Покистон ва Афғонистон ўртасидаги давом этаётган низодан ташқи кучларнинг манфаати

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги давом этаётган низодан ташқи кучларнинг манфаати
Покистон ва Афғонистон чегарасида мустамлакачиларнинг сиёсий ўйинлари ҳамда ҳукмдорларнинг хиёнати оқибатида яна бегуноҳ мусулмонларнинг қони тўкилмоқда. Reuters ахборот агентлигининг 2026 йил 25 сентябрдаги хабарига кўра, Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари бундан бир кун олдин Афғонистон ҳудудидаги 10 та нишонга шафқатсиз ҳаво ҳужумларини уюштирган. Бу тўрт кун ичидаги иккинчи қонли ҳужум эди. Покистон режими ушбу ҳужумларни «дронлар ва қуролли гуруҳларга қарши чоралар» деб даъво қилиб, уларни хаспўшлашга уринмоқда. Кобул эса бирорта ҳам дрон юбормаганини рад этиб, ҳужумлар тинч аҳолига қаратилгани ва уларнинг қириб ташланаётганини таъкидламоқда. Бу режимларнинг расмий баёнотлари ортида эса қўшни мусулмон мамлакатларидаги бегуноҳ инсонлар ҳаётидан, уй-жойидан ва хавфсизлигидан айрилмоқда.
Бунинг энг оғриқли мисоли — Кунардаги хунрезликдир. Reuters агентлигининг 2026 йил 21 сентябрдаги хабарига кўра, БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси (UNAMA) ҳаво ҳужумлари оқибатида бир эркак, бир аёл ва бир қиз ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Бу эса Исломобод режими уюштирган ҳужумларнинг оғир оқибатлари мусулмон оилалар, аёллар ва болаларнинг зиммасига тушаётганини англатади. Режимлар ўзларининг қабиҳ қилмишларини хавфсизлик баҳоналари билан қанчалик оқлашга уринмасинлар, бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиш Ислом Шариатида қораланган оғир жиноятдир. Давлат байроғи остида ёки «хавфсизлик» ниқоби ортида ҳаракат қилиш ҳеч бир ҳукмдорни ноҳақ қон тўкиш масъулиятидан ҳам, Аллоҳнинг азобидан ҳам қутқармайди.
Ушбу можаронинг асосий тугунларидан бири сифатида тилга олинаётган Покистон Толибони ҳаракати ҳам икки мамлакат ўртасидаги душманликни кучайтириш воситасига айлантирилди. АҚШ бош инспекторларининг 2026 йил биринчи чорагига (январь–март) оид ҳисоботида ҳарбий разведка баҳоларига таяниб, Афғонистон Толибонининг Покистон Толибони ҳаракатига бошпана бериши ва унга нисбатан чекловларни бир хилда қўлламаслиги чегарадаги зўравонлик давом этишига ҳисса қўшаётгани айтилган. Бу эса Вашингтон томонидан берилган сиёсий баҳодан бошқа нарса эмас. Бу манзарадан яққол кўринаётган ҳолат шуки, Покистон режими ўз ҳудудидаги ички беқарорликни яшириш ва Америка диктатларини бажариш учун Кобулга ҳарбий босим ўтказмоқда. Кобулнинг ушбу гуруҳларга нисбатан тутган позициясидаги ноаниқлик эса икки мусулмон мамлакатини бир-бирига қарши қайраш учун фойдаланилаётган тузоққа айланмоқда.
Покистоннинг мақсади — ҳарбий зарбалар ва тажовуз орқали Толибон ҳукуматини ўз шартларига бўйсунишга мажбурлашдир. Музокаралар эса ушбу босимни сиёсий мажбуриятларга айлантириш воситаси сифатида қўлланмоқда. Reuters агентлигининг 2025 йил 28 октябрдаги хабарида Покистон манбаси Афғонистонни Покистон Толибони ҳаракатини жиловлаш мажбуриятини бажаришни истамаётганликда айблаган. Афғонистон манбаси эса Кобул ушбу гуруҳ устидан назоратга эга эмаслигини билдирган. Шу тариқа, қуролли гуруҳ масаласи икки мусулмон мамлакатининг бир-бирига қарши қурол кўтаришига сабаб бўлди ва улар ўртасидаги сиёсий савдолашув воситасига айланди.
Бу фитнанинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи Америкадир. Бу ҳолат расмий ҳужжатларда ҳам яққол кўринади. 2026 йил 4 августда Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ–Покистон терроризмга қарши кураш бўйича ўзаро мулоқоти якунларига бағишланган қўшма баёнотда Покистон Толибони ҳаракати ҳамкорликда курашилиши лозим бўлган ташкилот сифатида қайд этилди. Шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватловчи тармоқларни узиб ташлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу Покистоннинг хавфсизлик сиёсати Америка томонидан бевосита бошқарилаётганининг очиқ далилидир.
Юқорида тилга олинган АҚШ ҳисоботи бу қабиҳ сиёсатнинг асл йўналишини янада очиқроқ кўрсатади. Унда Афғонистон ҳудудида узоқдан туриб ҳарбий операциялар ўтказиш имкониятини сақлаб қолиш, Покистон армияси билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда минтақадан ташқаридаги воситачилар орқали Американинг Жанубий ва Марказий Осиёдаги ҳукмронлик мақсадларини илгари суриш зарурлиги очиқ баён қилинган. Вашингтон учун ягона устувор мақсад — ўзининг мустамлакачилик манфаатлари ва хавфсизлигини таъминлашдир, ҳатто бу мусулмонлар қони эвазига бўлса ҳам. Америка ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиққан бўлса-да, у ҳали ҳам бошқарув воситаларига ва мусулмонлар ўртасида фитна ҳамда низоларни авж олдириш манбаларига эга. Бу ишларни у тобе режимлар ва ҳарбий келишувлар орқали амалга оширмоқда.
Бундай қарамлик фақат шу билан чекланмайди, балки ҳарбий-техник соҳада ҳам чуқур илдиз отган. Powerus ва Aureus Greenway компанияларининг 2026 йил 18 сентябрдаги қўшма баёнотида Покистон Мудофаа вазирлигидан дрон тизимларини етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича дастлабки, чекланган буюртма олингани эълон қилинди. Шунингдек, келгусидаги ҳамкорликка доир англашув меморандумлари имзоланган бўлиб, улардаги лойиҳаларни амалга ошириш бевосита Американинг зарур рухсатларини олишга боғланган. Фақат шу шартнинг ўзиёқ Покистон армиясидаги қарамлик ва мустамлакачиликка хизмат қилиш даражаси қанчалик чуқур эканини кўрсатади. Зеро, армия эга бўлган қурол-яроғ ва технологиялардан фойдаланишнинг ўзи Америка рухсатига боғлиқ! Америкалик етказиб берувчи истаган пайтда бу рухсатни бекор қилиши, Покистон ҳарбий раҳбариятига ўз шартларини ўтказиши ва уни ўз хоҳишига кўра бошқариши мумкин.
Қатар ва Туркия воситачилиги эса ушбу низонинг дипломатик ниқобидан бошқа нарса эмас. Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг 2025 йил 30 октябрдаги қўшма баёнотида сулҳни назорат қилиш механизмини яратиш ва уни бузган томонга нисбатан жазо чораларини қўллашга келишилгани айтилган. Қатарнинг 2026 йил 18 мартдаги баёнотида эса Туркия ва Саудия Арабистони билан биргаликдаги чақириқдан кейин Ийд байрами муносабати билан вақтинчалик сулҳ ўрнатиш имкониятлари ҳақида хабар берилган. Бироқ бу вақтинчалик сулҳлар Американинг манфаатларига хизмат қилаётган режимлар сиёсатини ўзгартира олмади ва мустамлакачиликнинг илдизларига ҳам дахл қилмади. Америка бевосита назорат қиладиган бу дипломатик майдонлар унинг лойиҳаларини амалга ошириш учун ишлатилмоқда.
Афғонистон масаласида Қатарнинг Америка манфаатлари йўлидаги ижрочилик роли расмий равишда ҳам тасдиқланган. АҚШ ҳисоботига кўра, Американинг Доҳа шаҳридаги элчихонаси таркибидаги Афғонистон ишлари бўлими ушбу мамлакатга доир масалаларни бошқаради. Қатар эса Афғонистонда Американинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ва унинг номидан иш юритувчи воситачи вазифасини бажаради.
Бошқа томондан, Хитой ҳам мусулмонлар орасидаги беқарорликдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Хитой ва Покистон ўртасида 2026 йил 5 январда имзоланган қўшма баёнотда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик Хитой фуқаролари ва муассасаларини, шунингдек, Хитой–Покистон иқтисодий коридорини ҳимоя қилиш билан боғланган. Баёнотда, айниқса, Гвадар порти, Қорақурум йўли ҳамда саноат ва кончилик лойиҳалари алоҳида қайд этилган. Ушбу ҳужжат Афғонистондаги қуролли гуруҳларга қарши қатъий амалий чоралар кўришни талаб қилади. Пекин учун мусулмонларнинг қони ёки хавфсизлиги эмас, балки ўз капитали, сармоялари ва савдо йўлларининг дахлсизлигини сақлаш муҳимдир. Шу сабабли у Покистон режимини ўз сармояларининг қўриқчисига айлантирмоқда.
Мана шу ерда ушбу низонинг аччиқ сиёсий ҳақиқати намоён бўлади: Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегаравий келишмовчиликлар шунчаки хавфсизлик муаммоси эмас. Бу Покистон ва Афғонистон мусулмонларини бир-бирига қарши қайраш орқали Америка ва Хитой манфаатларига хизмат қилишдир! Исломий юртлар режимлари ўз хавфсизлигини кофир ташқи кучларга топширганлари сари, уларнинг шартларига янада кўпроқ бўйсуниб, қарам бўлиб бормоқдалар.
Шу муносабат билан Покистон ва Афғонистон раҳбарларининг масъулиятсизлигини очиқ-ойдин баён этиш зарур. Покистон раҳбарияти Америка ва Хитой манфаатлари йўлида ўз халқи ва Афғонистон аҳолисининг қонини қурбон қилмоқда. Кобул раҳбарияти эса Уммат манфаатлари ва бегуноҳ инсонлар хавфсизлигини ўзининг тор манфаатларидан устун қўйишга ожизлик қилмоқда.
Исломий ечим шунчаки сохта сулҳларга чақириш ёки ушбу режимларнинг раҳм-шафқатини сўрашдан иборат эмас. Мусулмонлар қони тўкилишини тўхтатиш ва мустамлакачиларни минтақадан чиқариб юборишнинг ягона йўли қуйидагилардан иборат:
– Сунъий чегаралар — Дюранд чизиғи ва фитналарни рад этиш. Покистон ва Афғонистон мусулмонлари ягона Умматдир. Шунинг учун уларни бир-бирига душман қилиб қўйган мустамлакачиларнинг сунъий чегаралари ва уларга тобе режимларни рад этиш зарур.
– Ташқи қарамликни тугатиш. Покистон армияси Америка ва Хитойга хизмат қилишни зудлик билан тўхтатиши, ўз қуроли ва кучини мусулмонларни ҳимоя қилишга йўналтириши лозим.
– Рошид Халифаликни барпо этиш. Мусулмонларнинг ҳарбий ва иқтисодий қудратини бирлаштирадиган, минтақадаги Америка ва Хитой таъсирининг илдизларини қуритадиган ҳамда Ислом ҳукмлари асосида ягона давлатни барпо этадиган Рошид Халифаликни тиклаш вожибдир.
Мусулмонларнинг ҳарбий қудрати бир-бири билан урушиш учун ишлатилмаслиги керак. Аксинча, у душманларига қарши йўналтирилиши лозим. Бу буюк мақсадни амалга ошириш ва Исломий давлатни барпо этиш йўлида фикрий ва сиёсий фаолият олиб бориш бутун Уммат зиммасидаги фарздир.
Устоз Салоҳиддин ал-Ўзбекий
Роя газетасининг 2026 йил 21 октябр чоршанба кунги 622-сонидан




