Урбанизация муаммолари ва янги шаҳарлар орқали ривожланиш тасаввурини пайдо қилишга уриниш

Урбанизация муаммолари ва янги шаҳарлар орқали ривожланиш тасаввурини пайдо қилишга уриниш
Марказий Осиё мамлакатларида юз минглаган, ҳатто миллионлаган аҳолини сиғдира оладиган янги шаҳарлар ва мегаполислар қуриш бўйича кенг кўламли лойиҳалар эълон қилинмоқда. Масалан, Қирғизистонда “Асман”, Қозоғистонда “Алатау”, Ўзбекистонда “Янги Тошкент” ва Туркманистонда “Аркадаг” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар иқтисодий ўсишнинг турткичига айланиб, инвестицияларни жалб қиладиган ва пойтахтлар юкини енгиллаштирадиган «ақлли», экологик тоза ва инновацион марказлар сифатида тақдим этилмоқда.
Изоҳ
«Махсус» шаҳарларнинг қурилиши урбанизациянинг асосий муаммосини ҳал қилмайди, балки уни шунчаки яширади холос. Бу минтақанинг асосий муаммоси яшаш жойларининг етишмаслигида эмас, балки мавжуд шаҳарларнинг нотўғри бошқарилишидадир. Масалан, иш ўринларидаги тақчилллар, транспорт воситалари, ижтимоий инфратузилма, арзон уй-жойларнинг етишмаслиги ва барқарор шаҳар иқтисодиётининг йўқлиги бунинг яққол далилидир. Шаҳарларни “нол”дан қуриш лойиҳаси – бу тизимли шаҳар сиёсатининг ўрнини алмаштирган ва капиталистик модел намунасига асосланган қиммат ва ўта хавфли лойиҳадир.
Ҳозирги пайтда шаҳар маъмурияти ислоҳоти, иқтисодни марказдан ажратиш, ўрта шаҳарларни қўллаб-қувватлаш ва саноатлаштириш, аниқроғи ривожланишнинг ҳеч қандай стратегияси деярли мавжуд эмас. Бундай вазиятда, янги шаҳарлар қурилган тақдирда ҳам, улар тирик шаҳар тизими эмас, балки фақат «кўргазма» вазифасини бажаради холос. Бу лойиҳалар пойтахтларга нисбатан миграция сабабларини бартараф этмайди, иқтисодий фаолиятнинг бошқа минтақаларга тенг тақсимланишини ҳам таъминламайди, шунингдек халқ орасида барқарор ўрта синфни шакллантира олмайди. Шунинг учун, бу лойиҳалар минтақавий ривожланиш ва урбанизация муаммоларининг узоқ муддатли ечимига эмас, балки ҳукуматнинг пиарига ва ўзини ўзи реклама қилиш воситасига айланиб бормоқда.
Ҳужжат Жамия




