Рақамли суверенитет нима ва унга ким эгалик қилмоқда?

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Рақамли суверенитет нима ва унга ким эгалик қилмоқда?
Суверенитет ҳақида сўз борганда, одатда давлат чегаралари, хариталар ва армиялар хаёлга келади. Бироқ электрон тармоқлар ва рақамли трансформация даврида «рақамли суверенитет» деб аталадиган янги тушунча шаклланди. Унинг моҳияти шундаки, давлатлар ҳеч бир ташқи куч васийлиги ёки назоратисиз рақамли инфратузилмасини қандай барпо этиш, маълумотларини қаерда сақлаш, қайси стандартларни қабул қилиш ҳамда иқтисодиёт ва фуқароларини кўз билан кўрилмайдиган рақамли ҳужумлардан қандай ҳимоя қилишни мустақил равишда белгилай олиш имкониятига эга бўлиши лозим. Бундай салоҳиятга эга давлатлар фақат ўз кибер-маконларини ҳимоя қилиш билан чекланиб қолмайди, балки жуғрофий чегаралардан ташқарида ҳам сиёсий ва иқтисодий нуфузга эга бўлади.
Рақамли суверенитет (ёки кибер-суверенитет) ҳикояси илк қарашда қуруқ техник масалалардек кўринадиган қуйидаги жиҳатлардан бошланади: минглаб километрларга чўзилган денгиз ости кабеллари, дарё суви билан совитиладиган маълумот марказлари ва сайт номларини рақамли манзиллар билан боғловчи домен номлари тизими (DNS). Шу асосда рақамли булут хизматлари, йирик платформалар, иловалар дўконлари ва сунъий интеллект тизимлари ишлайди. Ҳар бир қатламда ҳал қилувчи аҳамиятга эга қуйидаги «тўсиқ нуқталари» мавжуд: уларсиз чип ишлаб чиқариш мумкин бўлмаган электрон микросхема дизайн воситалари, фақат саноқли давлатлар қўлидаги илғор ишлаб чиқариш ускуналари ва ким томонидан яратилса, кейин бозорда устунликни таъминлайдиган техник стандартлар. Айни мана шу нуқтада рақамли суверенитетнинг моҳияти яққол намоён бўлади: асос яратувчи бўлишдир, фақат фойдаланувчи эмас.
Глобал рақамли майдонда ўз услуби ва имкониятларига эга учта йирик блок тобора илгарилаб бормоқда:
Америка Қўшма Штатлари жаҳон рақамли тизимида муҳандис ролини бажармоқда. У рақамли (гибрид) булут, йирик платформалар, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида етакчи ўринни эгаллаб, энг кўп тарқалган чип дизайн воситаларига эгалик қилади. АҚШнинг қудрати фақат технологиялар билан чекланиб қолмай, балки ҳуқуқий майдонга ҳам кенгайган. У ўз компанияларининг маълумотларига ҳатто мамлакат ташқарисида бўлса ҳам халқаро шартномалар ва ҳуқуқий механизмлар орқали кириш имкониятига эга. Шу билан бирга, кўплаб давлатларни унинг стандартларини қабул қилишга ундайдиган халқаро иттифоқларга ҳам эгалик қилади. Хавфсизлик соҳасида эса АҚШ кучли разведка салоҳияти ва чуқур шериклик тизими орқали кибермакон устидан доимий кузатув олиб бориш имкониятига эга.
Хитой ўз миллий ривоятини шакллантирмоқда: улкан ички бозорни кенг кўламли ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириб, ташқи дунёга «Рақамли Ипак йўли» орқали чиқмоқда. Шу билан бирга, чиплар, сунъий интеллект ва тўлов тизимларида импорт ўрнини босиш учун узлуксиз ҳаракат қилмоқда. Бироқ илғор микросхема ишлаб чиқариш ускуналари соҳасида ҳануз бўшлиқлар ва қийинчиликларга дуч келмоқда. Бироқ у давлат сармояси, катта молиявий инвестициялар ва йил сайин янада уйғунлашиб бораётган таъминот занжири орқали бу бўшлиқларни тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.
Европа Иттифоқи рақамли маконда ўзининг ўзига хос қуролига эга. Бу қурол маълумотларни ҳимоя қилиш, платформаларни тартибга солиш, киберхавфсизлик ва рақамли идентификация соҳаларида қабул қилинган қонунчилик ва стандартларда намоён бўлади. Европаликлар айнан шу йўналишларда ўйин қоидаларини белгиламоқдалар. Бироқ улар учун асосий муаммо қонунчиликда эмас, балки саноат соҳасидадир. Яъни мавжуд тартибга солиш қудратини қандай қилиб йирик рақобатчилар билан беллаша оладиган глобал платформалар ва маҳсулотларга айлантириш мумкинлигида.
Шунингдек, рақамли суверенитет майдонида янги кучайиб келаётган ўйинчилар ҳам бор. Масалан, Ҳиндистон рақамли идентификация ва юз миллионлаб фуқароларни қамраб олувчи рақамли давлат хизматларини ўз ичига олган миллий платформа орқали давлатчилик тажрибасини намоён этмоқда. Шу билан бирга, у чиплар ва очиқ дастурий таъминот соҳасида тобора ортаётган интилишини кўрсатмоқда. Корея, Тайвань ва Япония эса хомашёдан тортиб илғор ускуналаргача бўлган таъминот занжирининг муҳим бўғинларини назорат қилмоқда. Россия эса иқтисодий чекловларга қарамай, киберҳужум салоҳиятига эга бўлиб, бу салоҳият тийиб туриш мувозанатида муҳим омил сифатида эътиборга олинмоқда.
Киберхавфсизликнинг аҳамияти шундаки, замонавий иқтисодиёт барқарорликка таянади. Барқарорлик эса ишлаб чиқаришдан тортиб истеъмолгача бўлган барча босқичларда иқтисодиётнинг рақамлашувига бевосита боғлиқ. Шу боис электр тармоғи, йирик банк ёки алоқа провайдерига қилинган ҳар қандай киберҳужум бутун шаҳар фаолиятини издан чиқариши мумкин. Яқин ўтмишда Америка Россия киберҳужумига дуч келиб, у мудофаа тармоқларига, ҳатто ядровий қурол бошқарув тизимларигача кириб борган эди. Бу ҳолат Россия президенти Владимир Путин ва АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден ўртасидаги учрашув орқали назорат остига олинган. Айнан шу нуқтада суверенитетнинг ҳақиқий формуласи кўринади: кўп қатламли мудофаа тизимларига эга, таъминот занжирини мунтазам кузатиб боради, хавфли бўшлиқларни тезкор ёпади ҳамда фуқаролари ва молия бозорларида ишонч уйғота оладиган давлат бунинг ифодасидир. Чунки ишонч сиёсий ва иқтисодий капитал бўлиб, унинг қиймати нефть ва газдан кам эмас.
Бугунги кунда рақамли суверенитет соҳасида энг катта қудрат қайси давлат қўлида?
Техник жиҳатдан устунлик, асосан, Қўшма Штатлар томонига оғган. У булут, йирик платформалар, дастурий таъминот, сунъий интеллект ва чип дизайн воситаларида етакчи мавқени эгаллайди. Хитой эса улкан ички ишлаб чиқариш салоҳияти ва иловалар соҳасидаги тезкор тараққиёти билан ажралиб, ҳозирда илғор ускуналар босқичидан ўтишга интилмоқда. Европа Иттифоқи эса стандартлар ишлаб чиқиш, таъминот занжирининг айрим бўғинлари ҳамда саноат инновациялари соҳасида кучли мавқега эга. Бироқ у ҳали ҳам дунё гигантларига тенг кела оладиган платформаларни изламоқда.
Молия соҳасида Америка Қўшма Штатлари венчур капитали ва инновацияларни молиялаштириш бозорларида етакчи ўринни сақлаб турибди. Хитой эса ўз қудратини асосан йирик давлат сармоялари орқали мустаҳкамламоқда. Европа Иттифоқи эса бу жараённи йўналтирилган саноат сиёсатлари билан мувозанатлаб келмоқда.
Сиёсий жиҳатдан Америка Қўшма Штатлари ўз стандартларини қўллаб-қувватлайдиган кенг қамровли иттифоқлар тармоғига таянади. Хитой эса рақамли инфратузилма лойиҳалари ва ташқи молиялаштириш воситалари орқали ўз таъсир доирасини кенгайтирмоқда. Европа Иттифоқи эса меъёрий қудратидан фойдаланиб, ўз ички бозорида глобал компанияларнинг хатти-ҳаракатларини тартибга солади ҳамда уларни ўз қоидаларига мослашишга мажбур қилади.
Ўрта ҳажмдаги давлатлар учун бу манзара таслим бўлишни англатмайди. Чунки рақамли суверенитет «ё ҳаммаси, ё ҳеч нарса» деган тамойилга асосланмайди, балки у босқичма-босқич барпо этиладиган жараёндир. Давлат, масалан, миллий рақамли идентификация тизимини жорий қилиши, ҳассос соҳалар учун суверен булут ёки ички маълумот марказларини маҳаллий тарзда ривожлантириши мумкин. Шу билан бирга, ҳозирча қуриш имкони қийин бўлган тизимларни хориждан харид қилиши ҳам мумкин. Шунингдек, чиплар, булут ва кабел етказиб берувчиларни диверсификация қилиш, маълумотларни ҳимоя қилиш ва уларнинг чегара орқали ўтказилишини тартибга солувчи мувозанатли қонунларни қабул қилиш зарур. Бундан ташқари, кибермаконни ҳимоя қиладиган ҳамда сунъий интеллектни ривожлантирадиган инсон капиталини шакллантириш ҳам устувор вазифалардан биридир. Энг муҳим омил – стандартлар белгилайдиган тузилмаларда фаол иштирок этишдир. Чунки ким бугун стандарт яратса, эртага маҳсулотни сотиш имкониятига эга бўлади.
Африка, Лотин Америкаси ва Ислом мамлакатларидаги кўплаб давлатлар ҳануз Америка Қўшма Штатлари, Европа, Хитой, Япония ва Корея маҳсулотларининг истеъмолчилари сифатида қолмоқда. Уларнинг дастурий таъминот ишлаб чиқариши ҳам чекланган даражада бўлиб, бу жараён ҳам маҳсулотлар, қурилмалар, операцион тизимлар ва маълумот сақлаш соҳаларида саноатга эгалик қилувчи давлатларга боғлиқ ҳолда амалга оширилмоқда.
Гарчи бу суҳбат ташқи жиҳатдан техник масалага ўхшаса-да, унинг асл моҳияти суверенитет ҳақидадир. Асосий савол шунда: маълумотлар устидан қарор чиқариш ҳуқуқи кимнинг қўлида? Платформаларни ким назорат қилади? Техникавий босим ва шантажсиз хавфсизликни ким кафолатлай олади? Савдо, сиёсат ва хизматлар тармоқлари орқали бошқариладиган замонавий дунёда ана шу саволларга бериладиган жавоб давлатларнинг мавқеи ва нуфузини белгилайдиган мезонга айланади. Рақамли суверенитет шиор ҳам эмас, ҳашамат ҳам эмас, балки у давлат стратегиясидир: ҳисоб-китобли инвестициялар, оқилона иттифоқлар, аниқ ва равшан қонунчилик ҳамда биринчи ҳужумдаёқ қуламайдиган мустаҳкам салоҳиятни барпо этиш жараёнидир.
Шу боис ушбу стратегик соҳада жиддий мулоҳаза юритиш зарур. Айниқса, яқин келажакда, инша Аллоҳ Халифалик давлати барпо бўлиши масаласига тааллуқли бўлганида. Чунки Халифалик шаръий, ақидавий ва сиёсий жиҳатдан барча соҳаларда мутлақ суверенитетга эга бўлиши шарт. Савол шуки, Халифалик давлати барпо бўлгач, Аллоҳ таоло амр этган мутлақ суверенитетнинг асосий таркибий қисми сифатида рақамли суверенитетни таъминлаш учун зарур омилларга эга бўладими? Аллоҳ таоло шундай деган:
وَلَن يَجۡعَلَ ٱللَّهُ لِلۡكَٰفِرِينَ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ سَبِيلًا
«Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» [Нисо 141]
Роя газетасининг 2025 йил 3 сентябр, чоршанба кунги 563-сонидан