Жапаровнинг Озарбайжон ва Арманистонга сафари

Жапаровнинг Озарбайжон ва Арманистонга сафари
Қирғизстан президенти Садир Жапаров 15 октябрь куни Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этди. Саммит якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Жапаров 16 октябрь куни БМТнинг Биология хилма-хиллиги тўғрисидаги конвенциясининг 17-конференциясида иштирок этиш учун Арманистонга келди. Бу ташриф доирасида Арманистоннинг олий раҳбарияти билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши ҳам кутилмоқда.
Изоҳ:
Сиртдан қараганда бу расмий ташрифдек кўринса-да, президентнинг Озарбайжон ва Арманистонга қилган бу сафари ортида жиддий сиёсий манфаатлар ётгани шубҳасиз. Зеро, Тоғли Қорабоғ воқеаларидан сўнг, 2025 йил 8 август куни Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик ва халқаро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги келишув имзоланган эди. Шундан сўнг томонлар Арманистон ҳудудида халқаро “Трамп йўли” (TRIP, собиқ Зангезур йўлаги)ни қуришга келишиб олишди. Бу билан Америка 32 чақиримлик мазкур йўлни 100 йиллик ижарага олишга муваффақ бўлди. Натижада Америка Озарбайжондаги таъсирини мустаҳкамлаб, Арманистонда Россиянинг мавқеини сиқиб чиқариш сари қадам ташлади.
Қирғизстан учун айнан мана шу Зангезур йўлаги Европага чиқиш учун муқобил йўналиш ҳисобланади. Агар мазкур лойиҳа Транскаспий транспорт йўлаги билан боғланса, Марказий Осиё — Каспий денгизи — Озарбайжон — Арманистон — Туркия — Европа йўналишидаги ягона транспорт занжири шаклланади. Ўз навбатида, АҚШ TRIPP лойиҳаси орқали транспорт, энергетика, рақамли алоқа ва бошқа соҳаларни ўз ичига олувчи кенг инфратузилмавий тизимни қўлга киритади. Оқибатда минтақанинг Россия йўлакларига қарамлиги кескин камаяди.
Айни пайтда Россия енгилишни асло истамайдиган Украина уруши билан банд. Бу унинг тақдирий масаласидир. У бу урушда мағлуб бўлса, ҳамма нарсани бой беришини, агар ғалаба қозонса йўқотган ҳудудларидаги ўз таъсирини қайта тиклай олишини жуда яхши билади.
Демак, агар TRIPP лойиҳаси Транскаспий транспорт коридори билан интеграциялашиб, янги логистика тармоқлари юзага келса, минтақада АҚШнинг кенг кўламли стратегияси шаклланади. Арманистон эса транзит давлат сифатидаги ўз мақомини янада мустаҳкамлайди. Озарбайжон Нахичевон билан алоқаларини кучайтириб, Каспий денгизидаги муҳим транспорт тугуни сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. Туркия Кавказ ва Марказий Осиё билан ҳамкорлигини кенгайтиради. Марказий Осиё давлатлари Европа бозорига чиқиш учун қўшимча транспорт йўналишига эга бўлади. Европа тижорат учун яна бир муқобил йўналишга эга бўлади. Хитой ҳам ўз товарларини етказиб беришда яна бир муқобил йўлдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади. Бундай шароитда фақатгина Россия асосий стратегик таъсирини йўқотувчи тараф бўлиб қолиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Жапаров Жанубий Кавказга қилган ушбу сафари орқали расмий протокол тадбирлардан ташқари, мамлакатнинг Европага чиқиш борасидаги стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришга интилмоқда.
Нурдин Асаналиев




