Янгиликлар

Ғарбнинг асл башараси

Ғарбнинг асл башараси

Дания парламенти 1960 йилларнинг бошидан то 1991 йилга қадар Гренландия оролида аҳолининг туғилиш даражасини сунъий равишда назорат қилиш мақсадида мажбурий тарзда ҳомиладорликка қарши воситалар қўлланилишидан жабр кўрган гренландиялик аёлларнинг ҳар бирига 300 минг крон (4673 минг доллар) миқдорида товон пули тўланишини маъқуллади. Бу ҳақда «Ritzau» ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Гренландиядан сайланган депутат Карсок Хёг-Дамнинг таъкидлашича, бу компенсация — «айсбергнинг фақатгина бир уч қисми холос». «Бу — биз амалга ошира оладиган энг оддий ишдир», – деди у.

1991 йилгача ўз розилигисиз мажбурий тарзда ҳомиладорликка қарши мосламалар қўйилган гренландиялик аёллар шу вақтга қадар етказилган маънавий ва жисмоний зарар учун ҳеч қандай компенсация олишмаган эди. Оролда туғилиш кўрсаткичларини камайтиришга қаратилган мазкур қора сиёсат 1960 йилларда бошланган эди.

Контрацепция воситалари вояга етмаган қизларга ҳамда туғруқ ёки бола олдириш жараёнидан кейин аёлларга – кўп ҳолларда уларнинг розилигисиз ёки бу ҳақда ўзларига билдирилмай – ўрнатиб қўйилган.

Мазкур ноинсоний муолажадан жабр кўрган 143 нафар аёл Дания ҳукумати устидан расман судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Улар талаб қилган умумий компенсация миқдори 43 миллион кронни (6,1 миллион доллар) ташкил этади.

Гренландияда содир бўлган бу воқеа тарихдаги ягона мисол эмас. Ер юзидаги барча халқларга нисбатан шунга ўхшаш адолатсиз ва шафқатсиз ҳолатлар бошқа жойларда ҳам кузатилган.

Масалан, АҚШда евгеника қонунлари ҳокимият томонидан насл қолдиришга «лойиқ эмас» деб топилган инсонларни мажбурий тарзда стерилизация қилишга (бачадон ёки насл қолдириш йўлларини кесиб олиб ташлашга) рухсат берган. ХХ асрда айниқса ногирон аёллар, афроамерикаликлар ҳамда лотин америкаликлар ана шундай аёвсиз қонунлар қурбонлари бўлган. АҚШда Иккинчи жаҳон уруши охирига қадар тахминан 60 минг киши мажбурий тарзда стерилизация қилинган.

Шунингдек, 1960–1970 йилларда АҚШдаги давлат тиббиёт муассасалари туб маҳаллий халқ аёлларини ҳам оммавий равишда стерилизация қилган ҳолатлар мавжуд. Айниқса ёш қизларга бу операция тиббий жиҳатдан ўта зарурлиги айтилиб, аслида эса уларнинг насл қолдириш имкониятидан бутунлай маҳрум қилингани маълум. Бу каби мудҳиш ҳолатлар кўпинча туб аҳоли сонини сунъий равишда чеклашга қаратилган кенг кўламли сиёсатнинг бир қисми сифатида баҳоланади.

Ўтган асрда Канадада ҳам туб аҳолига нисбатан худди шундай разолатлар амалга оширилган эди. Канада мажбурий стерилизация қилишнинг жуда узоқ тарихига эга. Ўтган асрда амалдаги қонунлар ва давлат сиёсати туб халқлар, метислар ҳамда инуитлар, шунингдек, қора танли жамоаларнинг кўпайишини чеклашга қаратилган эди. Бундан ташқари, қашшоқлик, ирқий мансублик ва ногиронлик каби заиф омиллар туфайли ҳам кўплаб одамлар ана шундай сиёсатдан жабр чеккан.

Бу каби очиқдан-очиқ ирқчиликка асосланган евгеника қонунлари кейинчалик бекор қилинганига қарамай, уларни юзага келтирган қабиҳ қарашлар Канада жамиятида ҳали ҳамон учраб туради. Мажбурий стерилизация қилиш ҳолатлари эса ҳатто бугунги кунда ҳам қайд этилмоқда.

2019 йилдан бошлаб Канада Сенатининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитаси мамлакатда инсонларни мажбурий равишда стерилизация қилиш кўлами ва характери бўйича илмий-тадқиқот ўтказди. Қўмита бу борада соҳа мутахассислари ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг фикрларини тинглаб, барча ишончли далилларни тўплади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Check Also
Close
Back to top button