Хабар ва изоҳ

Россия Уиткофф ва Кушнерни илиқ кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда

Россия Уиткофф ва Кушнерни илиқ кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда

Хабар:

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳозирги вақтда Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга оид бирор-бир аломат кўринмаётганини таъкидлар экан, Россиянинг ҳарбий амалиёти давом этаётганини ва Уиткофф ҳамда Кушнернинг ташрифи санаси ҳали аниқ бўлмаганлигини тасдиқлади. У матбуот анжуманида Украинанинг позицияси ҳозирда тинчликка эришиш борасида оптимистик кайфият уйғотадиган ҳеч қандай ижобий сигнал бермаётганини билдирди. Шунингдек, у фронтлардаги вазият динамикаси ҳаммага аён эканини ва Россиянинг ҳарбий амалиёти изчил давом этаётганини қўшимча қилди.

Шу муносабат билан Песков америкалик вакиллар Уиткофф ва Кушнерни Москвада доимо илиқ кутиб олинадиган қадрдон меҳмонлар деб атаб, улар россиялик ҳамкасблари ҳамда шахсан президент Путин учун ҳам маъқул бўлган музокара иштирокчилари эканини қайд этди. Песков уларнинг Россияга сафари учун ҳозирча аниқ кунлар белгиланмаганини айтиб ўтди. Москвадан олинган маълумотларга кўра, америкалик музокарачилар Америка ташқи сиёсати доирасидаги бошқа муҳим масалалар юзасидан ҳам фаол иш олиб бормоқда.

Шарҳ: Москва америкалик музокарачилар Уиткофф ва Кушнерни илиқ кутиб олишни ният қилмоқда. Ваҳоланки, бундан икки ойдан кўпроқ вақт муқаддам Россия ва Украина ўртасидаги можарода воситачилик қилиш истагини билдирган европалик вакилни бундай илиқлик билан кутиб олмаган эди.

Хўш, россиялик сиёсатчилар ва раҳбарлар бу урушни келтириб чиқарган Европа эмас, Америка эканини билишмайдими? Европа бу урушнинг асосий қурбони эканини англашмайдими?

Албатта, Россия буларнинг барчасини жуда яхши билади ва Европа ўз тарихидаги энг оғир даврни бошидан кечираётганидан ҳам хабардор. Ҳатто Европа ўзини ҳар томондан ўраб олган катта оловлар ҳалқаси ичида қолди. Шарқий томонида олов аланга олиши ортидан уни ўчиришга ожиз бўлиб қолди. Оқибатда унинг иқтисоди ва саноати издан чиқди. Россиядан импорт қилинадиган арзон нефть, газ ва саноат хомашёлари даври аллақачон ортда қолди. Эндиликда унинг саноати хавф остида қолиб, келажагини эса қора булут қопламоқда.

Европанинг стратегик шериги бўлган Америка ўз иттифоқчисига қарши яширин ўйинлар уюштириб, уни Америка ҳисобидан хавфсиз ва фаровон яшаган эски йиллари билан видолашишга мажбур қилмоқда. Энди у ўз хавфсизлигининг баҳосини ўзи тўлаб, ўзига яраша ҳарбий арсенал вужудга келтириши лозим. Бироқ бу арзон нархдаги рус энергия ресурсларидан маҳрум этилгани сабабли чуқур инқирозлардан азият чекаётган Европанинг лақиллаб турган иқтисодиёти учун оғир юк бўлиб тушади.

Шундай экан, Россия ўзининг асосий душмани Америка эканини ва айнан у Европанинг қоқ ўртасида уруш оловини ёқиб, сўнг музокаралар столи орқали бундан манфаат кўра бошлаганини яхши тушунмайдими? Бу ҳам етмагандек, Россия америкалик музокарачиларнинг ташрифи расман эълон қилинмай туриб, уларни очиқ чеҳра ва илиқлик билан кутиб олишга шай эканини билдирмоқда.

Аслида Россия ўз рақибини ўзи хоҳлаган нарсага мажбур қилиши – гарчи бу муаммонинг ечими унинг бўлса ҳам – унга асло тилёғламачилик қилмаслиги керак эди. Чунки тарих бош эгиш ва душман манфаатларига хизмат қилиш билан эмас, балки мардлик, мағрур позициялар ҳамда таваккул билан битилади. Бироқ улар бу ҳақиқатни англаб етишдан жуда узоқдалар!

Доктор Муҳаммад Сулаймон

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button