Мақолалар

АҚШнинг Самарқанддаги геоиқтисодий сиёсати

АҚШнинг Самарқанддаги геоиқтисодий сиёсати

АҚШ давлат котиби Марко Рубио бошчилигида Самарқандда ўтказилган C5+1 форматидаги вазирлар учрашуви Америка ташқи сиёсатида юз бераётган жиддий ўзгаришларни яққол намоён этди. Ушбу сафар Вашингтоннинг геосиёсий доктринасида туб ўзгаришлар содир бўлаётганидан далолат беради. Аниқроқ айтганда, АҚШ либерал интернационализм ғояларини фаол тарғиб қилишдан воз кечишга интилмоқда. Илгари Америка мазкур мафкура доирасида Марказий Осиёга шунки транзит ҳудуд ва демократик қадриятлар ёйилиши керак бўлган макон сифатида қараб келар эди.

Вашингтон аста-секин амалда ҳеч қандай наф бермаётган демократик модель ва фуқаролик жамияти институтларини тарғиб қилишдан, бошқача айтганда, «капиталистик қадриятларни экспорт қилиш»дан воз кечмоқда. Шунингдек, биз глобал кўп томонлама институтларни барпо этиш ҳамда эркин савдонинг умумий қоидаларини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги гапларни ҳам олдингидек кўп эшитмай қўйдик. Аниқроғи, АҚШ узоқ муддатли тинчлик йўлида жаҳонга етакчилик қилишнинг улкан харажатларини кўтариш масъулиятини тобора камроқ зиммасига ола бошлади.

Дональд Трамп бошқаруви даврида АҚШнинг ташқи сиёсати «иқтисодий миллатчилик» доктринаси сари оға бошлади. Ўтмишдаги USAID грантлари, инсон ҳуқуқлари ҳақидаги баёнотлар ва Ғарбнинг давлат бошқаруви стандартларини мажбуран тиқиштириш сиёсати ўрнини қаттиққўл иқтисодий миллатчилик ва геосиёсий манфаатларга ҳисоб-китоб билан қараш сиёсати эгаллади.

Бундан буён хавфсизлик ва дипломатияга АҚШнинг оддий ишчилари, миллий саноат ва етказиб бериш занжирларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи қурол ўлароқ қараладиган бўлиб қолди.

Оқ уй эндиликда Марказий Осиё давлатларининг ички сиёсий тузумини ўзгартириш учун ўз сиёсий ресурсларини сарфлашни истамаяпти. Вашингтон бундай масалаларни иккинчи даражали деб ҳисоблаб, ўзининг прагматик мақсадларига – аниқроғи, иқтисодий жиҳатдан манфаатли шерикликлар топишга ва геосиёсий рақибларини жиловлашга кўпроқ аҳамият қаратмоқда.

Американинг ўз сиёсий қадриятларини ёйишга ва уларни бошқа мамлакатларга зўрлаб сингдиришга тобора эътибори камайиб бормоқда. Аниқроғи, инсон ҳуқуқлари, ички демократик ислоҳотлар ва шерик давлатлардаги бошқарув шаклини ўзгартириш эндиликда Вашингтон учун ҳамкорликнинг бош мақсади бўлмай қолди.

Бу янгиланган сиёсий йўналишнинг илдизида айнан ўша капиталистик манфаат ётади. Аниқроғи, «Сиз бизга нима бера оласиз?» деган ҳисоб-китоб бор. Бундай муносабатга кўра, Марказий Осиё дунё ресурслари ва транспорт-логистика йўлларини назорат қилиш учун кечаётган глобал курашнинг ажралмас қисми сифатида баҳоланмоқда.

Самарқанддаги музокаралар Вашингтон Марказий Осиёдаги стратегик муҳим ресурсларга, жумладан, ноёб элементларига тўғридан-тўғри эга чиқишни мақсад қилганини яққол кўрсатди. Бу ресурслар АҚШнинг сунъий интеллект, яшил энергетика ва микроэлектроника соҳаларидаги технологик устунлигини сақлаб қолиш учун ўта муҳимдир.

Яшил энергетикага ўтиш ва технологик рақобатнинг кучайиши (сунъий интеллект, электромобиллар ва микроэлектроника тармоқларининг ривожланиши) хомашё билан таъминлаш муаммосини миллий хавфсизликнинг энг муҳим масаласига айлантирди.

АҚШ худди Марказий Осиёда Россия ва Хитойни четлаб ўтиб, минтақа бойликларини ўз томонига тортиш учун кўприклар қураётгани каби, Лотин Америкаси, Африка ва Ҳинду-Тинч океани минтақасида ҳам ўзига манфаатли логистика занжирларини шакллантиришни жадаллаштирмоқда. Бунинг бош мақсади – хомашёни қайта ишлаш бозорида Хитойнинг ҳукмронлигига бўлган стратегик қарамликни камайтиришдир.

Демократиялаштириш ҳақидаги қуруқ чақириқлар ўрнига АҚШ минтақадаги элиталарга тижорат битимлари, хусусий инвестициялар, технологик янгиланишлар ва инфратузилма лойиҳаларини таклиф эта бошлади. Россия ва Хитойнинг анъанавий савдо йўлларини четлаб ўтиш имконини берувчи Транскаспий йўналишидаги «Ўрта йўлак»ни ривожлантириш ҳам шулар қаторига киради.

Вашингтон энди корпоратив манфаатларга хизмат қилувчи молиявий механизмларни, хусусан, АҚШнинг Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) ва Экспорт-импорт банкини фаол ишга солишга уринмоқда. Бу институтлар Америка бизнес манфаатларини бевосита илгари суриб, инфратузилмавий ва технологик лойиҳаларни АҚШ учун қулай шартларда молиялаштиришга кўмаклашади. Бунинг натижасида шерик мамлакатлар қарзга қарам бўлиб қолиш хавфига дуч келиши мумкин.

АҚШ дипломатияси мураккаб геосиёсий вазиятни яхши англаган ҳолда, эндиликда Марказий Осиё давлатларини Хитой ва Россия билан кўп қиррали ҳамкорликни кескин тўхтатишга мажбурламайди. Вашингтон бу давлатлардан ташқи шерикларни алмаштиришни талаб қилмасдан, минтақадаги ҳамкорлик йўналишини ўз томонига буришга интилмоқда.

Бунинг учун АҚШ Хитойнинг «Бир камар – бир йўл» ташаббусига технологик жиҳатдан тараққий этган ва минтақа давлатлари учун фодалироқ бўлган муқобил лойиҳани тақдим этишга уринмоқда. Вашингтон шу билан бирга, Россия ва Хитой олдидаги қарздорлик қарамлигига тушиб қолиш хавфи бу йўлда камроқ бўлишини ваъда қилмоқда.

АҚШ бу ҳаракатларини давлатлар хавфсизлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш, шунингдек, Ғарб билан илиқ муносабатларни сақлаб қолиш ҳақидаги риторика билан пардалаб келмоқда.

Марко Рубионинг Самарқандга қилган ташрифи шуни кўрсатмоқдаки, рақобатчи давлатлар билан геоиқтисодий ва глобал тўқнашувда, шунингдек, ҳарбий операцияларни таъминлашда Марказий Осиё Вашингтон учун ғоят муҳим минтақага айланиб бормоқда.

Вашингтоннинг сиёсий йўналишидаги бу ўзгаришлар фақат Марказий Осиё билан чекланиб қолмайди. Минтақада мафкуравий манфаатларни олға суриш ўрнига тижорий манфаатларга асосланган капиталистик муносабатларга ўтиш АҚШнинг заволга юз тутаётган ҳукмронлигини сақлаб қолишга қаратилган охирги чораларини акс эттиради.

Улкан аҳамиятга молик конлар, ноёб элементлар ва транспорт йўлаклари учун кечаётган ушбу геосиёсий курашлар Марказий Осиёни тарихий бурилиш палласига олиб келмоқда. Бу бурилиш катта имкониятлар билан бирга жиддий хавфларни ҳам келтириб чиқаради.

Бугун Вашингтон, Пекин ва Москва минтақа мамлакатларига инвестициялар ётқизиб, тижорий битимлар ва шериклик таклифларини кун сайин кўпайтирмоқда. Бироқ минтақадаги элиталар бу таклифларнинг жозибасига учмасдан, ўз мамлакатларининг чинакам иқтисодий имкониятларига ҳамда стратегик ресурсларига соғлом ақл билан баҳо беришлари лозим. Шунингдек улар қисқа муддатли манфаатларга алданиб, миллий бойликларни арзон-гаровга чет эл манфаатларига топшириб юборишдан сақланишлари зарур.

Глобал кураш авж олган пайтда мустамлакачиларнинг кўнглига кўпроқ ёқиш учун ўзаро рақобатлашиш – бу минтақа етакчиларининг энг катта стратегик хатоси ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар суверен давлатларни мустақил сиёсат юритувчи ўлкалардан қарам хомашё манбасига, ҳатто ўзгаларнинг хоҳишини сўзсиз бажарадиган сиёсий қуролга айлантириб қўйиши мумкин.

Мустамлакачи капиталистларнинг жозибали ваъдалари ҳамда қисқа муддатли кредитларига алданиб, юртнинг ер ости ва усти бойликлари назоратсиз ташиб кетилишига йўл қўйиб бўлмайди. Акс ҳолда, бугунги вақтинчалик наф эвазига келажак авлодлар учун тугаб битган табиий ресурслар, экологик кулфатлар ва ташқи қарамлик мерос бўлиб қолади.

Эндиликда ҳокимият тепасидаги элиталарнинг чораклик ҳисоботлари ёки қисқа муддатли фойдасига эмас, балки мусулмонларнинг узоқ муддатли манфаатларига таяниб, олдинда турган келажакни кўзлаб фикр юритиш вақти келди.

Қазилма бойликлар юртнинг чинакам яниланиши ва тараққиётига хизмат қилиши керак. Улар мустақил қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишга, илғор технологияларни ўзлаштиришга ҳамда ташқи қарамликдан холи бўлган кучли иқтисодиётни шакллантиришга йўналтирилиши зарур. Қазилма бойликлардан келадиган асосий фойда трансмиллий корпорацияларни ёки мустамлакачи кучларни бойитишга эмас, балки халқнинг фаровон турмушига ва мамлакатнинг мустақил тараққиётига сарфланиши керак.

Марказий Осиё учун ягона ва мустаҳкам Исломий позиция жуда зарур. Минтақанинг табиий бойликлари мусулмон халқларининг ўз манфаатларига хизмат қилиб, Исломий таълим ва сақофат мафкуравий ҳамда мабдаий тараққиётнинг пойдеворига айланиши лозим.

Агар минтақа раҳбарлари халқ манфаатларини ҳимоя қилиш учун ягона қоидаларни ишлаб чиқмасалар ва очкўз «шерик»ларнинг вақтинчалик розилигига эришиш учун ўзларининг стратегик келажакларини арзимас манфаатларга сотаверсалар, Марказий Осиё мустамлакачилик истилосининг қурбони бўлиб қолаверади. Бунинг оқибатида минтақа Исломий бошқарув қарор топган ёруғ келажакдан ва муносиб сиёсий мавқега эришиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button