Хабар ва изоҳ

Мажбуран урушга тортиш ҳаракатларига минтақавий ташкилотларнинг сукути

Мажбуран урушга тортиш ҳаракатларига минтақавий ташкилотларнинг сукути

Россия қамоқхоналари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган Қирғизистон фуқароларини Украинага қарши урушга жўнатиш мақсадида уларга тизимли равишда босим ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлар тобора кўпайиб бормоқда. Жумладан, Воркутада ҳибсда сақланаётган Астрагул Турушованинг ўғли билан боғлиқ воқеа давлат ва давлатлараро барча муассасаларни дарҳол ҳаракатга келтириши керак эди. Бундай вазиятда навбатдаги расмий жавоблар билан чекланиб қолмасдан, шошилинч чоралар кўрилиши зарур. Бироқ амалда расмий ташкилотларнинг муносабати ўзларининг бюрократияга берилиб кетганлиги ва бепарволиги билан кишини ҳайратда қолдирмоқда. Халқаро ташкилотларнинг бу масалада лом-мим демай, сукут сақлаб туришининг ўзи жиноятга тенг масъулиятсизликдир.

Урушга «ўз хоҳиши билан» ёлланиш масаласига нисбатан расмий шахсларнинг муносабати уларнинг сиёсатда нақадар кўр эканини яққол кўрсатиб турибди. Амалда инсонлар мажбурлов остида урушга жўнатилаётган бир пайтда, «ўз хоҳиши билан» деган сўзларга қайси ахмоқ ишонади?

Фронтга жўнатиш учун «шахснинг ўз розилиги талаб қилинади» деган баёнотлар эса халқни аҳмоқ қилишдан ўзга нарса эмас. Қамоқхоналарнинг якка тартибдаги камераларида сақланаётган кишининг олдига кунига уч-тўрт марта кириб, унинг уйқусини бузиб, психологик жиҳатдан синдириб, чидаб бўлмас шароитлар билан қийнаб туриб, сўнг унга урушга бориш «танлов»и таклиф қилинса, буни «ўз хоҳиши билан» деб аташ қанчалик тўғри бўлади? Бу чинакамига мажбурлаш эмасми?

Инсон қамалда қолган вақтда бундай қарорни қабул қилишга мажбур бўлади. Чунки айнан мана шу тизимнинг ўзи шундай оғир аҳволни юзага келтириб, инсон ҳуқуқларини поймол қилмоқда ҳамда маҳбусни қийноқлар билан қўрқитиб, унга босим ўтказиш орқали розилигини олмоқда.

Бош прокуратуранинг мурожаатларни Ташқи ишлар вазирлигига юбориб, масъулиятни бир-бирига ағдариши чет эл фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда расмий дипломатиянинг нақадар ожиз эканидан далолат беради.

Амалдорлар йиғилишлар ўтказиб, сўровларни бир идорадан бошқасига йўллаётган ҳамда «айрим ҳолатлардан хабарсиз қолишимиз мумкин» деб билмасликка олаётган бир пайтда, Россия турмалари ва ахлоқ тузатиш колонияларида сақланаётган минглаб қирғизистонликлар урушга мажбурлаш ҳаракатлари ва ваҳший ташкилотлар қаршисида ҳимоясиз қолмоқда.

Минтақавий ташкилотларнинг позицияси эса айниқса эътиборга лойиқдир. Биз КХШТ ва ШҲТ йиғилишларида кўп йиллардан бери «хавфсизлик саммитлари», терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши биргаликда кураш ҳақидаги дабдабали баёнотлар, ҳиссиётларга тўла ҳисоботларни эшитиб келамиз. Аммо нега энди шу саммитларнинг ҳеч бирида Россия махсус хизматлари томонидан фуқароларни урушга мажбуран ёллаш ҳаракатлари масаласи бирор марта бўлса ҳам кўтарилмади?

Бу хавфсизлик соҳасидаги икки стандартликнинг яққол кўринишидир. Бунгача мазкур ташкилотлар Сурия каби қуролли тўқнашувлар содир бўлаётган ҳудудларда ёшларни ноқонуний қуролли гуруҳлар сафига жалб қилишга қарши курашиш ҳақида кўп йиллар давомида қатъий баёнотлар бериб, бу ҳақида мунтазам равишда бонг уриб келишди. Ўшанда айрим фуқаролар у ёққа ўз хоҳиши билан кетаётганига қарамай, бу масала хавфсизликка жиддий таҳдид солувчи муаммо сифатида кўриб чиқилган эди.

Бу — бугунги кундаги жиноятга тенг сукут сақлашнинг яққол мисолидир. Мустақил давлатларнинг фуқаролари қамоқхоналар ва колониялардан тизимли равишда урушга ёлланиб, бошқа давлатга қарши босқинчилик урушига жалб этилаётган пайтда КХШТ, ШҲТ ташкилотлари ва давлат раҳбарлари кўр-кўрона сукут сақлаб туришибди.

Муаммо бошиданоқ яшириб келинмоқда. Чунки бу ҳақда очиқ гапириш ўзини «стратегик ҳамкор» деб атаган мустамлакачининг обрўсига путур етказиш демакдир.

Шу боис якуний хулоса аниқ: фуқароларни ҳимоя қилиш ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлаш ҳақидаги КХШТ ва ШҲТнинг баландпарвоз декларациялари фуқароларнинг хавфсизлиги геосиёсий манфаатларга зид келганда қуруқ сўзлигича қолиб кетмоқда.

Амалдорлар халқаро саммитларда қизғин ишлар кетаётгандек кўрсатишга уринаётган бир пайтда, қирғизистонликлар ўзга юрт қамоқхоналарида сақланиб, бошқа бировнинг урушида «ишлатиладиган қурол»га айланиб қолмоқда.

Маълумот учун: Мажбурлаб урушга тортиш (чақириқ) — инсонни шантаж, психологик босим ва қўрқитиш йўли билан ҳарбий ҳаракатларга мажбуран жалб қилишдир. Бундай вазиятда шахснинг «розилиги» ўз хоҳиши билан қабул қилинган қарор эмас, балки зўравонлик ва тазйиқлар натижаси ҳисобланади.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button