Genel

Юзини тўсиб юрган муслималарга солинадиган жаримани камайтириш таклиф қилинмоқда

Юзини тўсиб юрган муслималарга солинадиган жаримани камайтириш таклиф қилинмоқда

Қирғизистонда жамоат жойларда юзини тўсиб юрган муслималар учун белгиланган жарима миқдорини камайтириш ташаббуси илгари сурилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) муҳокамасига киритилди. Унга кўра, ҳозирги 20 минг сомлик жаримани 10 минг сомгача тушириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, чет эл фуқаролари биринчи марта қонунни бузган ҳолатда улар жаримага тортилмасдан, огоҳлантирилиши ҳам таклиф қилинмоқда. Агар улар бир йил ичида қонунни қайта бузган тақдирда, 10 минг сом миқдорида жаримага тортилади.

Ташаббускорлар бундай ўзгартиришларни Қирғизистонга юзни ёпиш диний ва маданий анъанага айланган мамлакатлардан сайёҳлар кўп келиши билан изоҳламоқда.

Шунингдек, улар 20 минг сомлик жарима фуқаролар учун оғир молиявий юк бўлишини таъкидламоқда. Мисол тариқасида 2025 йилнинг апрель ойида Ўш шаҳрида юзини яшириб юрган 300га яқин муслима аниқлангани келтирилган. Ўша пайтда уларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантиришлар берилган эди.

Изоҳ:

Ҳукумат томонидан аёлларнинг ниқоб кийишини тақиқлаш ҳаётда турли зиддиятларга дуч келмоқда. Юқоридаги хабар бу ҳақиқатни яққол тасдиқлаб турибди. Чунки мамлакатимиздаги айрим фуқароларимиз, шунингдек, баъзи чет эл фуқаролари ниқоб кийишни мажбурий деб билади. Қолаверса, ниқоб айниқса мамлакат жанубида қадимдан жамиятга сингиб, маданий урф-одатининг бир қисмига айланиб қолган. Шу боисдан ҳам ҳукумат ниқобга нисбатан жарима миқдорини камайтиришга мажбур бўлмоқда.

Ҳукумат мазкур қонунни “урф-одатимизда ниқоб йўқ”, “хавфсизликни таъминлаш зарур” деган баҳона билан қабул қилган эди. Бироқ ниқоб орқали хавфсизликка таҳдид солган бирорта ҳам жиноят қайд этилмади. Қолаверса, мамлакатдаги хавфсизликдан масъул замонавий технологиялар турли жиноятларнинг изини топиш имкониятига эга. Ҳатто Ички ишлар вазирлиги маълум қилганидек, хавфсизлик тизимига уланган видеокамералар тиббий ниқоб ва кўзойнак тақилган ҳолатларда ҳам инсон шахсини аниқлай олади. Шунинг учун ниқоб хавфсизликка хавф туғдиради деган гаплар қуруқ баҳонадан бошқа нарса эмас.

Демак, ниқобга қарши қонуннинг асл мақсади жамиятда Исломнинг ёйилишига ва диний қадриятларга қарши курашишдан иборатдир. Бунинг учун турли баҳоналар тўқилиб, чекловлар жорий этилмоқда. Айни пайтда ярим яланғоч юрганларга ҳеч қандай чеклов йўқ. Аксинча, бизнинг урф-одатларимиз ва маданиятимизга мутлақо тўғри келмаса ҳам, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи хонанда ва артистларнинг концертлари ташкил этилмоқда.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button