Роя газетаси

БУЮК ҒОЯЛАР – ҚАТЪИЙ ПОЗИЦИЯЛАР ПОЙДЕВОРИДИР

БУЮК ҒОЯЛАР – ҚАТЪИЙ ПОЗИЦИЯЛАР ПОЙДЕВОРИДИР

Бугун сарсонлик ва умидсизлик гирдобида қолган ёшларни асло ожиз деб ўйламанг. Уларнинг асосий фожиаси — руҳиятни ҳаракатга келтирувчи, тўғри йўл кўрсатувчи соғлом ғоядан маҳрумлигидадир. Агар ёшларга ўз ақидасига илдиз отган ва бугунги воқеликка жавоб бера оладиган аниқ фикр тақдим этилса, улар жамият елкасидаги «юк»дан — ислоҳотларнинг қудратли «двигатели»га айланадилар. Аслида, «Бу воқелик қачон ўзгаради?» деган савол аллақачон ўз долзарблигини йўқотган. Бугунги куннинг бош саволи — «Биз қачон масъулиятни ўз зиммамизга оламиз?» бўлиши шарт. Нажот сари илк қадам эса воқеликнинг босимига тиз чўкмаслик ва уни «ягона ҳақиқат» деб қабул қилишдан воз кечишдир. Зеро, муаммо фақат тизимнинг чириганини англашда эмас, балки ушбу тизим ичидаги ўз мавқеимизни белгилашдадир: биз шу ботил муҳитда эриб битиб, унинг иллатларини қайта ишлаб чиқарувчи хом-ашёга айланамизми ёки Ҳақ мезони ила ундан юксалиб, борлиқни тубдан ўзгартирувчи куч бўламизми?

Ҳаётдаги устувор йўналишларни белгилаб бермайдиган ва қатъий позицияни шакллантирмайдиган онг — шунчаки «музлаган», жонсиз маълумотлар тўпламидир. Агар фикр воқеликка кўчиб, амалда ўз аксини топмас экан, унинг ҳеч қандай қиймати қолмайди. Зеро, буюк ғоялар китоб жавонларида чанг босиб ётиш учун эмас, балки қалбларда маёқ бўлиб ёниши ва амалий ҳаракатга айланиши учундир. Бундай ғояларнинг асл мақсади мавжуд муҳитга «кўникиш» эмас, балки уни тубдан ислоҳ қилиш ва ўзгартиришдир!

Шу сабабли, бугунги масъулият шунчаки «тушуниш» билан чекланмайди. Зеро, англаш — фақат йўлнинг дебочасидир. Инсон ўз онгидаги билимларни ҳаётбахш лойиҳага, хаёлий мушоҳадаларини эса амалий натижага айлантириши шарт. Шунчаки иллатларни санаш ёки оғишларни англаш кифоя қилмайди. Аниқ ғоя ва собит услуб (манҳаж) асосида ўзгаришлар жараёнининг фаол иштирокчиси бўлиш зарур. Тарих саҳифалари шуни исботлайдики, инсоният тақдирини ҳеч қачон тарқоқ шахслар ўзгартирмаган. Тарихни фақат бир улуғ ғоя атрофида жипслашган ва уни воқеликка айлантиргунга қадар собитқадамлик билан одимлаган онгли жамоаларгина янгилай олган.

Келинг, нажот сари илк қадамни мана шу нуқтадан бошлайлик: аввало, мавжуд ботил воқеликнинг онгимизга ҳукмронлик қилишига қатъий «йўқ» дейлик! Дунёқарашимизни имонимиз ва Ҳақ деб билган қадриятларимиз пойдевори устига қайта қурайлик. Сўнг, манзил қанчалик олис ва йўл қанчалик машаққатли туюлмасин, бу шарафли йўлда собитқадамлик билан юриш масъулиятини чин дилдан ўз зиммамизга олайлик!

Роя газетасининг 2026 йил 20 май, чоршанба кунги 600-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button