Жонга теккан қимматчилик

Жонга теккан қимматчилик
БМТнинг Озиқ-овқат дастури 2025 йилда Қирғизистондаги оилаларнинг даромадлари 10 фоизга камайганини билдирди. Тақдим этилган маълумотларга кўра ўртача даромад миқдори, айниқса, қиш ойларида кескин пасайиб кетган. Мутахассислар ўз саломатлигидан пул тежашга мажбур бўлаётган инсонлар сафи кенгайиб бораётганидан ташвиш билдиришмоқда. Бугунги кунда аҳолининг атиги 53 фоизи доимий иш ёки ўз чорвасига эга бўлса, меҳнат қилаётганларнинг 20 фоизида даромад анча қисқарган. Аҳолининг 15 фоизи тайинли ишга эга эмас ёки ўта паст даромад эвазига ишлаётган бўлса, 12 фоизи ташқи ёрдамга муҳтож ҳолатда.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов бундан аввал 16 ёшгача бўлган болалар ўртасида камбағаллик даражаси 33 фоизни ташкил этишини билдирган эди. Унинг таъкидлашича, ўтган йилнинг ўрталарига келиб, бу кўрсаткич 25,7 фоизни ташкил этган. Айниқса, кўп фарзандли оилалар орасида қашшоқлик даражаси ниҳоятда юқори, 950 мингдан ортиқ бола камбағаллик чегарасидан паст шароитда кун кечиради.
Бундан кўриниб турибдики, Қирғизистонда иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий тўловлар оширилганига қарамай, халқнинг қўлидаги маблағлар шиддат билан ортиб бораётган инфляцияни қувиб етолмаяпти. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижара ҳақи бир неча баробар ўсиб бораётган бир пайтда, маошларнинг кўтарилиши ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолган. Ўтган йил якунида расмий инфляция 9,2 фоизни ташкил этди. Ҳозирги вақтда ёқилғи нархининг қимматлашаётгани озиқ-овқат нархларига ҳам ўз таъсирини ўтказиши шубҳасиздир.
Шу билан бирга, мамлакатдаги 20 фоиз оилаларнинг даромади охирги 12 ой ичида, аксинча, кўпайган. Қирғизистонда бундан уч йил олдин аҳолининг энг бой қатлами камбағал оилаларга қараганда 5 баравар кўп даромад топган бўлса, ҳозирда бу тафовут 10 баравардан ошиб кетди.
Демак, масала фақат мамлакатнинг импорт товарларга қарамлигида эмас, балки бизга татбиқ қилинётган тузумдан келиб чиққан муаммоларга боғлиқдир. Зеро, амалдаги капиталистик тузумда давлат сармоядорлар учун кенг шароит яратиб, жамиятнинг асосий иқтисодий юкини солиқ кўринишида оддий халқ зиммасига юклайди. Коррупция ва таниш-билишчилик манфаатлари асосида бошқариладиган Қирғизистон каби давлатларда эса халқнинг елкасига янада оғирроқ юк тушади.
Бунинг акси ўлароқ, Ислом бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовутни камайтирувчи ўзига хос иқтисодий сиёсатга эгадир. Ислом бойликнинг фақат бир ҳовуч инсонларнинг қўлида тўпланиб қолишига йўл қўймайди, аксинча, закот тизими орқали бойликни жамиятнинг барча қатламлари орасида адолатли тақсимланишини кафолатлайди.
Закот — бу бойларнинг йиллик даромадидан муайян бир қисмини (2,5%) камбағал ва муҳтожларга ажратишидир. Ушбу механизм жамиятнинг энг заиф қатламини қўллаб-қувватлайди ва бойлик бир ҳовуч одамлар ўртасида айланишини олдини олади. Зеро, закот Қуръони Каримда зикр этилган 8 тоифадаги инсонларгагина берилади ва бундай тўғридан-тўғри ёрдам бериш ижтимоий тенгликка замин яратади. Аллоҳ Таоло айтади:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ ۖ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
«Албатта, садақалар (закотлар) фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кимсаларга, қулларни озод қилишга, қарздор кимсаларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга) ҳамда мусофирларга берилади. (Бу) Аллоҳ томонидан фарз қилинди. Аллоҳ билувчи, ҳикмат соҳибидир». (Тавба:60-оят).
Амалдаги солиқ сиёсати эса Исломдаги иқтисодий қарашларга тамоман зиддир. Бугунги солиқлар ҳеч қандай шаръий асосга, аниқроғи, закот ёки фитр садақаси каби мазмунга эга эмас. Зеро, Исломда ҳар бир қонун ақидадан, яъни оят ва ҳадислардан истинбот қилинади.
Мумтоз Мавароуннаҳрий




