Президентнинг глобал мурожаати ички сиёсий муаммоларни қандай ҳал қилади?

Президентнинг глобал мурожаати ички сиёсий муаммоларни қандай ҳал қилади?
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг умумий дебатларида сўзлаган нутқи кичик давлатларга хос бўлган анъанавий тинчликка чақириқ руҳидаги ёндашувни намоён этди. Жапаров Қирғизистоннинг глобал можароларда воситачи сифатида майдонга чиқишга тайёрлигини билдириб, низоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг ёрқин намунаси сифатида Марказий Осиёни кўрсатишга интилди. Бу геосиёсий вазни нисбатан чекланган мамлакат учун бир қарашда ҳаддан ташқари амбицияли бўлиб кўринади.
Бироқ ушбу нутқ чуқурроқ таҳлил қилинса, БМТ минбари Яқин Шарқ ёки Украинадаги жараёнларга бевосита таъсир кўрсатиш воситаси сифатида эмас, балки кўпроқ мамлакатнинг ички сиёсатига қаратилган муҳим сиёсий қурол сифатида хизмат қилаётгани ойдинлашади.
- Нега минтақавий форматлар эмас, айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти?
Бу ташаббуснинг КХШТ ёки ШҲТ сингари минтақавий ташкилотлар минбаридан эмас, балки БМТ минбаридан янграгани бежиз эмас. Чунки КХШТ ва ШҲТ форматлари хавфсизлик масалаларида фақат қуруқ баёнотлар билан чекланади ва амалда можароларни бартараф этишга ожизлик қилади.
Бугунги кунда БМТ деярли барча томонлардан танқид эшитаётган бир шароитда, унинг минбаридан туриб бундай мурожаат билан чиқиш нисбатан хавфсиз дипломатик қадам ҳисобланади. Бундай чақириқлар туфайли тўқнашувларни келтириб чиқараётган тажовузкорларга қарши фаол ва аниқ чоралар кўрилмайди.
Садир Жапаров ҳам ўз сўзида БМТ тизимидаги энг оғриқли муаммолардан бирига очиқ тўхталиб ўтди. У ташкилот қарорларининг тизимли равишда бажарилмаётгани ҳамда вето ҳуқуқининг қўлланилиши бутун бошли ташкилотнинг қонунийлигига путур етказаётганини алоҳида таъкидлади.
Аммо айни пайтда, мазкур минбар Қирғизистонни жаҳон сиёсатининг тўлақонли аъзоси ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ўз сўзи ҳамда қатъий позициясини белгилаш ҳуқуқига эга бўлган давлат сифатида намоён этиш имконини беради. Албатта, бундай баёнотларнинг ўзи дунёдаги бирор бир можаронинг ҳал бўлишига бевосита таъсир қилмайди. Бироқ бу сўзлар ҳам ташқи кузатувчилар, ҳам ички жамоатчилик кўз ўнгида давлатнинг халқаро мавқеини юксалтиришга хизмат қилади.
- Хизмат кўрсатиш таклифи ва «мустақиллик картаси»
Воситачи бўлишга тайёрлигини билдириш бир томондан нозик дипломатик маневр бўлса, иккинчи томондан асосий геосиёсий ўйинчиларга, аниқроғи Россия, Хитой ва Ғарбга қаратилган «хизмат кўрсатишга тайёрмиз» деган ўзига хос «таклиф»дир. Жаҳон миқёсидаги қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бир пайтда Бишкек прагматик ва кўп векторли сиёсат юритаётганини кўрсатиб қўйишга уринмоқда.
Мустақиллик ва тинчлик картасини ўйнаш орқали мамлакат раҳбарияти ўзини мослашувчан, ишончли ва фойдали ҳамкор сифатида кўрсатишга интилмоқда. Бу босқинчилик сиёсатини олиб бораётган йирик давлатлар учун музокараларни давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатлар асосида савдолашишга тайёрлик ишорасидир.
Бошқача айтганда, Қирғизистон қайсидир давлат чизиб берган чизиқдангина юрмай, балки ўзининг мустақил ва мувозанатли ташқи сиёсатини олиб бораётганини исботлашга ҳаракат қилмоқда.
- Ички ҳокимиятни мустаҳкамлаш
Шундай бўлса-да, бу каби баёнотларнинг асосий таъсири ташқи сиёсатга эмас, балки ички сиёсий кун тартибига йўналтирилган. Сайловлар яқинлашиб, сиёсий вазият кескинлашиб бораётган бир пайтда ҳукумат учун жамоатчилик кўз ўнгида ўз сиёсий қиёфасини мустаҳкамлайдиган таъсирли қадамлар сув ва ҳаводек зарур. Айнан шу сабабли глобал миқёсдаги давлат арбоби образи яратилмоқда.
Жапаровнинг БМТ минбаридан туриб дунё келажаги, гуманитар инқирозлар ва халқаро хавфсизлик ҳақида сўз юритган видеокадрлари мамлакат раҳбарининг глобал миқёсдаги лидер сифатидаги қиёфасини шакллантиришга ҳамда унинг сайлов олдидаги сиёсий обрўсини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ташқи сиёсатдаги кенг кўламли кун тартиби жамоатчилик эътиборини маҳаллий ижтимоий-иқтисодий муаммолардан ва ички сиёсатдаги баҳсли масалалардан бошқа томонга буриб, ички қийинчиликларни сояда қолдиради.
Марказий Осиёни барқарорлик ороли, сифатида кўрсатиш, Қирғизистонни эса тинчлик намунаси сифатида таништириш миллий ғурур туйғусини кучайтириб, ҳукуматнинг қонунийлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу каби нутқлар фуқароларга давлатнинг ташқи ва ички йўналиши барқарор, ишончли ҳамда самарали эканини кўрсатишга қаратилган бўлиб, маълум маънода жамиятни жипслаштиради.
Хулоса
БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан янграган сўзлар мамлакат чегараларидан минглаб чақирим узоқликда давом этаётган урушларни тўхтатишга бевосита таъсир кўрсата олмайди. Бу сўзлар давлат ичидаги сиёсий муаммоларни ҳал этишга қаратилгани аниқ.
Қирғизистон президенти БМТ минбаридан стратегик қадам ташлаш воситаси сифатида фойдаланиб, глобал бўлмаган майда прагматик вазифаларни ҳал этишга уринмоқда. Тўғрироғи, президент ўз сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш, ташқи сиёсий музокараларда Қирғизистоннинг позициясини кучайтириш ва сайлов арафасида ҳокимиятнинг ички бирлигини таъминлаш ҳаракатларини тезлаштирмоқда.
БМТнинг ўзига келсак, бугунги кунда мазкур ташкилот сиёсий жасадга ва қарор қабул қилиш имконияти чекланган ташкилота айланиб қолди. Хавфсизлик Кенгашининг иши вето ҳуқуқи орқали тўсиб қўйилган, халқаро ҳуқуқ нормалари эса кучли капиталистик давлатлар томонидан ўз манфаатларига мослаб талқин қилинмоқда.
Яқин Шарқ, Украина ёки Суданда ўз уйида бомбардимон остида қолаётган инсонлар назарида БМТ ошкора мазах сифатида қабул қилинади. Ташкилот урушларнинг олдини ола олмайди, ёки заифларни ҳимоя қила олмайди — у шунчаки одамларни алдаш учун қуруқ хавотирлар билдириладиган минбарга айланиб қолган.
Қуролли можаролар ва иккиюзламачиликлар туфайли миллионлаб одамлар қурбон бўлаётган бир пайтда Қирғизистон каби кичик давлатлар бу ожиз ташкилот минбаридан ўз сиёсий обрўсини мустаҳкамлаш учунгина фойдаланиб келмоқда.
Агар АҚШ ва Ғарбнинг БМТга кўрсатаётган мадади иккиюзламачилик орасида сўниб йўқ бўлиб кетадиган бўлса, унда БМТнинг номидан бошқа ҳеч нарса қолмайди.
Латифул Расих




