 800 мингдан ортиқ шахсни мажбурий равишда чиқариб юборди. 2025 йил январ ойида Исломобод ва Равалпиндида истиқомат қилувчи афғонлар 31 мартга қадар мамлакатни тарк этишга мажбур қилинди. Шу билан бирга, улардан амалга оширилиши деярли имконсиз бўлган «қаршилик йўқлиги тўғрисидаги гувоҳнома»ни олиш шарт қилиб қўйилди. Март ойида Ички ишлар вазирлиги ACC иқомат карточкаларини бекор қилиб, эгаларига ой якунига қадар мамлакатдан чиқиб кетиш буйруғини берди. Шунингдек, 30 июндан кейин PoR карточкаларини янгилаш тўхтатилди. Бу эса яна 1,6 миллион қочқиннинг чиқариб юборилиши хавфини юзага келтирди. Амнести Интернешнл маълумотларига кўра, 2023 йил ноябрдан 2025 йил февралгача Покистон камида 844 499 афғонни мажбурий равишда қайтарган ва қолганлар учун чиқариб юбориш муддатини 2025 йил 1 сентябргача узайтирган.

Шу тариқа, аслида Ҳинд яриморолидаги мусулмонларни бирлаштириш ва мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи давлат сифатида барпо этилган Покистон бугун Афғонистон ва унинг аҳлига қарши Совет Иттифоқи ва кейинчалик АҚШ томонидан олиб борилган уруш офатларидан қочган мусулмонларни мажбурий равишда қайтармоқда. Бу эса мусулмонлар бир Уммат эканини четга суриб, афғон билан покистонлик ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқлигини ва фарқ фақат тақво билан бўлишини эътиборсиз қолдирмоқда. Росулуллоҳ ﷺ айтдилар:

«يَا أَيُّهَا النَّاسُ: أَلَا إِنَّ رَبَّكُمْ وَاحِدٌ، وَإِنَّ أَبَاكُمْ وَاحِدٌ، أَلَا لَا فَضْلَ لِعَرَبِيٍّ عَلَى أَعْجَمِيٍّ، وَلَا لِعَجَمِيٍّ عَلَى عَرَبِيٍّ، وَلَا لِأَحْمَرَ عَلَى أَسْوَدَ، وَلَا أَسْوَدَ عَلَى أَحْمَرَ، إِلَّا بِالتَّقْوَى»

«Эй одамлар! Албатта, Роббингиз бирдир, отангиз ҳам бирдир. Огоҳ бўлинг, арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, қизил танлининг қора танлидан, қора танлининг қизил танлидан ҳеч қандай афзаллиги йўқ. Афзаллик фақат тақво биландир». (Аҳмад ривоят қилган).

Ғарб мустамлакачилари томонидан жорий этилган миллий давлатчилик тузуми исломий диёрларда чегара низоларини келтириб чиқариш ҳамда бойликларни жиҳод йўлига йўналтирмасдан, аксинча, чегараларни қўриқлашга беҳуда сарфлаш мақсадида вужудга келтирилган. Масалан, Покистон Дюранд чизиғи бўйлаб чегара тўсиғи қуриш учун 500 миллион доллар ажратди, аммо ушбу маблағни Кашмирни озод қилиш йўлида мужоҳидларни тайёрлашга йўналтирмади. Шунингдек, чегара ва қочқинлар сиёсатидаги кескинлик Афғонистонда Покистон ва унинг аҳлига нисбатан нафрат туйғусини кучайтирди, икки мамлакат ва Марказий Осиё билан савдо муносабатларига салбий таъсир кўрсатди. Шу тариқа, мажбурий қайтариш жараёнларидан келиб чиққан ихтилофлар Уммат душманларининг – аввало Америка ва Ҳиндистоннинг – манфаатларига хизмат қилиб, Покистон билан Афғонистон ўртасида ҳар қандай яқинлашув ёки бирликка тўсиқ бўлмоқда.

Ниҳоят, таъкидлаб ўтиш лозимки, Исломда «қочқин» деган тушунча йўқ. Чунки мусулмонлар бир Умматдир. Мусулмон инсон исломий мамлакатлар орасида худди ўз уйининг хоналари орасида юрганидек эркин ҳаракатланиши лозим. Тинчлик ва барқарорлик эса Умматни мустамлакачилар чизиб берган сунъий сиёсий чегаралар билан майда давлатларга бўлиб ташлаш орқали эмас, балки исломий ақида ва шаръий мажбуриятларга амал қилиш орқали таъминланади. Умматни бирлаштирадиган ақидавий-сиёсий давлатнинг йўқлиги Покистон ва бошқа исломий диёрлардаги беқарорлик ва тартибсизликнинг асосий сабабидир. Шунинг учун Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этиш йўлида иш олиб бориш хавфсизлик учун зарурат бўлиши билан бирга, шаръий фарз ҳамдир.

إِنَّ هَٰذِهِۦٓ أُمَّتُكُمۡ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ وَأَنَا۠ رَبُّكُمۡ فَٱعۡبُدُونِ

«(Эй инсонлар), сизларнинг умматингиз ҳақиқатда бир умматдир. Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!» [Анбиё 92]

Роя газетасининг 2025 йил 27 август, чоршанба кунги 562-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button