Туркманистондаги Марказий Осиё + Озарбайжон саммити

Туркманистондаги Марказий Осиё + Озарбайжон саммити
Қирғистон президент Садир Жапаров 8 октябрь куни иш сафари билан Туркманистонга борди. У Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувининг саккизинчи мажлисида иштирок этди.
Учрашувда сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, энергетика ва экология йўналишларидаги масалалар муҳокама қилинди.
Жапаров ўз нутқида Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг ягона электрон савдо майдончаси ҳамда умумий туристик макон барпо этишни таклиф қилди.
Изоҳ:
Таъкидлаш жоизки, 2018 йилдан буён Марказий Осиё етакчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган маслаҳат кенгашига Озарбайжон 2025 йилда аъзо бўлиб қўшилган эди. Ўтган йили Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо алоқалари 50 фоизга ўсди. Дунёда геосиёсий зиддиятлар кучайиб бораётган бир пайтда минтақаларни бир-бири билан боғловчи Ўрта коридорнинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Ушбу йўналиш орқали савдо алоқалари ўтган йили 10 фоизга ортган бўлса, жорий йилнинг саккиз ойида 20 фоизга ортди. Бу каби саъй-ҳаракатлар табиий равишда минтақани Россиядан узоқлаштириб, Озарбайжон билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Демак, Марказий Осиё + Озарбайжон етакчиларининг учрашуви туб моҳиятига кўра минтақани Россиядан узоқлаштиришга қаратилган лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бу Кенгаш Туркий давлатлар ташкилотига қўшимча қувват бағишлайдиган саммит десак, янлишмаймиз. Бошқача айтганда, бу — Американинг минтақа бойликларини ўз назоратидаги ҳудудларга тортиб кетиш мақсадида амалга ошираётган диверсификация ҳаракатларидан биридир. Американинг минтақани Россиядан узоқлаштириш уринишлари олға силжиётган бўлса-да, Марказий Осиё давлатларининг сиёсий элитаси ва бошқарув аппаратининг салмоқли қисми ҳамон рус таъсири остида қолмоқда. Бундан ташқари, рус тили ҳамон асосий мулоқот воситаси бўлиб қолмоқда. Миграцион қарамлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳам бунга қўшимча омилдир. Тожикистон ва Қирғистонда эса энергетика соҳасидаги таъсир аста-секин сусайиб бормоқда.
Хитой эса иқтисодий ва инфратузилмавий таъсирини кучайтириб, савдодаги ўзаро қарамликни изчил ошириб бормоқда ҳамда кредит бериш кўламини кенгайтириб, транспорт ва энергетика тармоқларида олға қадам ташламоқда.
Демак, мустамлакачи давлатларнинг Марказий Осиё устидаги нуфуз талашиши келажакда бундан ҳам кучайиши кутилмоқда. Айниқса, ресурслар учун кураш шиддат билан кучайиб бораётган бир даврда Марказий Осиёнинг аҳамияти янада ортади. Шу боис, биз мусулмонлар минтақадаги стратегик жойларни ва ер ости бойликларимизни ушбу қудратли давлатларнинг ҳийла-найранглари учун майдон бўлиб қолишига имкон бермаслигимиз керак. Аксинча, Аллоҳнинг ҳукмига мувофиқ, кофирлар бизнинг устимиздан ҳукм юритишига йўл қўймаслик учун бирлашиб, мусулмонларнинг қалқони бўлган Халифалик давлатини тиклашга ҳаракат қилишимиз зарур.
Мумтоз Мавароуннаҳрий




