Фикрий позиция: қаршилик ҳаракатини айблаш ҳодисаси талқини!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Фикрий позиция: қаршилик ҳаракатини айблаш ҳодисаси талқини!
Доктор Ашраф Абу Атоя
Мусулмон юртларни босиб олаётган ва муқаддас жойларни булғаётганлар билан муносабат дўстлик, ҳамкорлик ёки тинчлик асосида эмас, балки жиҳод, қаршилик ва ҳимоя асосида бўлиши лозим. Аллоҳ Таоло деди:
وَٱقۡتُلُوهُمۡ حَيۡثُ ثَقِفۡتُمُوهُمۡ وَأَخۡرِجُوهُم مِّنۡ حَيۡثُ أَخۡرَجُوكُمۡۚ
«Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жойдан уларни ҳам қувиб чиқарингиз!» [Бақара 191]
Бу инкор қилиб бўлмайдиган шаръий ҳукмдир. Шу билан бирга, ҳозир мусулмонлар орасида қаршилик ҳаракатини айбловчи ва содир этилган қирғинлар учун уни жавобгар деб кўрсатувчи ички ва ташқи овозлар янграмоқда. Уларнинг қарашига кўра, гўё жаллод кофирлар айбсиз, жабрланувчи мусулмонлар эса айбдор! Бу ҳолат фақат фикрий ёки ахлоқий йўналишдан оғиш эмас, балки изоҳлаш ва тушунишга арзийдиган мураккаб психологик ҳамда сиёсий андозани акс эттиради.
- Психологик йўналиш: адолат ҳақидаги хомхаёл ва хавотирни енгиллатиш
Айрим шахслар фожиани шундай талқин қиладиларки, уларнинг назарича гўё дунё «адолатли» бўлиб, Ғарб моддий манфаатлардан ташқари муайян қадриятларга эга. Улар шундай дейдилар: «Агар қаршилик ҳаракати фалон ишни қилмаганида, фалон воқеа юз бермаган бўларди». Бундай талқин уларга назорат иллюзиясини ва маълум даражада психологик қониқишни беради. Улар даҳшатли ҳақиқат билан юзма-юз келишдан қочадилар. Аслида эса ҳақиқат шуки, душман чексиз ва ҳеч қандай сабабсиз ҳам зулм қила олади.
Шу билан бирга, кучли қуролланган босқинчига юзма-юз келиш улкан руҳий ожизликка сабаб бўлади. Шу боис айрим кишилар ўз ғазабини яқинроқ, яъни қаршилик ҳаракатига йўналтирадилар, чунки унга қарши чиқиш босқинчининг ўзига қарши чиқишдан кўра руҳий жиҳатдан камроқ хавфли туюлади. Фавқулодда ҳолатларда эса инсон қутқарувчи ёки айбдор қидириб, руҳий зарба, даҳшат ва беҳудалик манзараси олдидаги хавотирини енгиллатишга уринaди.
- Ижтимоий жиҳат: заифликнинг тўпланиши ва мағлублик тафаккури
Ўнлаб йиллар давом этган босқинчилик ва қамал ҳолати, шунингдек, араб давлатларининг ёрдамсиз қолдириши натижасида заифликни табиий ҳол сифатида қабул қилувчи ижтимоий қолип шаклланди. Ҳозир эса айрим кишилар босқинчи билан тинчлик ўрнатишни ва босқинчиликни қонуний деб эътироф этишни қаршилик ҳаракати учун тўланадиган қурбонликлардан афзал деб билмоқдалар. Узоқ йиллик босқин ва зўравонлик натижасида «мағлубият тафаккури» номли ҳолат шаклланиб, душманни мутлақ ва енгилмас куч сифатида кўришни келтириб чиқаради. Мусулмон юртлардаги қўғирчоқ режимлар эса айнан шу тафаккурни мустаҳкамлашга интилади. Натижада айб ва танқид рақибга эмас, балки ўзимизга қаратилмоқда.
Ички парокандалик шароитида айримлар партиявий ихтилофларни баҳона қилиб, содир бўлган фожиа ва оммавий қирғин учун айбни босқинчига эмас, балки қаршилик ҳаракатига юклашга уринадилар.
- Ахборот ва сиёсий йўналиш: ривоят яратиш ва йўналишни бузиш
Босқинчининг улкан ахборот аппарати қаршилик ҳаракати ва қуролли курашни шайтонийлаштиришга, уларни Ғазо ва бутун минтақани балоларга дучор қилаётган гуноҳкор сифатида кўрсатишга йўналтирилган. Қайта-қайта такрорланаётган бомбардимонлар, қатллар, оммавий қирғинлар ва даҳшатли манзаралар эса бу сохта ривоятни ҳатто айрим қурбонларнинг онгига ҳам сингдириб қўймоқда.
Шунингдек, қаршилик ҳаракатини сусайтириш мақсадида босқинчи томонидан оддий халқ зиммасига тушадиган ижтимоий харажатларни кўпайтириш стратегияси қўлланади: вайронагарчилик, қатл ва оммавий қирғинлар қанча кўпайса, ички босим ҳам шунча ошади ва аҳоли жиҳод йўлини рад этишга мойил бўлади. Бу ҳолат қаршилик ҳаракатига нисбатан нафратдан кўра, унинг нархини тўлай олмаслик, яъни қурбонликка бағрини беролмаслик ҳолати сифатида кўпроқ намоён бўлади.
- Прагматик йўналиш: вазиятни енгиллатиш мақсадида вақтинчалик ва тезкор ечимларни излаш
Шунингдек, жиҳод ғоясини ақлий жиҳатдан қўллаб-қувватловчилар ҳам бор. Бироқ амалий шароитда катта қурбонликка гувоҳ бўлгач, улар тезкор ва вақтинчалик ечим излашга мойил бўладилар: бомбардимонни ҳар қандай йўл билан тўхтатиш орқали фавқулодда қутулишни истайдилар. Бу ҳолат ҳатто қаршилик ҳаракатини рад этиш шаклида ҳам кўринади. Улар қаршилик ҳаракати ҳаққини инкор этмайдилар, аммо амалда оғриқни дарҳол енгиллатишни афзал кўрадилар. Шу боис узоқ муддатли, кўп қурбонлик ва катта харажат талаб этувчи озодлик йўлини ташлаб, вақтинчалик ҳал этиш йўлини танлайдилар.
Хулоса: англаш ва йўналишни сақлаш ўртасида
Бу ҳодисани таҳлил қилиш уни оқлашни англатмайди, балки унинг психологик, ижтимоий ва сиёсий қирраларини англашга қаратилган уринишдир. Талаб қилинган нарса фикрий ва ахлоқий йўналишимизни маҳкам сақлашдир. Яъни иймон ва ундан келиб чиққан ҳукмларга суяниб, жиҳод вариантини қатъият билан ушлаб туриш шарт. Қаршилик ҳаракати озодлик учун табиий танлов ва шаръий ҳукм бўлиб қолаверади. Босқинчи кофир ҳар бир жиноятнинг биринчи даражали жавобгари ҳисобланади. Сайкс-Пиконинг қўғирчоқ режимлари эса босқинчининг жиноятларини оқлашда, Фаластин аҳлини ёрдамсиз қолдиришда ва мусулмон армияларининг қўлдан келган ёрдамини тўсишда иккинчи даражада жавобгардир. Зеро, қаршилик ҳаракати озодликка эришишнинг табиий йўли ва шаръий ҳукм бўлиб қолади. Ҳарбий ёки сиёсий майдондаги қаршилик хатолари муҳокама қилинса ҳам, мужоҳидларнинг айрим хатолари, баъзи ҳаракат ёки мавқелари баҳс этилса ҳам, бу ҳақиқат ўз кучини йўқотмайди. Таҳлил қилиш ва масъулларни ҳисобга тортиш фарз, танқид эса ривожланишга хизмат қилади. Бироқ ақидавий уйғунлик, тўғри фикрий ва ахлоқий позицияни белгилаш ҳамда йўналиш компасини мустаҳкамлаш биринчи даражада муҳимдир. Шундагина қурбонни айблаш ва зўравонни оқлаш тузоғига тушиб қолмаймиз.
Роя газетасининг 2025 йил 24 сентябр, чоршанба кунги 566-сонидан